Линклар

Қирғизистон парламенти Ўш воқеаларини ўрганган парламент комиссияси ҳисоботи юзасидан 7 кун давом этган муҳокама якунига етди.

Муҳокамалардан сўнг парламент Ўш қирғини юзасидан сиёсий қарор қабул қилди ва бу қирғиннинг такрорланмаслиги учун ҳукуматга муайян чора-тадбирларни амалга ошириш кўрсатмасини берди.

Қирғизистон парламенти қарорида Ўш фожеаси геноцид, ҳарбий жиноят ёки инсониятга қарши жиноят бўлмагани қайд этилади.

Шу йилнинг 3 майида Халқаро комиссия Ўш қирғинини инсониятга қарши жиноят деб баҳолаган эди. Парламент ўз вақтида бу хулосани тан олмаслигини билдирган эди ва мана бугун ўз қарорида “Ўш қирғини инсониятга қарши жиноятдир” деган хулосани ҳам бекор қилди.

Парламент қарорида, шунингдек, Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида ўзбек лидерларининг номлари келтирилади. Парламент қарорида ёзилишича, Қодиржон Ботиров, Кароматхон Абдуллаева, Иномжон Абдурасулов ва Жалолиддин Салоҳиддиновлар айирмачилик ҳаракатига алоқадор шахслар сифатида Ўш қирғинини бошлаганлари иддао қилинади.

Парламент ўз қарорида ҳукуматга ҳуқуқ-тартибот вазирликлари, қирғин содир этилган шаҳар, вилоят ва туман ҳокимларини ўз лавозимидан бўшатиш тўғрисида ҳам тавсия берган.

Қирғизистон Бош прокуратурасига эса июн қирғини кунлари мамлакатни бошқариб турган Муваққат ҳукуматнинг 14 нафар аъзоси фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида кўрсатма берилган.

Айни пайтда Қирғизистон матбуотида миллатчилик руҳидаги чиқшларга барҳам бериш учун ҳукуматга қаттиқ назорат ўрнатиш кўрсатмаси ҳам берилган.

Парламент ҳукуматга Қирғизистон наркотикларни назорат қилиш агентлиги, Меҳнат ва миграция вазирлигини, давлат дин агентлигини ва бошқа бир қатор вазирликларни, жумладан, Қирғизистон президенти резиденциясини Ўш шаҳрига кўчириш масаласини ҳал этишни топширган.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини кескин ислоҳ қилиш, қирғиз тилини аҳоли орасида тарғиб қилиб, бу тилни бошқа миллатларга ўргатиш кўрсатмаси ҳам берилган.

Айни пайтда парламент президентдан тортиб оддий шаҳар ва туман ҳокимигача кадр сиёсатида кўп миллатлилик тамойилидан келиб чиқишга қатъий амал қилишни топширди.

Парламент Қирғизистон ҳукуматига ўз қарорида кўрсатилган топшириқларни бажариш учун 3 ойлик муҳлат берди. Бу муҳлат якунлангач, Қирғизистон ҳукумати бу борада парламентга ҳисобот бериши шарт бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG