Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Ўзбекистон чегарачилари тожикистонлик ҳамкасбларини ҳибсга олди


Ўзбекистон билан қўшни республикалар чегарачилари ўртасида можаролар тез-тез рўй бериб туради.
Ўзбекистон билан қўшни республикалар чегарачилари ўртасида можаролар тез-тез рўй бериб туради.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси тарқатган хабарга кўра, 7 июн куни Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган Тожикистон чегара қўшинларининг қўролланган зобити қўлга олинган. Икки давлат расмийлари бу ҳақда қўшимча маълумот беришдан тийилмоқда.


“2011 йил 7 июнда маҳаллий вақт билан соат 11.05да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Лавоб аҳоли пункти ҳудудида Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларининг қуролланган ҳарбий хизматчиси Ўзбекистон ҳудудига 500 метр ичкарига кирди ва Ўзбекистон давлат чегарасини бузди”,- дейилади Ўзбекистон чегара қўшинлари матбуот хизмати хабарномасида.

Расмий хабарномада, шунингдек, қўлга олиш вақтида тожик чегарачиси қаршилик кўрсатгани ва автоматдан ўзбек чегарачиларига қарата икки марта ўқ отгани айтилади.

Бу маълумотни Озодликка Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари матбуот котиби Хушнуд Раҳматуллаев тасдиқлади.

- Ҳа, воқеа содир бўлган, лекин унинг тафсилотларини изоҳлаш учун етарли маълумотга эга эмасман. Мен ҳарбий одамман ва раҳбариятимиз бу масалада бирор маълумот беришга ижозат бермагани сабабли бирор нарса дейишга ожизман,- деди Тожикистон чегара қўшинлари расмийси Хушнуд Раҳматуллаев.

Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси расмийлари эса Озодлик билан суҳбатда тожик чегарачиси қўлга олингани ҳақида мутлақо бехабар эканликларини таъкидлашди.

Матбуотда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган хабарда ўзбек чегарасини бузиб ўтган Турсунзода чегара отряди аскари, 1991 йилда туғилган, Хатлон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳри фуқароси Жаҳонгир Бахтиёр экани айтилган. Ундан жанговар патронлар билан ўқланган иккита магазинли Калашников автомати ва мобил телефон мусодара қилинган. Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси иддаосига кўра, тожикистонлик ҳарбий ўзбек чегарачиларининг қуролларини эгаллаб, кейинчалик унинг эвазига пул талаб қилиш мақсадида Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтган.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара ҳудудларида бундай воқеалар тез-тез содир бўлиб турибди.
Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси жорий йилнинг 2 апрелида тожикистонлик 15 нафар қуролланган чегарачилар Жиззах вилоятининг Зомин туманига бостириб кириб, контрабандачилар йўлини тўсишга ҳаракат қилган ўзбекистонлик чегарачилар нарядини қўлга олишга урингани юзасидан эътироз билдирган эди.

Шунингдек, 2011 йилнинг 4 апрелида Наманган вилоятининг Пунгон туманида тожикистонлик икки нафар чегарачи спорт кийимида ва қуролланган ҳолда контрабандачилар билан давлат чегарасини бузиб, Ўзбекистон ҳудудига 15 метр бостириб кирган. Улар қурол ўқталган ҳолда Ўзбекистон чегарачилари олиб қўйган контрабанда ёнилғи маҳсулотларини қайтариб беришни талаб қилганлар. Ўзбек чегарачиларининг қўшимча кучлари келаётганини сезгандан сўнг, улар Тожикистон ҳудудига ўтиб кўздан ғойиб бўлганлиги ҳақида хабар қилган эдик.

Ўзбек чегарачиларига кўра, “ўзбекистонлик чегарачиларнинг оғир-босиқлиги туфайли воқеаларнинг фожиавий оқибати олди олинган ва Тожикистон томони бу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон томонидан кечирим сўраган.”

Тожикистонлик мустақил журналист Мақсуд Жўраев охирги пайтларда бу каби можаролар сони ошиб бораётгани сабаби чегарада таранг вазиятнинг сақланиб қолишида, биринчи навбатда, чегарачиларнинг ўзи манфаатдорлигидадир, дейди.

- Айниқса, кейинги бир йил давомида чегарадан қуш учиб ўта олмайдиган бўлиб қолди. Бу оддий халқ учун - ўзбек халқи учун ҳам, тожик халқи учун ҳам - ҳар томонлама, ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан зарар. Лекин кимларгадир фойда. Кимларга фойда?! Юқори лавозимда ўтирган, бурнидан ёки ўтирган креслосидан нарини кўра олмайдиган олий даражадаги раҳбарларга моддий фойда келтиради!- дейди Мақсуд Жўраев.

Тожикистонлик таҳлилчи икки давлат ўртасида ўрнатилган чегарани икки дунё ўртасида ўрнатилган чегарага ўхшатди.

- Мен чегарадан 3 йил олдин ўтмоқчи бўлдим. Хужжатларимизни кўриб ижозат берди. “Энди ўтяпсиз, бирор нарса бермайсизми?”, дейди. Ана оддий бир лейтенант рутбасидаги ўзбек офицерининг таъмагирлиги! Тожикистондан Ўзбекистонга, Ўзбекистондан Тожикистонга юк ортилган катта машиналар ўтади. Шулар қуруқдан-қуруқ ўтмайди ҳеч қачон. Кундуз куни чумчуқ учиб ўта олмайди, лекин тунда қанча кирди-чиқди, олди-бердилар бўладики... Бу кимларгадир етиб борадиган даражалаги порахўрлик, таъмагирлик, мутаҳамлик ва талончиликдир. Чегарада турган ўзи емайди ундирган пулини, у юқоридагиларга бермаса бу чегарада ишлай олмайдику, - дейди Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида яқинида истиқомат қиладиган мустақил журналист Мақсуд Жўраев.
XS
SM
MD
LG