Линклар

Хорижлик келинлар хавотирда


Мустақил Ўзбекистонга кўчиб келган ўзбекларга "фуқаролиги йўқ шахс" мақоми берилади.

Мустақил Ўзбекистонга кўчиб келган ўзбекларга "фуқаролиги йўқ шахс" мақоми берилади.

Расмий Тошкент Ўзбекистонда кейинги 10-20 йил давомида яшаб келган қирғизистонлик 30 нафар келинни мамлакатдан депортация қилгани айтилмоқда. Айни ҳолат Ўзбекистондаги бошқа хорижлик келинлар бошига ҳам тушиши мумкинлигига оид хавотирларга сабаб бўлди.


Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистондан депортация қилинган қирғизистонлик аёлларнинг деярли барчаси водийда яшаб келган.

Фарғона вилоят хокимлиги ходимларидан бири қирғизистонлик келинларнинг мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳақидаги хабарни инкор қилди. Андижон вилоят хокимлиги эса буни изоҳлашни истамади.

Мамлакатдан ҳайдалган аёллар кейинги 10-20 йил давомида Ўзбекистонда яшаб келганлар, ҳар бирининг камида 2-3 фарзанди бор.

Шунингдек, бу аёлларда "Хориж фуқаросининг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси" бўлгани айтилмоқда.

Андижондаги қирғизистонлик келинлар масаласини ўрганган ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, қирғизистондан келин бўлиб тушган аёлларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши ўтган йил Ўшда рўй берган қирғиндан сўнг бошланган.

- Ҳозир эшитаяпман баъзи бир жойларда шунақа бўлаяпти, лекин бу нарса ҳақиқатда мана бу 2010 йилги воқеалардан кейин пайдо бўлиб қолди. Кўпчилик қирғизистонликлар Ўзбекистонда яшашни истаяпти. Қирғизистонлик одамларни тушунса бўлади. Ўзларининг жони учун, ўзларининг хавфсизлиги учун иложи борича Ўзбекистонга кўчиб ўтиш ҳаммасида истак бор. Уйланиш масаласида ҳам жуда кўп одамлар шу масалада ҳам фойдаланишмоқчи бўлишаяпти. Энди ҳозир давлат шуни қандайдир ошиқча иммиграция бўлмаслигининг олдини олиш мақсадида шундай йўл тутган бўлиши керакда,- дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Бу муаммодан хабардор фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, ҳақиқатдан ҳам Ўш воқеаларидан кейин қирғизистонлик келинларни мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи кўтарилган, бироқ кейинчалик бекор қилинган.

- Ўтган йилги Қирғизистондаги конфликтдан кейин жуда кўп қочқинлар Ўзбекистонга қочиб ўтган эди. Буларни юртига қайтаргандан кейин Ўзбекистондаги қирғизистонликларнинг ҳаммаси текшириб кўрилди. Паспорт назорати бўйича тадбирлар ўтказишиб, текшириб кўришди. "Тозалаш" бўлди. Ана шу пайтда кейин ҳаммаси ҳисобга олинди. 1991-1992 йилларда Қирғизистондан келин бўлиб тушган совет паспорти билан келиб кейин пропискаси Қирғизистонда бўлганлиги учун паспорт ололмасдан Вид на жителство билан юрганлар бор. Шуларни чиқариб юбориш ҳақида, депортация қилиш хабари тарқалди. Ўзбекистон паспортини оломай юрган ҳаммани депортация қилиб юборишар экан деганда. Кейин мен Фарғонадаги ИИБнинг хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик ҳолатини қайд қилиш бўлими раҳбарларидан бири билан расмий гаплашганман. Энди унинг исми-шарифини айта олмайман. Бироқ бу расман айтилган гап эди. Унинг айтишича, олдин шунақа ҳужжати жойида бўлмаганларни аниқланглар деган эди ноқонуний яшаëтганларни чиқариб юбориш мақсадида. Лекин кейин оила қуриб бола-чақаси кўпайган бўлса тўхтатинглар деб отбой бўлган. Буни бекор қилишган. Ҳеч кимни депорт қилиш масаласи йўқ,-деди Абдусалом Эргашев.

Унга кўра, айни пайтда вилоятда яшаётган ва у танийдиган қирғизистонлик келинларнининг ҳеч бири мамлакатдан депортация қилинмаган, уларнинг барчаси оиласи бағрида яшаяпти.

