Линклар

"Ал-Қоида" Яманда ўз манфаатларини кўзлайди


"Ал-Қоида" Ямандаги сиëсий бўҳрондан ўз манфаатларида фойдаланиши мумкин.

Бу ҳақда Қоҳирадаги матбуот анжуманида гапирган АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари раҳбари Майк Маллен “Ал-Қоида”дан бўлган хавф ошиб бораëтганига эътибор қаратди.

Яман пойтахти Санода чоршанба куни Саудия Арабистонида даволанаëтган президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг ватанига қайтишига қарши намойиш бўлиб ўтди.

Намойишчилар мамлакатни муваққат бошқараëтган вице-президент Обид Раббо Мансур Ҳадийдан вақтли президент кенгаши тузишни талаб қилишди.

АҚШ Яман ҳукуматини мамлакат президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ Саудияда муолажа олаëтган пайтда демократик ислоҳотлар бошлашга чақирди.

Ўтган жума куни президент саройига уюштирилган ҳужумда яраланган президент Али Абдуллоҳ Солиҳ 4 июн куни даволаниш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетганидан кейин унинг вазифасини вице-президент бажармоқда.

6 июн куни рўй берган отишмада қабилалардан бирининг уч нафар жангчиси, ҳукумат аскарларидан ҳам уч киши нобуд бўлди.

Солиҳнинг ўғли, Яман раҳбарлигига даъво қилаётган Аҳмад ҳозир Республика Гвардиясига бошчилик қилмоқда.

Яраланган президентнинг яна тўрт нафар қариндоши Яман армиясида муҳим лавозимларни эгаллаб турибди.
XS
SM
MD
LG