Линклар

logo-print

Қирғизистонда Ўш қирғини қурбонлари хотирланмоқда


Ўшдаги хотира тадбирларида фазогир Солижон Шарипов иштирок этди.

Ўшдаги хотира тадбирларида фазогир Солижон Шарипов иштирок этди.

10 июн куни Қирғизистонннинг барча ҳудудларида мамлакат байроғи туширилди.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9 да мамлакатдаги маъмурий бинолар, элчихоналар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналаридаги байроқлар туширилди ҳамда бир дақиқага ҳаракат тўхтатилди.

Хотира куни муносабати билан асосий тадбирлар Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ўтказилди.


10 июн куни Қирғизистон президенти Рўза Ўтинбаева ва Республиканинг бошқа расмийлари Ўшнинг марказий майдонида “Оналарнинг кўз ёши” монументининг очилиши маросимида иштирок этди. Бу ёдгорлик 2010 йилнинг июн ойидаги воқеалари пайтида ўз фарзандларидан айрилган, бир - бирини қучоқлаб, кўз ёши тўкаётган ўзбек ва қирғиз онаси тасвиридир.

Қирғизистон президенти монумент очилишидаги нутқида, жумладан, шундай деди:

- Азалдан бирга яшаб келганмиз, бундан кейин ҳам бирга яшаш пешанамизга ёзилган. Ёмонимизни яшириб, яхшилигимизни айтиб яшовчи бир элмиз. Тўғриси, хозир ҳуқуқ-тартибот идораларидан норозилик кўп. Ҳалқ: “Тергов жараёнларида, суд тизимида ҳақиқат йўқ”, деб айтмоқда. Бу масала Жоқорғу кенеш, раҳбарлар олдида турибди. Тез орада биз барча судларни алмаштирамиз, - деди Қирғизистон президенти Рўза Ўтинбаева.


Хотира маросимига келганлар орасида фазогир Солижон Шарипов, Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Валентин Власов, Россия, Тожикистон ва Қирғизистон муфтийлари бор эди.

Ўзбекистон томонидан бу маросимда ҳеч ким қатнашгани йўқ. Ҳолбуки, бундан аввалроқ Ўзбекистон муфтийсининг ҳам Ўшга келиши кутилаётгани айтилган эди.

Россия, Тожикистон ва Қирғизистон муфтийлари Ўш масжидларида жума намозларини ўтказишди ва ўшликларни миллатлараро бирдамликка даъват этишди.

Ўшнинг барча мавзеларида эса қурон ўқилиб, эҳсон маросимлари ўтказилди. Жумладан, уйлар ёниб, одамлар ҳалок бўлган Шарқ қишлоғида ҳам мана шундай эҳсон ўтказилди.



Ўшлик онахон Назира ая айни пайтда икки ҳалқ ҳам тинчлик тарафдори эканлигини айтади:

-Бизнинг хохишимиз тинчлик. Замонимиз тинч бўлсин, яхшилик бўлсин. Биримизни биримизга қайрашмасин! Хотиржам юрсак, бизнинг тинчлигимиз шу. Биз тинчликни истаймиз. Уруш ҳеч кимга керак эмас, - деди ўшлик онахон Назира ая.


Айни пайтда Ўш шаҳри ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қаттиқ назорат қилинмоқда. Шаҳар кўчаларида ҳар 100-150 метрда ҳарбийлар ва қуролланган милиция гуруҳларини учратиш мумкин.
2010 йилнинг 10 июнидан 11 июнига ўтар кечаси Ўшда қирғин бошланган эди. Бир неча кун давом этган хунрезликларда 470 га яқин одам ҳалок бўлган эди. Ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи ўзбек, 25 фоизи қирғиз ва 1 фоизи бошқа миллат вакилларидир.

Ўш қирғини кунлари қотилликларда айбланиб қўлга олинган 121 одамнинг 115 нафари ўзбек миллатига мансуб экани айтилади.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, Амнисти интернэшнл ва Хюман Райт Уотч ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматини бу борада танқид қилиб, адолатли тергов ва судлов ўтказишга даъват этиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG