Линклар

Ўшда қирғин қурбонлари хотирланади

  • Шерзод

Ўш қирғини қурбонлари хотирасига бағишланган "Икки она кўз ёши" ёдгорлик мажмуаси 2011 йилнинг 10 июн куни Қирғизистон президент Роза Ўтунбаева томонидан очилиши кутилмоқда.

Ўш қирғини қурбонлари хотирасига бағишланган "Икки она кўз ёши" ёдгорлик мажмуаси 2011 йилнинг 10 июн куни Қирғизистон президент Роза Ўтунбаева томонидан очилиши кутилмоқда.

Қирғизистон президенти июн қирғинининг бир йиллиги муносабати билан жорий қилинган хотира куни маросимларининг асосий қисми Ўшда ўтишини билдирди.

9 июн куни Австрияга расмий сафар билан борган Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати мухбирлари билан суҳбати чоғида 10 июн куни Ўшда хотира тадбирлари ўтказилиши ва унда барча ҳукумат расмийлари иштирок этиши ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, бу тадбирда қўшни давлатдан келган расмийлар ҳам ишитирок этадилар.

- Мен бу ерда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашдим. Тожикистон муфтийси ҳам Ўшдаги хотира тадбирида иштирок этадиган бўлди. Бундан ташқари, Россия муфтийси ўринбосари, фазогир Солижон Шарипов ҳам Ўшга келадиган бўлди. Мен ва ҳукумат аъзолари ҳам Ўшда бўламиз. У ерда “Икки онанинг кўз ёши” деб номланган ёдгорликнинг очилишида иштирок этамиз. Ўшликлар хавфсизликдан хавотир олмасалар ҳам бўлади. Ҳукумат бу йўналишда барча чора-тадбирларни кўрган, - деди президент Роза Ўтунбаева.

Айтиб ўтиш лозимки, 10 июн Қирғизистонда Ўш қирғини қурбонларини хотирлаш куни сифатида эълон қилинган. Шу куни Республикада мамлакат байроғи туширилади, Ўш шаҳрида эса кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, спиртли ичимликлар ичиш ва сотиш тақиқланади.



Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Бақит Алимбеков ҳам Ўшда вазият назорат остида эканини таъкидлади. Лекин унинг айтишича, мамлакатнинг жанубий вилоятларида фитначилик ҳолатлари содир этилаётгани қайд этилган.

- “Ўттиз адир” қишлоғида фитначилик руҳидаги варақа топилди. Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида деворга фитначилик руҳидаги ёзувлар ёзиб кетилгани аниқланди. Қадамжой вилоятининг Холмиён қишлоғида ҳам провакацион варақалар топилди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу борада текширув ва қидирув ишларини олиб бормоқда. Бундай варақаларнинг топилиши Ўш воқеаси такрорланишини истаётган фитначилар мавжуд эканини исботлаб турибди, - деди Бақит Алимбеков.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Марат Иманкулов айни пайтда Ўшда турли ваҳимали гаплар ва миш-мишлар тарқалаётганини, бу миш-мишлар диққат билан текширилаётгани, аммо уларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмаганини айтди.

Шу ўринда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаев май ойида қирғиз парламентида қилган чиқишларидан бирида “Афғонистон ва Покистон террорчилар лагерларида 300 нафардан 500 нафаргача бўлган ўшликлар тайёргарликдан ўтаётгани тўғрисида оператив маълумот бор”, деб баёнот берганини эслатиб ўтиш жоиз.
Ана шу баёнотдан сўнг Ўшда “Қасоскорлар июн воқеаларининг бир йиллиги олдидан Ўшга келар эмиш, яна қирғин бўлармиш” қабилидаги миш-мишлар пайдо бўлган эди.

Бироқ Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Марат Иманқулов ўз раҳбарининг бу баёноти тасдиқланмаган маълумотлар асосида берилганини, бу маълумот бугунги кунгача тасдиқланмаганини айтди:

- 500 та ёки 300 та одам Афғонистон ва Покистонга ўтгани, террорчилар лагерида тайёргарликдан ўтаётгани тўғрисида ҳеч қандай маълумотларга эга эмасмиз. Мен бу сўзимни яна такрорлашим мумкин, - деди Марат Иманқулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG