Линклар

AI қирғиз расмийларини огоҳлантирди


Amnesty International Ўш воқеаларида айбланиб судланганларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб фуқаролар эканини қайд этади.

Amnesty International Ўш воқеаларида айбланиб судланганларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб фуқаролар эканини қайд этади.

Қирғизистон жанубида миллий асосда бир йил аввал содир бўлган тўқнашувдан кейин ҳам холис судловнинг жорий этилмагани яна шу каби низоларга олиб келиши мумкин.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ўзининг янги ҳисоботида ана шундай хулосани очиқлади.

2010 йилнинг июн ойида Ўш шаҳрида содир бўлган воқеаларга бағишланган мазкур ҳисоботда қирғин чоғидаги жиноятлар айбдорлари ҳалигача жазоланмагани учун қирғиз расмийлари танқид қилинади.

- Гарчи расмийлар зўравонлик қурбонларига товон пули тўлаш ва қийноқлар бўйича айбловларни кўриб чиқишга ваъда бериш каби айрим ижобий қадамларни қўйган бўлсалар-да, улар зиддият чоғида ва ундан кейин инсон ҳуқуқлари бузилишига оид ҳолатларни яна кўриб чиқишлари ҳамда Қирғизистондаги барча этник гуруҳлар ишончини қозониши зарур, - дейди AIнинг Европа ва Марказий Осиё дастурлари бўйича директори Никола Дакворс.

Amnesty International вакиллари билдиришича, қирғиз расмийлари зудлик билан текширув ўтказишлари ва инсон ҳуқуқларини бузишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жиноий ишлар қўзғашлари зарур.

- Бу кенг кўламли ва конструктив ҳисобот бўлиб, қирғиз расмийлари ундаги хулосаларни эътиборсиз қолдиролмайдилар, - деди Никола Дакворс.

Дакворс хоним фикрича, қирғиз расмийлари Ўш ва Жалолободда содир этилган жиноятлар халқаро ҳуқуқ меъёрларида қандай тасниф қилинса, шундай талқин қилиб, барча жиноятлар юзасидан текширув ўтказиш ва жиноий иш қўзғаш бўйича зарур чораларни кўришлари шарт. Халқаро ҳамжамият эса Қирғизистон расмийларининг ана шундай чоралар кўришига эришиши в уларга қўллов кўрсатиши лозим.

“Адолатли судловни таъминлай олмаслик ҳуқуқий тартибга путур етказади, коррупция ва жиноятчиликни жадаллатади ҳамда янги ғалаёнлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун уруғ қадайди”, дейилади Amnesty International ҳисоботида.

Халқаро ташкилот ҳисоботида Ўш қирғинида ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи ўзбеклар, 25 фоизи эса қирғизлар бўлгани қайд этилади ва тўқнашувда жабрланганларнинг катта қисми ўзбеклар бўлганига қарамасдан, Ўш воқеалари юзасидан ҳибсга олинган 271 нафар шахсдан 230 нафари этник ўзбек, 28 нафари эса қирғиз миллатига мансуб киши экани эслатилади.

Шунингдек, Amnesty International бугунги кунда мазкур воқеалар юзасидан 27 нафар шахс умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган бўлиб, уларнинг ҳаммаси ўзбек миллатига мансуб кишилар эканини таъкидлайди. Ҳисоботда қайд этилишича, айрим суд жараёнларида судланувчилар қийноқларга дучор қилинган, уларнинг гувоҳлари маҳкамага қўйилмаган, айрим судланувчиларнинг адвокатларига эса жабрланган шахслар томонидан ҳужум қилинган.

Никола Дакворс сўзларига кўра, бугунги кунда юзлаб, балки минглаб расмийлар ва оддий аҳоли вакиллари (улар орасида қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам бор) қилган жиноятлари учун жазоланмай қолмоқдалар.

“Этник гуруҳлар ўртасидаги ўзаро ишончни тиклаш ва зўравонлик қайталанишининг олдини олиш учун қонун устиворлиги тантана қилиши керак. Барча жиноятлар, шу жумладан, инсониятга қарши жиноятлар текширилиши ва судга тақдим этилиши зарур”, дейилади AI ҳисоботида.

Amnesty International Қирғизистон жанубидаги этник низони ўрганиш бўйича халқаро мустақил комиссия (раҳбари Киммо Килюнен) тавсияларини бажаришга чақиради.

Эслатиб ўтамиз, шу йил май ойи охирида Қирғизистон парламенти финляндиялик дипломат Киммо Килюненни номақбул шахс деб эълон қилиш бўйича қарор қабул қилганди, халқаро комиссия ҳисоботи эса қирғиз депутатлари томонидан нохолис ва ҳаққоний бўлмаган маълумот ўлароқ қабул қилинганди.

Аснода 8 июн куни яна бир нуфузли халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти – Ҳюман Райтс Уотчнинг ҳам Ўш қирғини ҳақидаги ҳисоботи чиқиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG