Линклар

Ўзбекистонда мамктаб ва касб-ҳунар коллежлари қурилишида катта миқдордаги маблағни ноқонуний ўзлаштирган жиноий гуруҳ қўлга олиниб, судланди. NewsUz.com Интернет нашрининг хабар қилишича, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги қошидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инженеринг компанияси йиллар давомида вилоятда қурилган бир қанча мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ҳисобидан юз миллионлаб сўм маблағни ўзлаштирган. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги капитал қурилиш тизими энг коррупциялашган ва назорат қилиниши қийин бўлган соҳалардан бири ҳисобланади.


Сурхондарё вилоят прокуратураси ўтказган тергов хулосаларига кўра, вилоят ҳокимлиги қошидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инженеринг компанияси директори Абдурашид Абдураҳимов ўз “ҳамтовоқлари” билан вилоятда қурилган мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари ҳисобидан катта миқдордаги маблағларни ноқонуний ўзлаштириб олган.

Хусусан, NewsUz.com маълумотларига кўра, мазкур қурилиш компанияси Жарқўрғон туманидаги 490 ўринли янги 44-мактабни, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширган “Аму-Зангиқурилиш” корхонаси сметасида кўрсатилган 181,7 миллион сўмлик ишни тўлиқ бажармаганига қарамай, пора эвазига қабул қилиб олган. Шунингдек, Денов туманидаги 10, 32, 53 сонли мактаблар, Термиз шаҳридаги банк иши коллежи, Шўрчи туманидаги қишлоқ хўжалиги коллежи, Узун туманидаги қишлоқ хўжалиги коллежи каби таълим масканлари қурилишида ҳам катта миқдордаги маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг қурилиш бўлими бошлиғи Жўра Сафаров, Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам шундай камчиликларга йўл қўйилганини тан олар экан, ҳозирда вилоятдаги қурилиш соҳаси назоратга олингани ва капитал маблағларнинг ҳаммаси мақсадли сарфланаётганини таъкидлади:

- Буларнинг ҳаммаси керакли жазоларини олдику. Қанчаси қамалди, қанчаси тўлади. Унинг энг ëмони шундан иборатки, қурувчилар қурилиш даврида мактаб директорининг ëки коллеж директорининг бу ишни қилиб бер деса, буни, у ишни қилиб бер деса, уни қилиб берган. Мана мисол учун мактаб теварагида бешта бино бўладиган бўлса, ўшанинг иккитаси ремонтга тушган, қолган қисми пул етмаганлиги учун ремонтга тушмаган. Мактаб директори “Менга биринчи навбатда буни қилиб бер”, деганда қилиб беришаверганда. Текширув даврида эса ҳужжатлаштирилмагандан кейин ўша нарса қабул қилинмаяпти. Ўша ишлар вақтида бўлмаган. Ўзбекчилик бўлганда бундай айтганда. “Бўпти, майли” деган фикр бўлган. Бўпти, майли билан текширганда юзага чиқиб қолаяпти ҳаммаси.

Умуман олганда бу ерда еб кетиш деган нарса бўлмаган. Фақатгина қилинган ишлар қонунлаштирилмаган. Биз энди бу нарсани икки йил бўлди йўлга қўйиб олдик, лекин олдинги даврда бу нарсалар бўлганда. Биз ҳозир, уже, ишлаяпмиз. Бундай айтганда ташкилотларимиз раҳбарларининг кўзи очилди. Ўзига плановий отдел деган одамларни олиб ўтириб, ҳужжат билан ишлашаяпти,- дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг қурилиш бўлими бошлиғи Жўра Сафаров.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида ўрта мактабларнинг 10-11 синфлари тугатилиб, ўқувчилар касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириши мажбурий қилиб қўйилди. Бу эса ўз навбатида сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда коллеж ва лицейлар қурилишининг авж олишига туртки бўлди.

Бу кампания давомида аксарият коллеж ва лицейлар жуда тез суръатларда қурилгани ва бунда бинолар сифати иккинчи даражага тушиб қолганини қайд этади мутхассислар.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи, маълум сабабларга кўра исмини ошкор этмаган касб-ҳунар коллежи ўқитувчисининг айтишича, вилоятда коллеж бинолари қурилиши жараёнида жуда катта пуллар талон-тарож қилинган:

- Сурхон қўрғонининг ўртасида қурилган Жарқўрғон иқтисодиëт коллежи бор. Мана шу коллеж қурилиш арафасида жуда катта миқдорда камчилик чиққанлиги учун 2005-2006 йилларда жиноий иш қўзғатилиб, бояги қурган подрядчик, акаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи жуда катта идорада ишлаганлиги учун Туркияга қочиб кетди. Маблағ жойига қўйилмади.

Бундан ташқари Қумқўрғон туманида 2006-2007 йил ишга туширилган Арпапоя маҳалласида коллеж қурилганда 360 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, болалар овқатланиши керак бўлган ошхона қурилиши керак бўлган, ҳалигача бу ошхонанинг пули ўзлаштирилиб “қабул қил” деб тазйиқ ўтказиб баланддан қўймай, “Бўлмаса директор бўлмайсан. Директор бўламан десанг, мана шу камчилиги билан оласан” деган мазмунда ошхона қурилди деган мазмунда қабул қилдириб юборилган. Шунинг учун бу томондан жуда коррупцияга берилган. Қурилиш бўйича устини салгина очсангиз, катта-катта миллиард туради,- дейди жарқўрғонлик суҳбатдош.

Унинг ўзи кўплаб коллеж бинолари эски қурилиш материалларидан қурилганлиги, сметага эса янги материаллар ишлатилди, деб киритилганлигига гувоҳ бўлган:

- Яна бир масала. Фермахоналар бор эди бутун вилоят миқëсида. Моллар боқилар эди, ҳўв қизиллар пайтида. Жуда катта комплекслар бор эди. Мана шу комплексларнинг ғишти, бетон конструкцияси, ҳаммаси мизерний нархда коллежларни ëпишга кетди. Агар мана шундаям иккиланиш бўлса, ғиштлардан, плиталардан намуналар олиб кўриш мумкин. Буни исботлаш мумкин.

Мана бугунги кунда кўпгина коллежлар, мана Қумқўрғон Ҳуррият маҳалласида қурилган коллежнинг қурилиши битмасдан қулаб кетиб, олти киши ўлимига сабаб бўлган эди 2005-2006 йилларда. Мана шундай, қурилиш соҳасида бу ўзбекнинг молини туя қоладиган одам кўп экан. Биз мана шунга амин бўлдик, шуни кўриб турибмиз,- дейди ўқитувчи.

Унинг фикрича, қурилишлардаги коррупцияни “буюртмачи + ҳокимият + қурилиш фирмалари = битим” формуласи билан ифодалаш мумкин.

Дунёдаги коррупция муаммосини тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган Transparency International ташкилотига кўра, қурилиш соҳаси дунё бўйлаб энг коррупциялашган ҳисобланади.

Айни ташкилотнинг дунё давлатларидаги коррупция даражсига оид 2010 йилги рейтингида Ўзбекистон 178 мамлакат орасида 172 ўринни эгаллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG