Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:54

Тожикистонда хусусий радио муассиси қамалди


Далер Амонов Душанбе ташкил этилган иккинчи хусусий радионинг муассисидир.
Далер Амонов Душанбе ташкил этилган иккинчи хусусий радионинг муассисидир.

Тожикистон Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор топилган “Ватан” радиоси муассиси Далер Амонов 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Далер Амонов иши сўнгги икки ой давомида Душанбе шаҳар Сино туман судида кўриб чиқилди.

Уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган суд ҳакамлари ҳукмида ёзилишича, “Далер Раҳматуллоевич Амонов ўз фаолияти давомида 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўзлаштирган”.

Далер Амонов ўтган йил октябрида қаллобликда гумонланиб, Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги вакиллари томонидан ҳибсга олинган эди.

Мазкур иш юзасидан судга раислик қилган Сино туман судяси Умар Таваккаловнинг Озодликка маълум қилишича, Далер Амонов Тожикистон Жиноят кодексининг учта моддаси, яъни қаллоблик, мулкни ўзлаштириш ва мансабни суистеъмол қилганликда айбланган.

- Далер Амонов Раҳматуллоевичга ана шу моддалар доирасида 9 йил жазо муҳлати белгиланди. Суд жараёнида Амонов ўзига қўйилган айбларга қисман иқрор бўлганди, аммо қолган ҳолатларни тасдиқламаганди. Бугун, 9 июн куни эрталаб Далер Амонов номидан унинг адвокати ҳукм юзасидан шикоят тартибида кассация аризасини топширди, - деди Сино туман судяси Умар Таваккалов.

Бироқ Далер Амоновнинг адвокати Камолов судя Таваккаловнинг ҳукм юзасидан шикоят тартибида кассация аризаси топширилгани ҳақидаги сўзларини инкор қилди.

- Таваккалов ўзининг юзини қора қилаяпти (ёлғон гапираяпти маъносида - таҳр.). У ўз мақсадига эришди. Биз, шахсан мен ўзим суд ҳукми билан умуман рози эмасман. Лекин ҳозирча ҳукм юзасидан кассация аризаси топширганимиз йўқ, - дер экан Далер Амоновнинг оқловчиси Камолов ўз ҳимоясидаги шахс ноҳақлик қурбони бўлганини бир неча бор такрорлади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, бундан бир неча кун аввал Душанбе шаҳрининг Исмоил Сомоний суди айни моддалар билан айбланган Тожикистон давлат телевидение ва радиоси собиқ масъули Ҳабибулло Ташриповга 61 минг сомоний (тахминан 12 минг АҚШ доллари - таҳр.) жарима белгилаш билан уни суд залидан озод қилган эди.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева Тожикистон адлияси
Далер Амоновга ҳам шундай имконият берганини айтар экан, “Суд ҳакамлари унга ҳам жарима белгилаб, суд залидан озод қилса бўларди” дейди.

- Афсуски, судларимиз мустақил эмас. Жуда кўп ҳолларда ҳукмлар, хусусан, жамиятда обрўли шахсларга нисбатан ҳукмлар суд ҳакамлари машваратхонасида эмас, балки бир неча кун аввал “юқори”даги кабинетларда ёзиб қўйилади. Мен ўз фаолиятим давомида бундай ҳолатларни кўп кузатганман. Шуни назарга олган ҳолда, мен бундай ҳукмлар ҳеч қачон бекор қилинмаслигига ишонаман, - дейди ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева.

Аснода Сино туман суди масъуллари “Ватан” радиоси муассиси Далер Амонов иши унинг журналистлик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидламоқдалар.

2003 йилдан Душанбе шаҳрида фаолият юрита бошлаган ва каттагина аудиторияга эга бўлган “Ватан” хусусий радиоси кейинчалик ташкил этилган “Имрўз” хусусий радиоси билан рақобатчи экани айтилади.

“Имрўз” хусусий радиоси Тожикистон президентининг қайининиси, “Ориёнбанк” раиси Ҳасан Асадуллозодага тегишлидир.
XS
SM
MD
LG