Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:09

HRW: Тошкентнинг қарори ишимизни тўхтата олмайди


Олий суд НRW ташкилотининг Тошкентдаги идорасини тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича нуфузли Нuman Rights Watch халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш бўйича даъво аризаси Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан 2010 йилнинг декабр ойида киритилган эди.

Ўзбекистон Олий судида ташкилот ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Сергей Майоровга кўра, 9 июн кундузги соат 3 бўлиб ўтган қисқагина маҳкама чоғида Адлия вазирлиги даъвоси қондирилган ва Нuman Rights Watch халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Маҳкамада Тошкентдаги хориж элчихоналари ва дипломатик корпуси вакиллари ҳам иштирок этган.

Бунга қадар 3 июн кунига белгиланган дастлабки суд мажлиси 13 июнга қолдирилган эди.

Ўшанда суд мажлисига қўйилмаган ўзбекистонлик ўнлаб инсон ҳуқуқлари фаоллари Олий суд биноси ёнига йиғилиб, маҳкаманинг очиқ ўтиши ва унга жамоатчилик вакиллари киритилишини талаб қилган эдилар.

Сергей Майровога кўра, шундай шовқин-суронлар остида қолдирилган суд мажлисининг 9 июн кундузги соат 3 га кўчирилгани ҳақидаги хабар телеграмма кўринишида 9 июн куни кундузги соат 12 ларда унинг ишхонасига келиб тушган.

- Телеграммада суд мажлиси 13 июндан 9 июнга кўчирилгани айтилган ва мен судга таклиф қилинган эдим.

Озодлик: Агар сиз идорада бўлмаганингизда суд мажлисидан бехабар қолишингиз мумкинмиди?

- Йўқ, улар менинг мобил ва идорадаги телефонимга ҳам бир неча бор қўнғироқ қилишди. Яъни, улар менинг судда иштирок этишимни астойдил ҳоҳлаганини билдиришди.

Озодлик: Сергей, нега суд мажлисини бошқа кунга кўчиришди?

- Бунинг сабабини изоҳлашга улар мажбур эмас. Аммо, менимча ортиқча шовқин-сурон ва тўпалонсиз ўтказишни, мажлисдан ҳуқуқ фаолларининг бехабар қолишини исташган бўлса керак, дейди Ўзбекистон Олий судида НRW ташкилоти ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Сергей Майоров.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари муовини Рэйчел ДенберЎзбекистон судининг бу мазмундаги қарори кутилгани ва бу қарорни халқаро ҳуқуқий меёрларга зид, деб ҳисоблашини айтди.

- Ўзбекистон ҳукумати анча вақтдан бери НRW ташкилотининг Ўзбекистонда ишлашини истамаётганини ўз ҳаракатлари билан билдириб келаётган эди. Биринчидан, улар бизнинг вакилларимизни ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди ва натижада, бизни идорамизни ёпишга мажбур қилишди.

Бундан ташқари, бизга суд мажлисида иштирок этиш имконини ҳам беришмади. Бутун бошли жараённинг ўзи мутлақо мантиқсиз бўлди ва ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати идорамизни ёпиш ҳақида анча вақт олдин қарор қабул қилиб бўлган эди. Шунинг учун Олий суднинг бу мазмундаги қарори биз учун кутилмаган бўлмади, дейди НRW ташкилоти вакили Рэйчел Денбер.

Ташкилотнинг Ўзбекистонга оид бундан кейинги фаолияти ҳақидаги саволга эса Дэнбер: "Тошкентнинг қарори бизни ҳаракатдан тўхтата олмайди", деб жавоб берди.

- Мана қанча вақтдан буён идорамиз ёпиқ. Де-факто биз Ўзбекистон ичида ишламаяпмиз. Аммо, бу вақт оралиғида бизнинг Ўзбекистонга оид тадқиқотларимиз, суриштирувларимиз тўхтагани йўқ. 2005 йилдан сўнг биз Ўзбекистонга оид кўплаб ҳисобот ва маълумотларни чоп этдик.

Дунёдаги ёпиқ давлат биргина Ўзбекистон эмас. Худди бошқа давлатларда бўлгани каби бундан сўнг ҳам айни руҳ ва суръатда ишни давом эттираверамиз, деди НRW ташкилотининг ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари муовини Рэйчел Денбер.

Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 1996 йилда очилган ва шундан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб, таҳлил қилиб борган эди.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент бу ташкилот фаолиятига ўта тоқатсиз бўлди ва ташкилотнинг икки вакили Олег Воронцов ва Стив Свердловга акредитация бермади.

2010 йилнинг декабр ойида эса Адлия вазирлиги ваколатхонани ёпиш тўғрисидаги ариза билан Олий судга мурожаат қилди ва бу ҳақдаги хабарни 2011 йил март ойига келибгина Human Rights Watch ташкилотига маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG