Линклар

Равшан дорбоз: Ўшга қайтиб, албатта, дор тикаман!

  • Сарвар Усмон

Шу кунларда Равшан Дорвоз труппаси Болтиқбўйи мамлакатлари бўйлаб гастрол қилмоқда.

Шу кунларда Равшан Дорвоз труппаси Болтиқбўйи мамлакатлари бўйлаб гастрол қилмоқда.

Ўш қирғинига бир йил тўлган шу кунларда тингловчиларимиз, биринчи навбатда қирғизистонлик тингловчиларимиз эътиборига умидбахш бир эшиттириш ҳам тортиқ қилгимиз келди. Ўзбекнинг ўзига хос оммавий санъат турлари тарихи асрларга қаърига бориб тақалади. Дорбозлик ана ўша тарихи кўхна санъат турларидан бири бўлиб, ўшлик Равшан дорбоз Комилов аждодлардан қолган меросни сақлаб келмоқда.


Nostalgie


“Калхўзчи опа-укаларимизга раҳма-а-ат!”

Бу - ўрта ёшдан каттароқ ўшликлар болалигида эшитган ва ўшандан бери ўрни келганда хитоб қилиб қўядиган эски ҳазиллардан бири.

Томоша тугай деганда, лангарчўпни елкасига ташлаб дор устига чиқиб олган энг чапдаст дорбоз-масхарабоз хўўв пастдаги томошабинларнинг олқишларига жавобан ҳайқиради:

“Калхўзчи опа-укаларимизга раҳма-а-ат!”

Бу энди ўтган асрнинг 60-70-йилларидаги гаплар.

Масҳарабозлар.
Шаҳар ўртасидаги Тахти Сулаймон тоғи туфайли Ўш асрлар давомида минтақанинг, бугуннинг тили билан айтганда, туристик маркази бўлиб келган.

Одамлар Тахти Сулаймонни муқаддас билган. Ўшни икки марта зиёрат қилиш Маккани бир бор тавоф қилишга тенг, деб билишган.

Ўзимнинг болалигим, Равшан дорбознинг ёшлиги ўтган Ўшни дорбоз билан бирга эсладик.

- Ҳамма жойдан меҳмонлар келарди. Айниқса ëз мавсумларида бу ëғи Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарë, Сурхондарëдан тортиб Наманган, Андижон, Қўқон, Фарғона – ҳамма жойдан зиëратчилар келарди. Тоғнинг атрофида айниқса эрта билан соат 10-11ларда тоғ бир лолазорга ўхшаб кетарди. Ҳар хил кийинган, у маҳалларда ортиқча материаллар йўқ эди. Шу атлас кўйнак, қизил гули бор обировон деган кўйнаклар, кўпроқ қизил гуллари бор эдида. Шунақа бир тоғни гўзал қилиб чиройли қилиб юборарди. Бутун меҳмонлар доира чалган, ашула айтган шунақа бўлиб кейин кечки пайт соат 2-3лардан бошлаб боққа одамлар жуда тушар эди, биз бозорнинг, тунелнинг олдида карнай-сурнайларни чалиб бир соатча, кейин ўша ўртадан юриб келар эдик чалиб дорнинг тагигача, дея эслайди Равшан дорбоз.

Ўша йиллари Ўшнинг марказидаги Алишер Навоий боғида ёзги театр билан Оқбурасойнинг оралиғидаги амфитеатр ҳали “тирик” эди.

Май байрамларидан бошлабоқ, айниқса, Ўшпиримни бутун Ўзбекистондан зиёратчи “босадиган” ёз кунлари амфитеатр кунда-кунора банд бўларди.

Полвонлар курашга тушарди. Дорбозлар дор ўйнарди.

Аждод


Равшан дорбоз Комилов билан кўп нарсаларни гаплашдик. Ўтган кунларни эслашдик. Мен эслолмайдиган даврларни ҳам.

Иккинчи Жаҳон урушидан олдинги ўшлик дорбозлардан ҳам гап кетди.

Равшан дорбоз: Қўзи дорбоз, Маматхалил дорбоз, Султонназар дорбоз бўлган. Раҳим карнайни билардингиз-а? Шу Раҳим карнайнинг дадаси ҳам дорбоз бўлган. Урушда йўқ бўлиб кетган улар. Қўзи дорбоз бизнинг ëшлигимизда бор эди. Мен янги дорбоз бўлган пайтларимда у одам бор эди. Ўша маҳалларда 80ларга кириб қолган эди. 1956-1957-1958 йиллари шу одамни кўрардим. Янги чақалоқ туғилса борар эди у одам, тўй қилса борарди.

Озодлик: Дори билан борармиди?

Равшан дорбоз: Йўқ. Карнай, ноғора, ëғочоëқ, отўйинлар билан борарди тўйларга.

Озодлик: Сизнинг устозингиз ким?

Равшан дорбоз: Менинг устозим дадам Назиржон ака. Кейин Усмонжон дорбоз, Ғафуржон дорбоз, Тошканбой дорбоз бешови менга устозлик қилган.

Озодлик: Ўшлик дорбозларми булар ҳаммаси?

Равшан дорбоз: Йўқ. Усмонжон дорбоз андижонлик, Ғафуржон дорбоз наманганлик, Тошканбой ота асакалик.

Озодлик: Сизларнинг оилангларда нечанчи авлодсиз дорбоз?

Равшан дорбоз: Бизнинг оилада мен энди билмайман. Дадамдан кейин менман.

Озодлик: Дадангизнинг дадаси ҳам дорбоз бўлганми?

Равшан дорбоз: Дадамнинг дадаси ҳам дорбоз деб эшитганман. Кўрмаганмиз лекин. Ҳаким дорбозларга яқин қариндош бўламиз биз. Тошканбой дорбозларга уруғ ҳисобланамизда.

Озодлик: Дорбозлар ҳам ўзаро қариндош бўлиб келишганми ҳар доим?

Равшан дорбоз: Энди бўлак одамнинг боласини сўрасангиз, икки-уч яшар маҳалида дорга ўргатаман деб сўрасангиз, бермаганку. Кейин ўзида ўғил оз бўлса, синглисининг боласини сўраган, акасининг ўғлини сўраган, холасининг боласини сўраган. Шунга ўхшаб авлоддан тўплаб ўргатганда. Битта оиладан беш-олтита дорбоз чиқмаган. Биттаси масалан акасининг боласини сўраган ëки бўлмаса қизининг боласини сўраган ëки синглисининг боласини сўраб ўргатган.

Озодлик: Равшан ака, кейинги йилларда ўзи дорбоз деган касб таназзулга юз тутгандай, дорбозлар тугаб бораëтгандайда. Ë унақамасми?

Равшан дорбоз: Шунақа. Ҳозир Ўзбекистонда менинг билишимча 10-12та коллектив бор. Наманганда икки состав бор, Андижонда бор эди, ҳозир борми йўқми аниқ билмайман, Тошкентда бор, Фарғонада бор, Анваржон деган дорбоз бор раҳматли бўлиб кетди, султонободлик эди. Яқинда Тошкентда дам олиб дорбозлар ҳақида суриштириб эслаган эдик. Сўрасам, ўтиб кетди, ўтиб кетди дейишди. Андижонда Кимсан ака дорбоз бор эди. У ўтиб кетибди.

Озодлик: Дорбозларнинг ўзингларча бир анжуманинглар йўқми?

- Анжуманимиз бор эди. Энди биз Қирғизистондалигимиз учун қатнашмай қўйганмиз. Илгари ҳар йили кўрик бўларди. Мен бориб қатнашардим. Беш-олти йил биринчиликни олиб юрганман. Союз маҳалда Москвагача келиб ўйнаб кетганман, деб эслади Равшан дорбоз.

Бу энди эски гаплар.

Таклиф


Янги гап шуки, бир пайтлар Москвага дор тиккан Равшан дорбоз, мана 15 йилдан ортибдики, дорни Санкт-Петербургда тикаяпти. Суҳбатлашганимиз кун – 31 май куни ҳам дорбоз Питерда эди.

Равшан дорбоз шогирдлари билан Санкт-Петербургга 1995 йили илк бор икки ойлик гастролга борган эди.

- Централний парк култураси бор бу ерда. Унинг директори Москва академияда проректор. У одам Собчак билан дўстми. Ундан кейин бизнинг Министр култура билан дўст эди. Чўлпонбек деган билан дўст эди бу одам Анатолий Николаевич. Қисқаси “Сен шу ерга ҳар йили келиб яхши бўлади” деган маънода гапириб беседа қилганимизда, у одам айтдики, “Давай презентация ўтказайлик” деди. Ундан кейин 1995 йилдаги пулга 2 миллион сарф қилиб, бутун Россиянинг ҳамма жойидан Молдавия, Украина, Беларус журналистлар, телевидениедан 150та одам чақирган. Биз 25 кун тайëргарлик қилиб, бу ерда ҳам амфитеатр бор, дорни ўша ерга тикиб, иккита ўчоқни кавлатдим. Биттасида ош, биттасида шўрва. Нариëғига яна битта ўчоқ қўйиб мантиқасқонни қўйиб манти. Томошабинлар, келган меҳмонларнинг олдида тайëрлаб пиширдик. Дастурхон ëздик 200 кишига. Энди албатта у одам ҳам ўзининг ëнидан сарф қилмаган. Балки Собчакнинг буйруғи билан ўша пуллар топилгандир, деб эслаяпти Равшан дорбоз 1995 йилги воқеаларни.

Ишқилиб, истироҳат боғининг директори Анатолий Николаевичнинг шарофати билан Санкт-Петербург Равшан дорбоз учун, унинг оиласию шогирдлари учун мана 16 йилдирки, Иккинчи Уй.

Равшан Дорвоз труппаси аъзоларига ошни ўзи дамлаб беради.
Равшан ака, эътибор берган бўлсангиз, яна бир Анатолийни эслади. Анатолий Собчакни – Санкт-Петербургнинг ўша даврдаги демократик мэрини эслади.

“Балки, истироҳат боғи директори бизни Собчакнинг гапи билан Санкт-Петербургга олиб келгандир”, деди Равшан ака.

Бўлиши мумкин, ахир Анатолий Собчакнинг болалиги ўзбеклар орасида, Қўқонда ўтган-да!

Равшан ака Қирғизистоннинг ўша даврдаги Маданият вазири Чўлпўнбек Базарбаевни ҳам Петербургдаги боғ директорининг яхши таниши бўлган деди.

Демак, дорбознинг Ўшдан Петербургга кўчишидан вазирнинг ҳам хабари бўлган.

Яна Равшан дорвознинг 16 йил олдинги презентациясига бир дақиқага қайтамиз.

Равшан дорбоз: Шу куни кечқурун ...

Озодлик: У фақат сизнинг презентациянгиз-а?

- Ҳа. Бошқа ҳеч қанақа нима йўқ. Петр первойнинг меҳмон кузатадиган жойида кузатганмиз. Ўша куни Новостида “Впервие в Санкт-Петербург узбекский канатаходци из Киргизия города Ош” деб сюжет кўрсатган. Эртасига етитта газетада статя, биттасида “После плов прогулка по канату” деган ном, яна биттасида “Пут открито для канатаходцов” деган, ҳар хил шунақа газеталарда Санкт-Петербург новости, Санкт-Петербург ведомост деган олти-еттита газетасида биз чоп этилганмиз, дейди Равшан ака.

Авлод


Ўша кунлари журналистлар Равшан дорбоздан нечта фарзандингиз бор, деб сўрамаганга ўхшайди. Агар сўраганларида эди, газеталарда “На канате отец-герой со своими десятью детьми”, деган сарлавҳа ҳам пайдо бўлган бўларди.

Равшан дорбоз: Энг кенжа ўғлим 18га кирди.

Озодлик: Фарзандлар ҳаммаси бўлиб қанча?

Равшан дорбоз: Ҳаммаси бўлиб 10та. Неваралардан бўлди 20тача. Ундан ҳам кўпроқми адашиб қолдим.

Озодлик: Неваралар ҳам дорга чиқишаяптими?

- Неваралардан ҳозир тўрттаси чиқаяпти. Дорбозларимиздан каттаси 11га кириб қолди. Кичкинаси 3га кирди. Дорга чиқаяпти. Бу йил янги дорбозимиз жуда иш кўрсатаяпти. Сайфулло деб бир қўрқмас бола чиқди. Чой ичиб ўтирсак ҳам келиб “Ҳей, ўтираверасизларми? Туринглар, мен дор ўйнайман” дейди. Ҳеч қайси дорбозимиз “дорга” десанг, сал шумшайиб, йиғламсираб нима қилар эди. Чиқиб қолар эканда ўзи шунақаси, дейди Равшан дорбоз.

10 фарзанднинг отаси, 20 дан зиёд неваранинг бобоси Равшан дорбознинг ёши 60 дан ортди.

Илдиз


16 йилдан бери Санкт-Петербургда яшар экан, бу ерда у ҳовли-жой қилди. Яна уй соладиган бўлиб турибди.

Лекин бундан Равшан дорбоз россиялик бўлиб кетибдида, деган фикр пайдо бўлмаслиги керак.

Унинг дорбоз аждодлари киндик қони тўкилган Ўш билан алоқаси узилган эмас.

Озодлик: Ўшда охирги марта қачон дор тиккансиз?

- Охирги марта 2009 йили тикканман. Ҳар йили Навўрз байрамни ўтказиб 1 майга етиб келаман, дейди Равшан дорбоз.

Дорбоз Ўшга 2010 йили бормади. Ўтган йили Наврўз юракка сиғадиган бўлмади Қирғизистонда. Апрел воқеалари мартдаёқ бошланган, сув лойқаланиб қолган эди.

Кейинроқ – июнга келиб эса, сув мутлақо бўтана бўлиб кетди.

Яра


Июн фожеаси Равшан дорбознинг Ўшда қолган яқинларини ҳам четлаб ўтмади. Шу кунда дорбоз 28 қочқинни боқаяпти.

- Қариндошларимиздан Черемушкида яшайдиганлар талофат кўрган эди. Уларнинг болаларини бу ерга олиб келдим. Ҳозир мана 28 кишини мана шу ерда қўлимиздан келган нарсани қилиб икки маҳалми, уч маҳалми озиқ-овқатини қилиб шулар билан бирга истиқомат қилиб турибман, дейди Равшан дорбоз.

Соғинч


Ўшлик Равшан дорбоз Комилов билан 31 май куни, у киши Санкт-Петербургда эканлигида суҳбатлашдик. Эртаси куни у бутун жамоаси билан бир байрамда иштирок этиш учун Эстонияга жўнаб кетиши керак эди.

Ўшга қайтиб, албатта, дор тикаман, дейди Равшан Дорвоз.
Шу кунларда режага биноан гастрол сафари билан Минскда бўлиши керак.

Эртага ёз, деган куни Равшан дорбозга яна бир савол бердик.

Озодлик: Қачон тикмоқчисиз Ўшда дорни?

- Энди Оллоҳ насиб қилса, юрагим эзилиб кетди Ўшда дой ўйнайман деб. Насиб қилса, албатта бориб бу йил бўлмаса янаги йилга ë қишда бориб тикамизда. Яхши бўлаяпти, ҳамма ëқ тинчлик бўлаяпти деб эшитаяпмиз иншооллоҳ, дейди Равшан дорбоз.

Nostalgie


“Калхўзчи опа-укаларимизга раҳма-а-ат!”

Бу - ўрта ёшдан каттароқ ўшликлар болалигида эшитган ва ўшандан бери турли ҳолатларда хитоб қилиб қўядиган эски ҳазиллардан бири.

Томоша тугай деганда, лангарчўпни елкасига ташлаб дор устига чиқиб олган энг чапдаст дорбоз-масхарабоз хўўв пастдаги томошабинларнинг олқишларига жавобан ҳайқиради:

“Калхўзчи опа-укаларимизга раҳма-а-ат!”

Бу энди ўтган асрнинг 60-, 70-йилларидаги гаплар...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG