Линклар

logo-print

Қамоқдан яна бир маҳбуснинг ўлиги чиқди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон қамоқаридан йилига ўнлаб маҳбусларнинг майити чиқади.

Ўзбекистон қамоқаридан йилига ўнлаб маҳбусларнинг майити чиқади.

Эътиқоди учун қамалган Абдулазиз Мирзаевнинг майити 8 июнга ўтар кечаси Тошкент вилояти Чиноз туманидаги уйига келтирилди.


1999 йилда Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айбланиб, 20 йилга қамалган 37 яшар Мирзаев Абдулазизнинг жасади икки кун олдин унинг Чинозда яшайдиган оила аъзоларига берилди. Бу ҳақда Озодликка марҳумнинг опаси Марҳамат Мирзаева маълум қилди.

- Айби шу фақатгина намозхон бўлгани учун, Қуръондан илми бўлгани учун ўшандай нималар билан ўтиришибди. Мана 12 йил деганда Абдулазизимизнинг ўлигини беришди. 12 йилдан бери азоб тортиб келаëтган эди. 7 июн куни кечқурун 8ларда, шом пайти дейилади, энди шом ўқиймиз деб турсак, маҳалла раислари кириб келишди “Абдулазиз зонада нобуд бўлибди. Иккинчи этаждан ўзини ташлаб юборибди” деб. Ҳеч қанақа ўзини ташламайди у. Тушунган бола. Жонига қасд қилиш гуноҳ эканлигини билади, мумкин эмаслигини билади. Уларнинг баҳонаси бу. Эрталаб сиоат 4ларга олиб келади деган эди. 8 июнга ўтар кечаси соат 2ларда олиб келишди. Скорий билан олиб келишди. Олиб келиб ташлаб кетишди. Аҳволини кўрсангиз энди ҳар қандай одамнинг юраги бардош бера олмай ҳушидан кетади. Уни кўрган одамнинг нечтаси ҳушидан кетди бу ерда. Ужас, биласизми ужас қандай бўлади? Шунақада.

Озодлик: Қийноқларнинг изи борми?

- Изи ҳам гапми. Калланинг қопқоғи йўқ. Кириб кетган. Калла ичига кириб кетган. Қош бу ëққа чиқиб кетган. Кўзни кўрсангиз чиқиб кетган. Каллани орқасининг бўйинидан қулоғигача тикиб ташлаган. Кейин қувуғидан жағигача тикиб ташлаган. Кекирдагигача тикканини кўрган эдиму жағигача тиккан одамни кўрмаган эдим. Жағигача тиккан. Беш сантиметр энлиликда қувуғидан жағигача тикиб ташлаган,- дейди Марҳамат Мирзаева.

Абдуллазиз Қаршидаги Косон қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган эди.

Марҳамат опанинг айтишича, укасининг майитида кўплаб қийноқ белгилари бўлган.

Абдулазиз Мирзаевнинг учта акаси ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтамоқда. Улар ҳам диний айбловлар билан қамалган.

- Тўртта боламиз зонада. Туҳмат қилиб ҳам қамаб ташлади. Битта укам Россияда қочувда эди. Алдаб олиб келишиб, “Келсин. Мана президентнинг қарори бор. Кечиримли нимаси бор. Кечиради. Келсин болаларининг олдига” деб лақиллатиб, роса кўп гаплар билан ишонтиришиб, олиб келиб 8 йил бериб юборди. Декабр ойида уч йил бўлади Худо хоҳласа,- дейди Марҳамат Мирзаева.

Бу сўнгги икки ҳафта ичида Озодликка хабар қилинган қамоқдан ўлиги чиққан маҳбусларга оид иккинчи ҳолатдир.

Андижондаги Ботирхоновлар хонадони 25 май куни ўғиллари 29 ёшли маҳбус Умиднинг қазо қилгани ҳақидаги хабарни олишди, унинг жасадини колониядан Тошкентдаги “сангород”га келтиришган.

Ботирхоновлар оила аъзоларидан бирининг сўзларига кўра, Умид ҳибсгача ўтган йилнинг августидан буён жигар касали билан оғриган.

Умид Ботирхонов ўтган йилнинг августида ўғирликда айбланиб қамалган эди.

Ҳуқуқ фаоллари ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар систематик тус олаётгани, баъзи холларда у ердаги маҳбуслар қийноқ оқибатида ҳалок бўлаётганидан бонг уриб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG