Линклар

10 июн куни Ўш қирғинининг бир йиллиги муносабaти билан Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасини пикет қилган 15 нафар инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ҳибсга олинди.


Ўш қирғинининг бир йиллиги муносабати билан “Эзгулик” жамияти аъзолари Қирғизистон ҳукуматидан Ўш қирғини воқеаларига холисона баҳо беришни, айбдорлар жазоланишини талаб қилиб пикетга чиққан эдилар.

"Эзгулик" жамияти уюштирган пикетга “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин!”, “Қирғизистондаги инсониятга қарши жиноятлар жазолансин!”, “Муваққат ҳукумат жавобгар!”, “Ўзбекдан қўлингни торт!!!” мазмунидаги плакатлар олиб чиқилди.

Шунингдек, пикет иштирокчилари плакатида “Азимжон Асқаровга озодлик!” деган ёзув ҳам бўлган. Қирғизистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Азимжон Асқаров Қирғизистон суди томонидан июнь воқеаларида иштирок этганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ бу ҳукм юзасидан шикоят қилинган аппеляция суди ҳали ниҳоясига етгани йўқ.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу мудҳиш кунни хотирлашни унутгани етмаганидай, яна пикет иштирокчиларига бундай муносабат қилаётгани хунук иш бўлди,- дейди пикет ташкилотчиси “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова:

- Албатта, ҳозир мана шу талабларимиз учун Ўзбекистон ҳукумати бизга кўрсатган муносабати жуда ноҳақ бўлди. Энди масалан Ўзбекистон президенти Қирғизистондан 200 минг одамнинг ҳаëтини сақлаб қолиб дарвозани очиб бергани нима бўлдию, биз ҳозир ўзбекларга нисбатан қирғинни тўхтатинг деб қилган талабимиз учун мана бизни милицияхонага олиб келиб ушлаб ўтиришлари нима бўлди. Шунинг учун мен ўйлайман бизнинг ҳаракатларимиз зое кетмайди.

Мана шу йилнинг 18-20 июлида Бишкекда аëллар симпозиуми бўлиб ўтади Роза Ўтунбаева ва Ҳиллари Клинтон иштирокида. Мен унга таклиф қилинганман. Бугунги элчи маслаҳатчисига берган баëнотларимиздан ташқари мен оғзаки яна бир мурожаат қилдимки, мен бугунги берган талабларимнинг жавобини 18 июлда Роза Ўтунбаева билан бўладиган учрашувда жавобини оламан деган умидимни билдирдим,- дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари.

Унга кўра, яқин бир соат давом этган пикетни милиция ва хавфсизлик ходимлари кузатиб турган. Қирғизистон элчихонасидан вакил чиқиб, улардан икки кишини ичкарига таклиф этган. Васила Иноятова элчи маслаҳатчисига “Эзгулик” жамияти ва “Бирлик” халқ ҳаракати партиясининг баёнотларини топширганини айтади:

- Қирғизистоннинг жанубий регионида бўлиб ўтган ўтган йилги ўзбек миллатига қарши бўлган қирғин шу бугунгача ўзининг холис баҳосини олгани йўқ. Ҳаттоки халқаро текширувлар ҳам берган хулосалар қабул қилинмади. Аксинча уларнинг вакиллари қувғин қилинди, Қирғизистон душмани деб эълон қилинди. Демак, биз бир йил олдин Қирғизистон ҳукумати мана шу қирғинни келтириб чиқарганларни қўллаб-қувватлаяпти, деган баҳоимиз тўғри бўлиб чиқди. Ва бу баҳо бундан кейинги бўладиган қирғинларни ҳам кафолатламайди. Чунки эртага яна шунақа аҳвол содир бўлиши мумкин.

Бизнинг бугунги талабимиз мана шу эртанги бўладиган қирғиннинг олдини олиш ва кечаги бўлган қирғиннинг сабабчилари ҳали-ҳануз шу пайтгача жавобгарликка тортилмаганига норозилик билдиришдир. Бугунги баëнотларимизда асосий гап ана шу ҳақда. Бундан ташқари ўзим Бирлик халқ ҳаракати партиясининг Бош котиби сифатида Бирлик партиясининг баëнотини бердим. У баëнотда ҳам Қирғизистонда қирғиз фашизмига чек қўйилсин дейилган талабни қўйганмиз,- дейди Васила Иноятова.

Шундан сўнг милиция ходимлари пикет иштирокчиларини аввалдан тайёрлаб қўйилган автобусга мажбуран чиқариб, Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимига олиб борган.

Васила Иноятованинг Озодликка айтишича, уларга ёмон муносабат қилинганмаган ва бир неча соатдан сўнг озод қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG