Линклар

Ибраев: Салоҳиддиновнинг қирғинга алоқадорлигига далил йўқ


Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Байтемир Ибраев ўзбек лидерларидан бири Жалолиддин Салоҳиддиновдан пора олгани ҳақидаги иддаоларни рад этади.

Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Байтемир Ибраев ўзбек лидерларидан бири Жалолиддин Салоҳиддиновдан пора олгани ҳақидаги иддаоларни рад этади.

Қирғизистон собиқ бош прокурори Ибраев ўшлик ўзбек лидерларидан бири Салоҳиддиновнинг Ўш қирғинида айбдорлигини шубҳа остига қўювчи баёнот берди.

Собиқ бош прокурор Байтемир Ибраев бу баёнотни уни Жалолиддин Салоҳиддиновдан пора олганликда айблаётган айрим қирғиз депутатларининг иддаоларига раддия ўлароқ айтди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ўтган ҳафтада тарқатган маълумотда айтилишича, Қирғизистон ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддинов 2010 йилнинг 24 июлида “Бишкек-Тошкент” йўналиши бўйича учувчи самолётдан туширилиб, ҳибс қилинган. Шундан сўнг у Миллий хавфсизлик хизматининг Ўш вилоят бўлимида тергов қилина бошлаган. Бироқ 2010 йилнинг 26 июлида Салоҳиддиновни Қирғизистон Бош прокуратурасига чақиртириб олишган.

Миллий хафсизлик хизмати маълумотида айтилишича, 26 июл куни Бош прокурор Байтемир Ибраев ва унинг ўринбосари Виктор Иванов Жалолиддин Салоҳиддинов билан эрталабдан кечгача алоҳида хонада суҳбат қуришган. Шундан кейин Салоҳиддинов ҳибсдан озод қилиниб, хорижга чиқиб кетган.

Миллий хавфсизлик хизматининг бу маълумоти Қирғизистон парламентида қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Депутатлар “Салоҳиддинов нима учун қамоққа олиндию, кейин нима учун қўйиб юборилди? Унинг Ўш воқеаси ташкилотчиси сифатидаги фаолияти қандай бўлган?” каби саволларига ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан қониқарли жавоб ола билмадилар.

Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Бош прокурори Байтемир Ибраев эса Салоҳиддиновнинг Ўш қирғини ташкилотчиси бўлгани тўғрисидаги иддаоларни шубҳага қўйган баёнотни берди:

- Менга ҳеч ким: “Салоҳиддиновни бўшатинглар, уни қамаманглар” деб ҳеч ким кўрсатма берган эмас. Ҳамма нарса қонун доирасида ҳал этилиши лозим. Масалан, бугунги кунда парламентда ўтирган ўнлаб депутатларга жиноят ишлари очилган. Уларни ҳам чегарада қўлга олиб, жиноят ишлари очилиб, кейин ҳибсдан чиқарилган. Нега энди депутатлар бу ҳақда гапиришмаяпти? Ростини айтсам, Салоҳиддиновнинг Ўш қирғинига алоқадорлиги ҳақида асосли далиллар йўқ эди, шунинг учун у ҳибсдан озод қилинган, - деди собиқ Бош прокурор Байтемир Ибраев.

Унинг айтишича, ўша пайтда Жалолиддин Салоҳитдиновнинг уйи тинтилиб, у ердан қурол ва ўқ-дори топилгани юзасидан жиноят иши очилган эди. Бироқ бу тинтув гувоҳлар иштирокисиз ҳамда уй эгалари ўз уйида бўлмаган вақтда амалга оширилган ва бу ҳолат шубҳалидир.

Аммо Қирғизистон парламенти депутатлари терговда айблари исботланмагани айтилаётган ва суд ҳукми билан айбдор деб топилмаган Жалолиддин Салоҳиддиновни Ўш қирғинининг асосий айбдорларидан бири сифатида талқин этишади. Қирғизистон парламенти депутати Тўқўн Мамитовнинг айтишича, Бош прокуратура Салоҳиддиновни асоссиз равишда қамоқдан озод қилган.

- Байтемир Ибраев Салоҳиддиновни ўз хузурига чақиртиради. Кейин у ўринбосари Иванов билан Салоҳиддиновни ўртага олиб, кечгача суҳбатлашади. Кечқурун Бош прокурор Салоҳиддиновни олиб келган Миллий хавфсизлик хизмати зобитларига Салоҳиддиновнинг озод қилинганини айтади, - дейди Тўқўн Мамитов.

Парламент депутатлари Бош прокуратура Жалолиддин Салоҳиддиновни пора эвазига ҳибсдан озод қилган, деган фикрда собитлар. Айрим парламент депутатлари эса “Жалолиддин Салоҳиддинов ўзининг озод этилиши учун 500 минг доллар миқдорида пора берган” деган иддаони ҳам очиқ-ойдин айтмоқдалар.

Бироқ собиқ Бош прокурор фикрича, парламент депутатларининг бу иддаолари далиллар билан исботланмаган қуруқ сўздан бошқа нарса эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG