Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:03

Каримов бобомиз бўлсаю ҳокимлар бизни эзишга нима ҳаққи бор?!


Ургутлик 75 ёшли отахон Розиқ бобо Каримов бобо чиқишларини эшитганларида тўлқинланиб кетишини айтади.
Ургутлик 75 ёшли отахон Розиқ бобо Каримов бобо чиқишларини эшитганларида тўлқинланиб кетишини айтади.

"Эркин микрофон"нинг бугунги суҳбатдошлари маҳаллий ҳокимларнинг фуқаролар йиғинлари раисларини сайлашдаги ўзбошимчалигию халқ деҳқончилик қилиб келган ерлани тортиб олишдаги зўравонлиги ҳақида гапиришди.


“Ҳокимнинг номзоди ўтмади”
дейди Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Чияли жамоа хўжалигидаги Сўли маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловлар ҳақида, шу маҳалла фуқароси Ниёзмурод Тошпўлатов. Тингловчига кўра, маҳалла аҳли ҳоким кўрсатган номзодни рад қилган ва сайлов бошқа кунга қолдирилган.

- Ноқонуний сайлов бўлаяпти бизда. Маҳалла фуқаролар йиғини раисини сайлаш.

Озодлик: Нимаси ноқонуний?

- Масалан эски маҳалла фуқролар йиғини раиси мажбурий одамларни йиғиб ҳозир ўтказиб сайловга овозга қўяяптида. Лекин бу йил халқ уни хоҳламаяпти. Ўзига тобеъ одамларни йиғиб, ўзининг ўғлини сайлаттирмоқчи. Жўрақулов деган бир домла. Ҳоким ҳам шу томонда. Бизларнинг гапларни хоҳласа қўйиб, хоҳламаса қўймайди. Яқинда ишчи гуруҳини сайлаш жуда оғир масала бўлди. Бир ҳафта олдин ҳоким келиб, сайлов ўтказиб эски маҳалла раисини сайламоқчи бўлди. Лекин у ерда жанжал, тўполон бўлиб сайлов тарқаб кетди. Халқнинг додини ҳеч ким сўрамайди.

Озодлик: Аввалги раиси нимаси билан сизларни қаноатлантирмайди?

- У одам ноқонуний ишлайди. Масалан машинаси борга ëрдам пули ëзади, нафақа пули ëзади. Камбағал, бева-бечораларга ҳеч қандай ëрдам берилмайди. Шу томондан халқ норози бундан.

Озодлик: Сизларнинг ўз номзодларингиз ҳам бормиди?

- Номзодимиз бор. Ҳозиргача унинг номзоди тасдиқлангани йўқ. Овозга ҳам қўймайди, тасдиқлагани ҳам йўқ, дейди суҳбатдошимиз Ниёзмурод Тошпўлатов.


“Сайлов эмас, “тайинлов” бўлди”
дейди Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан қўнғироқ қилган тингловчи ҳам адолатсиз сайловлар ҳақида гапирар экан.

- Кеча Озодликни эшитиб туриб, Фарғонадан биттаси чиқаяпти бу “сайловлар адолатли бўлди”, деган гапларни гапирдида. Бизда ўзимизда сайлов бўлиб ўтди яқинда. Маҳалламизда тахминан 1000 хўжаликка яқини бор. Сайловчиларнинг ўзи 2000-3000 кишини ташкил қилиб қолади. Ўшандан где-то 20 та одам бориб сайлаб келаяпти. Қаерда сайлагани номаълум. Бешта номзод қўйилган эди маҳалланинг раисилигига. Ўша бешта номзоддан ҳоким сайловдан олдин, туман ҳокими сайлов олдидан номзодларни кўриб чиқиб номзодларнинг тўрттасини олиб ташлаяпти. Битта одам қолдираяпти. Хоҳлайсизми, хоҳламайсизми ўшани сайлайсиз энди. Адолат шуми энди? Ҳақиқат шуми? Керак бўлса, сайловчилар кимни сайлаганини билмай қолаяпти. Ҳеч қандай адолатли бўлаëтгани йўқ сайлов.

Масалан, Баҳриддин Бойназаров, деган бир йигит номзодини қўйган эди. Маҳалламизда ўрни бор йигит эди. Ҳаммани танийдиган, ҳамма билан ширин муомала қиладиган. У одамнинг номзодини олиб ташлади. Сабаби у одам ëзувчи. Ҳақиқатни талаб қилади. Бу биринчиси. Иккинчиси, камбағал одам. Мана шуда. Шуни ҳақиқатан, деб фарғоналик ака айтганига сал бошқачароқ таъсир қилдида. Ҳозир раисликка сайланган одам пенсияга чиққунча умуман маҳаллада яшагани билан қаердадир ишлаб келган. Умуман маҳаллада ҳеч кимни танимайди ҳам биринчидан. Иккинчидан, маҳаллани бошқариш учун маҳалланинг аҳволини биладиган одам керакда. Элга аралашиб юрган одам керакда. Бу одам маҳалладаги 95 фоиз одамни танимайди.

