Линклар

logo-print

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева Қирғизистонда миллатчилик жуда авжига чиққанини яна бир бор таъкидлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Австриядаги йиғинида сўзга чиққан президент Ўтунбаева мамлакатда миллатчилик авж олганини, бу иллатга қарши курашиш зарурлигини ва Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссиянинг миллатчилик масаласидаги хулосаларини тан олишини айтди.

Президент, шунингдек, Қирғизистон миллатчилик ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашишга тайёр эканлигини, аммо бу соҳада халқаро ҳамжамиятнинг ёрдамига мухтож эканини алоҳида таъкидлади.

Роза Ўтунбаева бундан олдин ҳам маҳаллий расмийлар билан учрашувида миллатчилик масаласини бир неча марта тилга олиб ўтган эди.

- Миллатчилик ва шовинистик руҳдаги демагогик нуқтаи назар жамиятни иккига бўлади, халқда норозиликни кучайтиради. Душманчилик кайфияти авж олади. Бундай ҳолатни биз бошимиздан ўтказдик. Миллий масалада ўзаро тушуниш бўлмагунича, биз барқарор давлатни туза олмаймиз. Одамлар ҳалигача ўтган йилги июн воқеаларидан сўнг ўзларига кела олмадилар. Жамиятдаги тенгликнинг бузилиши руҳий, ҳуқуқий, миллатлараро муносабатлар ва диний маданиятнинг сустлашувига сабаб бўлмоқда, - деган эди президент Ўтунбаева.

Айни пайтда Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳам деярли ҳар бир чиқишида миллатчиликка қарши курашиш зарурлигини таъкидлашдан чарчамайди. Бироқ фуқаролик жамияти вакиллари бу йўналишда ҳукумат томонидан амалий ишлар қилинаётгани сезилмаётганини айтишади.

Бишкекдаги “Эгалите” нодавлат ташкилоти ўтказган тадқиқот натижасида, миллатчилик кўринишлари Ўш ва Жалолобод вилоятларидан доимо интернационал деб ҳисобланиб келинган шимолий вилоятларга ҳам кўчгани аниқланган.

“Эгалите” ташкилоти тадқиқотчиси Иван Каменко жамиятда миллатчиликнинг кучайишига айнан қирғиз расмийларининг эхтиётсизлик билан бераётган баёнотлари кўпроқ сабаб бўлаётганини айтади:

- Мамлакатда миллатлараро муносабатларнинг кескинлашуви хавфли тенденцияга айланмоқда. Мамлакат парламентида Ўш воқеаларининг эҳтиётсизларча муҳокама қилиниши ҳам аҳоли орасида қарама-қаршилик ва миллий нафратнинг кучайишига сабаб бўлмоқда, - деди Иван Каменко.

Хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик эксперт Тўқтўғул Қақчикеев эса қирғиз ҳукумати миллатчиликка қарши кураш олиб боришга бир оз кеч қолди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Қирғизистонда аллақачон миллатчилик тарғибот машинаси ишга тушиб бўлган.

- Қирғиз тили борасида чиқарилган нотўғри қарорлар, нотўғри ишлар, телеканалларда нотўғри тарғиботнинг олиб борилиши миллатчиликнинг авж олишига сабаб бўлди. Ҳолбуки, миллатчилик Қирғизистон деган давлатнинг қотили бўлади. Буни тушунмаган айрим сиёсатчилар миллатчилик ғояларидан воз кечмаётирлар, - деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган ўшликлардан бири эса миллатчиликка қарши кураш маиший соҳадан бошланиши керак, деб ҳисоблайди:

- Ўш воқеаси оддий маиший ҳодисалардан келиб чиқди. Масалан, бир ҳунармандни бир уйга олиб бориб ишлатишади-да, кейин: “Мен қирғизман, сен Қирғизистонда яшаяпсан, шунинг учун сенга пул бермайман” деган гаплардан, ҳукумат, милиция, солиқ органларида ўзбеклар ишлатилмаётганидан ўртадаги низо келиб чиқди. Масалан, бир ГАИ ходими ўзбекни тўхтатади-да, фақат ўзбек бўлгани учун пулини олиб ёки правасини олиб қўяверади. Бундай ҳолатларни йўқотиш учун ҳукумат тузилмаларида, милиция ва бошқа ташкилотларда ҳеч бўлмаганда 30 фоиз ўзбек ишлаши керак-ку. Элнинг орасига кириб, элдан сўраш керак қандай муаммолар борлигини. Масалан, шу кунларда Ўшда ўзбеклар бундан буён ўз бизнесини қилмайди, деган гаплар юрибди. Ҳеч бўлмаганда, миллатлараро муносабатлар юзасидан аҳлоқ кодексини қабул қилиб олиш керак, - дейди ўшликлардан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG