Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:45

Россияда яна бир миллатчи ташкилот тақиқланди


Кузатувчилар фикрича, Кремл сиёсати маҳсули бўлган миллатчи ҳаракатларни йўқ қилиш мушкул масаладир.
Кузатувчилар фикрича, Кремл сиёсати маҳсули бўлган миллатчи ҳаракатларни йўқ қилиш мушкул масаладир.

Владимир вилоят суди “Рус Умуммиллий Иттифоқи” (РОНС) ташкилоти фаолиятини таъқилаш ҳақида қарор чиқарди. Кузатувчилар Россияда кейинги пайтларда фаолияти таъқиқланаётган рус миллатчилари ташкилотларининг сиёсий жипслашуви кузатилаётганидан огоҳлантирмоқда.


Владимир вилоят суди Россиянинг деярли барча ҳудудларида ўз минтақавий бўлинмаларига эга бўлган “Рус Умуммиллий Иттифоқи”ни экстремистик уюшма, деб эътироф этди.

Владимир вилояти Бош прокурори Владимир Чеботарёв март ойида РОНС минтақавий бирлашмаси фаолиятини вақтинча тўхтатиб, миллатчилар ташкилотини бутунлай таъқиқлаш аризасини судга киритган эди.

Орадан уч ой ўтгач, суд ҳукм чиқарди. Россия Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, РОНС фаолиятининг таъқиқланишига ташкилот миллатчилик ва ўзга маданиятга тоқатсизлик руҳидаги адабиётлар тарқатгани ҳамда ҳуқуқ тартибот органларига қарши қаратилган ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Шунингдек, бу ташкилот аъзоларидан бири Сергей Хлупин Владимир шаҳридаги православ черкови ҳамда таниқли қўшиқчи Борис Моисеев концертининг ташкилотчиларига таҳдид қилгани учун қамалгани вилоят суди чиқарган қарорга жиддий таъсир қилгани айтилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган “Рус Умуммиллий Иттифоқи” Ижроия қўмитаси аъзоси Ольга Артёмова РОНС ноқонуний равишда таъқиқланди ва бундай қарорнинг чиқарилишига "юқоридан" буйруқ бўлган, деган фикрда.

- Бу қарор нафақат ноқонунийдир, бу иш умуман Владимир вилояти суди томонидан кўриб чиқилмаслиги лозим эди, чунки ташкилот умумроссия мақомига эга. Бу ишни Россия миқёсидаги маҳкама кўриб чиқиши лозим эди. Биз 1989 йилда рўйхатга олинганимиз тўғрисида хужжатлдаримиз бор. Владимир судининг қарорида мутлақо мантиқ қидирманг, чунки бу “юқорининг” буйруғидир. Биз яқинда Москвада бўлиб ўтган гей-параддаги бесоқолбозларга қаршилик кўрсатган саноқли ташкилотлардан бири бўлдик,- дейди “Рус Умуммиллий Иттифоқ” етакчиларидан бири.

Ольга Артёмова РОНС ташкилотининг лидери, Владимир шаҳар думаси депутати Игорь Артёмовнинг синглиси эканини қайд этиш жоиз. Эндиликда таъқиқланган миллатчилар ташкилоти аъзоси Ольга Артёмованинг сўзларига кўра, “Рус Умуммиллий Иттифоқи” Москвада жойлашган марказий қўмитасидан ташқари Россиянинг 34та минтақасида ўз бўлинмаларига эга.

“Рус Умуммиллий Иттифоқ” ташкилоти 90-чи йиллар бошларидан фаолият кўрсатиб келмоқда ва 2001 йилда сиёсий партия сифатида рўйхатдан ўтиш учун топширган аризаси Россия Адлия вазирлиги томонидан рад этилган.

Ольга Артёмова уюшманинг асосий мақсади рус миллати манфаатларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний муҳожирларга қарши курашишда, деб билишини айтади.

- Эсингизда бўлса, кавказлик ва ўрта-осиёлик аёлларнинг коллектив хатлари чоп этилган эди. Улар эрлари Россияга кетиб, уларни эсдан чиқариб юбораётганликлари, тубанлашиб кетаётганликлари ҳамда мамлакат иқтисодиёти жиддий зарар кўраётганини ёзишган. Меҳнат муҳожирлари бизга ҳам керак эмас. Улар ҳисобига Россия ҳукумати аъзоларигина бойиб бормоқда. Лекин бизда муҳожирларга қарши шахсий адоватимиз йўқ,- дейди Ольга Артёмова.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эксперти Семен Чарий ҳукумат бир томондан миллатчилар ташкилотларини таъқиқлаб, бошқа томондан ёпилган ташкилотлар йирик сиёсий иттифоқларга бирлашишга йўл йўл очиб бермоқда, дейди. Бу эса, миллатчи ва ирқчиларнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантиради у.

- Улар тарқатиб юборилганидан кейин яна бошқа ташкилотга бирлашиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки таъқиқланган миллатчилар ташкилотлари қайта тикланиш учун ребрендинг, яъни бошқа ном остида қайддан ўтиш усулидан фойдаланиб келмоқда. Уларга қарши кураш усулларини ўзгартириш зарур. Энг хавфлиси улар “Руслар” ташкилоти билан бирлашиши мумкин,- дейди Семен Чарий.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси экспертининг фикрича, “Рус Умуммиллий Иттифоқ” ташкилотидан ташқари Россияда “Рус славян иттифоқи”, “Янги сиёсий ташаббус”, “Буюк Россия” каби йирик миллатчи ташкилотлари ҳам яқин орада таъқиқланиши мумкин.

Эслатиш жойиз, 2011 йилнинг апрелида Россияда "Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат", 2010 йилнинг апрелида эса "Славян иттифоқи" ташкилотлари экстремистик, деб топилиб таъқиқланган.

Аммо бироз вақтдан кейин собиқ "Славян иттифоқи" раҳбари Дмитрий Дёмушкин ва "Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат" етакчиси Владимир Басмановлар янги “Руслар” коалициясини ташкил этганликларини эълон қилдилар. Улар бу ташкилотга Россиядаги бошқа барча миллатчи ҳаракатлар ва уюшмаларини аъзо бўлишга даъват этмоқда.

“СОВА” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти маълумотига кўра, 2010 йил давомида Россияда миллатчилар томонидан 37 киши ўлдирилган, 400 киши жароҳат олган.
XS
SM
MD
LG