Озодлик: Бу энди сайлов эмас, "тайинлов" бўлаяпти эканда-а?

- Тайинлов бўлаяптида конечно. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Бешта номзод қўйилсаю номзодларни ҳоким олиб ташласа сайловгача. Бу нима деган гап? Қандай аҳволда бўлишидан қатъий назар сайловга бориши керак бу одам ютқазса ҳам, ютса ҳам. Сайловгача номзодларни олиб ташлаяпти. Ҳоким ўзига керагини қолдираяпти, дейди яккабоғлик суҳбатдошимиз.


“Ҳокимга яқин бўлсанг, сенга ит ҳам тегмайди”
дейди Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидан қўнғироқ қилган тингловчи Қаҳрамон ака. Суҳбатдош, пахта ва буғдой етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларида ерлардан унумли фойдаланиш ҳақидаги президент фармони қонунга асосан эмас, балки ҳокимларнинг хоҳишига қараб ижро этилаётгани ҳақида куюнади.

- Бизда оддий одамлар, оддийроқ, ҳокимнинг атрофида чопиб юрмаган одам бўлса, 4-5 гектар ер эккан бўлса, милиция билан олиб келиб, таъқиб қилиб ерини ҳайдаб ташлади. Пишиб турган тарвузлар борми, ерëнғоқ борми ҳайдаб ташлади. Лекин ҳокимнинг атрофида лаганбардорлик қилиб, айланиб юриб катта-катта гектарда экиб юрган фермер хўжаликлари ҳеч нарса, ҳатто уларнинг жойларини бориб кўрмаяптида. Кўрса ҳам кўрмасликка олиб кетаяпти. Қўшнику. Масалан битта зовурнинг нариги бетида бўлса кўриб турибди, лекин индамайди.

Озодлик: Сув сойга оқар, бой бойга боқар.

- Ҳа, сув сойга оқаяпти, бой бойга боқаяпти. Қумқўрғонда менинг қайноғам яшайди. Қайноғамнинг ерини, 3 гектар ерга эккан экан энди шу, шуни ҳайдаган. Ëнида Сурхон гавҳари деган 600 гектар ери бор фермер бор экан. У ҳамма жойига эккан. Уни кўрсангиз, ëқангизни ушлайсиз ерëнғоқлари селпиллаб турганини. Ҳаммага бирдай бўлса деган фикр борда. Лекин ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Прокурор ҳам билади уни. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам билади, вилоятнинг кадастри ҳам ҳатто келиб кўриб кетган экан. Оддий фуқароларнинг четга чиқиб кетишда мана шу ери ҳайдалган, ери ноҳақ ҳайдалган йигитлар энди охирги молини сотиб Россияга томон термулаяпти. У ерда иш борми йўқми қизиғи йўқ. Кетиш керак. Ўзбек халқини коррупция тамом қилаяптику бу. Давлатнинг тузумига зарб кетаяпти, дейди Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидан қўнғироқ қилган тингловчи Қаҳрамон ака.


“Ҳоким халқнинг оғзидаги сўнгги нонини ҳам олиб қўйди”
дейди Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан қўнғироқ қилган 75 ёшли отахон Розиқ Полвонов.

- Мен Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Андак маҳалласида туғилиб ўсганман. Ëшим 75да. Полвонов Розиқ бобо бўламан. Биз 55 гектар лалми ердан боғ барпо қилган эдик. Халқ сув ташиб узум қилаяпти шу ëққа. Мана шуни бизларнинг Ургут туман ҳокими Оқбўтаев ким ошди савдосига қўйиб сотган. Аммо бизларнинг маҳаллага келиб “Сизлар қандай яшаяпсизлар? Муаммоларинг борми йўқми? Мана шу ерларингни мен аукционга қўяяпман” деб умуман бундай гап кўрмадик. 3500 аҳоли. Катта маҳалла бу. Охирги гектаргача сотди. 3500 аҳоли нима билан яшайди? Ота-бобомиз ердан деҳқончилик қилиб келган. Биз ҳам қаригунча ерда меҳнат қилиб, давлат ҳаққини вақтида тўлаб кун кўриб келдик. Ана шу бир бурдадан еб турган нонни бизларнинг оғзимиздан тортиб олиб бошқаларга, пулдорларга беришга Каримов бобо ҳеч қачон қарор чиқарганлари йўқку. Ҳар бир чиққан вақтларида одам эшитиб тўлқинланиб кетади Каримов бобога. Шунақа президентимиз бўлса, шунақа давлатимиз бўлса, шунақа нурли осмонимиз бўлса, бизларни бунақа ҳокимлар эзишга нима ҳаққи бор, дейди ургутлик суҳбатдошимиз Розиқ бобо.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG