Линклар

Обама Қарзайдан узр сўради


АҚШ президенти Барак Обама май ойида Ҳелманд вилоятида авиаҳужумларда тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлгани боис Афғонистон президенти Ҳамид Қарзайдан узр сўради.

Ҳелманд вилоятига авиазарбаларни халқаро коалиция қўшинлари амалга оширган эди.

Ўтган ҳафта Афғонистон президенти Ҳамид Қарзай ўз авиазарбалари билан тинч аҳоли вакилларини нобуд қилаëтган НАТО қўшинларини танқид қилган ва уларнинг бу ишлари Толибон мавқеини мустаҳкамлаëтганини таъкидлаган эди.

Афғон расмийларига кўра, авиазарбалар пайтида 14 киши ўлган. НАТО қўмондонлиги эса ўлганлар сони 9 киши эканини айтиб, зарбалар нишони жанггарилар бўлганини урғулайди.

Оқ уй матбуот котиби Жей Карнига кўра, чоршанба куни АҚШ ва Афғонистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган видеомулоқот чоғида минтақа хавфсизлиги масаласи кўрилган:

- Икки давлат президентлари Афғонистондаги хавфсизлик назоратини маҳаллий харбийларга топшириш масаласини муҳокама қилишди. Улар бу юзадан маслаҳатлашувни яна давом эттиришга келишишди. АҚШ президенти Афғонистон етакчиси билан доимий яқин мулоқотда бўлажагини билдирди. Биз Американинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигини қисқартириш борасидаги шу йилнинг июлида бошланадиган тадбир муҳокамасини якунладик, - деди Оқ уй матбуот котиби Жей Керни.
XS
SM
MD
LG