Фарғоналик Раҳматтилла ака 2000 йили қирғизистонлик Зайнабхонни ўғлига келин қилиб олди. Ҳозирда икки фарзанднинг онаси бўлган Зайнабхоннинг қўлида Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

Раҳматтила ака қирғизистонлик келинларнинг мамлакатдан чиқариб юборилаётганидан хабари борлиги, бироқ келинига нисбатан ҳеч қандай босим йўқлигини айтади.

Лекин қирғизистонлик аёллар депортация қилинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Раҳматтилла ака келинини Қирғизистон паспортини олиш учун онасиникига жўнатганини қўшимча қилди.

- Келин бўлиб келгандан кейин ўзимизга ўтказамиз деган эдик. У ердан пропискадан чиқариб олиб келдим. Ўтказа олмасдан қолган эдик. Энди ҳозир документ тўғрилашга кетди. Текшириб келишади. Айтамизда. Китобда бор. Қарамоғимда деймиз. Лекин ҳақиқий учëтга қўйилгани йўқда ўзимизга. Мана шунга алмаштиргани қайтариб бериб юбордим,- дейди қирғизистонлик келиннинг қайинотаси.

Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 500 мингга яқин "фуқаролиги йўқ шахслар" яшайди.

Ўзбекистонда 2005 йилгача фаолият юритган БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги ваколатхонасининг ўша пайтда берган маълумотига кўра, Тожикистондаги фуқаролик уруши даврида Ўзбекистонга 130 минг нафардан зиёд одам кўчиб келган. Уларнинг асосий қисмини тарихий ватанлари Ўзбекистон бўлган ўзбеклар ташкил этади.

Шунингдек, фарғона водийсида қирғизистондан келин бўлиб тушганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади, бироқ уларнинг аниқ сони ҳақида бирор бир расмий маълумот йўқ.

Кейинги 19 йил давомида Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганларнинг бирортаси мамлакат фуқаролигини олгани ҳақида ҳам маълумот йўқ. Ҳар ҳолда Озодлик манбаларида бундай маълумот йўқ. Расмийлар эса бу ҳақдаги маълумотларни одатда ошкор қилмасликни маъқул кўрадилар.

"Ўзбекистон республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонуннинг 17-моддасига кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз илтимосномаларига кўра, келиб чиқишидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тилидан, динга муносабатидан, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.

Фақат улардан чет эл фуқаролигидан воз кечиш ва сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаши талаб қилинади.

Бироқ Ўзбекистонда яшаётган йиллар давомида яшаб келаётган хорижликлар қонунда белгиланган талабларни бажарса-да, давлат томонидан қонун ижросининг таъминланмаслигини ҳамон тушунмайди. Уларга берилган фуқаролиги бўлмаган шахс экани тўғрисидаги ҳужжати ҳар беш йилда янгилаб берилади, холос.

Сирдарёлик Зумрад опа 1991 йили Тожикистондан келин бўлиб тушган эди. У ўша пайтда ҳеч бир муаммосиз Ўзбекистон фуқаролигини олди. Бироқ Зумрад опага кўра, 1993 йилдан кейин келган опаси билан синглиси ҳалигича "фуқаролиги йўқ шахслар"дир.

- Менда муаммо бўлмаган. Лекин опам билан синглим қийналаяпти. Шунча йилдан бери беришмаяпти. Фақат қўлидаги вақтинчалик ҳужжатини янгилаб беришади. Ҳайронмиз нима қилишга,-дейди Зумрад опа.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Искандар Худайберганов хорижликларга Ўзбекистон фуқаролиги берилмаётгани ортида сиёсий сабаблар яширинганини айтади.

- Фуқароликни олгандан кейин давлат албатта уларни ҳимоя қилиши керак иқтисодий тарафдан, социал тарафдан. Социал тарафдан ҳимояга олиши шарт бўлгандан кейин шунга пул ажратиш керак. Ўзбекистонга албатта энг қулайи бу одамлар бизларга қарамайди, шунинг учун бизлар ҳимоя қилмаймиз деган йўли ниҳоят даражада осон. Иккинчидан, шу одамларни бу ердан чиқиб кетишга туртиш усули. Камроқ бўлсин дегани. Кўпайган сари бунақа одамлар албатта ўша сиëсий нотинчликни келтириб чиқариши мумкин, албатта стабилизацияга ëрдам бермайди. Бу тоталитар режимнинг олиб бораётган сиëсати,-деди Искандар Худайберганов.

Ўтган ойда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нота юбориб, мамлакатдан 30 га яқин қирғизистонлик аёлларнинг чиқариб юборилиши юзасидан изоҳ беришни илтимос қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG