Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Бадахшонидаги сайёҳлик ширкатлари ҳукуматдан Сарез кўлини сайёҳлар учун очишни сўрамоқда.

Бундан бир аср аввал ер силкиниши оқибатида Помир тоғларида пайдо бўлган Сарез ўтган асрнинг 90-йилларда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун очиқ бўлган.

Тожикистон мустақилликка эришганидан кейин Сарез мамлакатнинг стратегик иншоотлари қаторига киритилди.

Ҳозирда илмий изланишлар ва тадқиқотлар ўтказиши лозим бўлган маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда тадқиқотчилар Сарезга фақат Тожикистон фавқулотда ҳолатлар ва Миллий хавфсизлик қўмиталари махсус рухсатномаси асосидагина киришлари мумкин.

Бироқ Бадахшон вилоятидаги “Сарез” сайёҳлик ширкати раиси Нурмуҳаммад Розиқ бугунги кунда бундай расмиятчиликка ўрин йўқлигига ишонади.

- Чунки 2007 йилнинг июнида Душанбеда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Сарез устидан олиб борилган етти йиллик тадқиқот натижалари эълон қилиниб, Сарезнинг хавфсизлиги ва Сарез тўғони мустаҳкам экани таъкидланганди. Яъни шу кунгача Сарезнинг бир кун келиб ёрилиб, ҳаммаёқни ювиб кетиши ҳақидаги тахминлар асоссизлиги олимлар томонидан илмий исботлаб берилди. Ўша тадбирда тадқиқотчилар комиссияси бу кўлдан миллий манфаатлар йўлида фойдаланиш лозимлигини хулосалаб берганди, - дейди “Сарез” сайёҳлик ширкат раиси Нурмуҳаммад Розиқ.

Эслатиб ўтсак, 1911 йилнинг феврал ойида Помирнинг марказий қисмида (Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида -таҳр.) кучли зилзила содир бўлиб, оқибатда Мурғоб дарёси водийсида катта кўчки тушган. Ўшанда кўчки Усой қишлоғини босиб қолган, қишлоқ аҳолиси эса ҳалок бўлган. Кўчки тушиши Мурғоб дарёси водийсини тўсиб, катта кўл барпо бўлишига сабаб бўлган ва бу кўл сувлари Сарез қишлоғини кўмиб юборган. Шунинг учун бу кўлга “Сарез” деб ном берилган.

Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Тожикистонда уч минг метр баландликда жойлашган Сарез кўли муаммоси Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидан бўлган олимларни ташвишлантириб келмоқда.

Олимларга кўра, агар 1911 йилдаги сингари зилзила такрорлангудек бўлса, табиий тўғон емирилиб кетиши ва натижада Марказий Осиё ўта жиддий фалокат остида қолиши мумкин.
Олимлар Сарез кўли ёриб чиқса ва тўлқин баландлиги 120 метрга етадиган бўлса, минтақа давлатларидан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ярми сув остида қолишидан бонг урадилар.

Мабодо Тожикистон ҳукумати Сарезни сайёҳларга очиб берса, бундан минтақа давлатлари учун хавф туғилмайдими? Сайёҳлар орасида кўлнинг ёрилиб кетишини тезлаштирадиган террорчилар йўқлигини кафолатлаш мумкинми? “Сарез” ширкати расмийси Розиқ жанобларига шу савол билан мурожат қилдик.

- Бу ҳақда гапириш мен учун кулгили. Чунки Сарезнинг массаси тўрт миллиард куб метрни ташкил қилади. Бундай массани ҳатто 70 000 килограмм тротил қуввати билан портлатиш мумкинмаслигини олимларнинг ўзлари илмий жиҳатлари билан исботлаган, буни мен ўйлаб чиқарганим йўқ. Лекин шунча тротилни қайси турист ўша тепаликка олиб чиқади? Қолаверса, ҳар бир сайёҳ назоратдан ўтказилади, - дея жавоб берди “Сарез” сайёҳлик ширкат раиси Нурмуҳаммад Розиқ.
Анатолий Ишчук кўп йиллардан буён Сарезни атрофлича ўрганиб келаётган тожикистонлик тадқиқотчи. Унингча, Сарез кўлига тўсиқ олиб ташланиши Тожикистонга ҳам, минтақа давлатларига ҳам бирор хавф туғдирмайди.

- Менимча, Сарез дунё сайёҳлари учун тўсиқсиз бир макон бўлиши керак. Бу бир томондан иқтисодиётимиз учун катта фойда келтирса, бошқа томондан Сарез ҳақида дунё матбуотида гапирилаётган бемаъни ваҳималарга нуқта қўяди. Одамлар Сарезнинг минтақа учун хавфсизлигини ўз кўзи билан кўради, - дейди тожикистонлик тадқиқотчи Анатолий Ишчук.

Бироқ тожикистонлик геолог Неъмат Ражабов бу фикрларга қўшилмаслигини айтади.

- Чунки Сарез шарқий томондан мустаҳкам бўлгани билан, шимолий томондан заифлигини тадқиқотлар натижалари кўрсатган. Шуни назарга олган ҳолда, Сарезга таҳдидлар ҳамиша сақланиб қолади. Менимча, кўлнинг сайёҳлик масканларига айлантирилишига ҳали эрта, - дейди тожикистонлик геолог Неъмат Ражабов.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси расмийси Дўстмурод Забиров ҳам яқин йиллар ичида Сарезга тўсиқлар сақланиб қолади, деган фикрда.

- Кўлнинг сайёҳлар учун очиб қўйилишига ҳақиқатдан ҳали эрта. Аксинча, дунё бир қатор давлатларида юзага келган сиёсий вазият ҳамда Ер юзида террорчилик хавфининг кучайиши ортидан Тожикистондаги стратегик иншоотлар, жумладан, Сарезга назорат кучайтирилган, - дер экан Тожикистон фавқулодда ҳолатлар қўмитаси расмийси Дўстмурод Забиров ўз ҳукумати тадқиқот комиссиясининг Сарезнинг тоза сув таъминотига оид лойиҳасини қабул қилганини қўшимча қилди.

Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси расмийси Забиров жанобларининг сўнгги гапларига аниқлик киритиш учун бир маълумот устида тўхташни лозим топдик.

Тожикистон ҳукумати Сарез улкан сув омбори сувининг тўғонни ёриб чиқишини олдини олиш мақсадида 17 куб километр тоза сувини сув таъминоти учун ишлатиш борасида бош қотираётир.

Ҳозирча айрим норасмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳукумати бу юзасидан Эрон ширкатларидан биридан тушган таклифни кўриб чиқмоқда экан.

Соҳа мутахассисларининг гапига ишонадиган бўлсак, бу лойиҳа Марказий Осиёдаги 25 миллион одамни сув билан таъминлаш мумкин.

- Ундан ташқари, - дейди тожикистонлик олим Собит Неъматуллоев, - бу Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сув можаросига ҳам сўнгги нуқтани қўяди.

Тожикистонлик олим Неъматуллоевнинг айтишича, Сарезгача бўлган бир неча километрлик қувур ётқизиш ва бундан келадиган улкан даромад эронлик мутахассислар томонидан ҳисоблаб чиқилган.
XS
SM
MD
LG