Линклар

logo-print

Ўш воқеалари: Ўзбекистон ғамхўрлиги ва бефарқлиги


И. Каримов Ўш воқеаларига Қиғизистоннинг ички иши, деган позицияда қолди.

И. Каримов Ўш воқеаларига Қиғизистоннинг ички иши, деган позицияда қолди.

2010 йилнинг 10 июн куни Ўшда қонли воқеалар бошланганда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўрилаётган эди. 11 июн куни ШҲТ раҳбарлари Тошкентда машваратларини бошлаганларида Ўшда қирғин авж палласига чиқаётган эди. Бишкек расмийлари Ўшдаги воқеаларга миллий тус бермаслик лозимлигини айтаётган бир пайтда, ШҲТ саммити якуний баёнотида Қирғизистон жанубидаги воқеалардан ташвиш билдирилгач, ўша пайтда ҳали муваққат президент Роза Ўтунбаева Ўш қирғини этник низо эканини тан олди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўшда рўй бераётган хунрезлик Қирғизистон ички иши, дея баён қилди. 12 июн куни Ўшдан ўзбеклар қоча бошлади ва Ўзбекистон вақтинча қабул қилиб олган қочқинлар сони юз мингдан ошди. Бироқ кўп ўтмай чегара ёпилди ва юз минглаб ўзбеклар чегара сими ортида қолиб кетди ва бир неча кун ўтиб, Ўзбекистондаги қочқинлар ҳам қайтарила бошлади.


ШҲТга аъзо бошқа давлатлар раҳбарлари легитим, деб қабул қилмагани учун Роза Ўтунбаева Тошкент саммитига келмади. Қирғизистон делегациясига ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев бошчилик қилди.

Халқаро матбуот 10-11 июн кунлари Ўшда авжига чиққан хунрезлик қурбонлари сони аллақачон ўнлаб кишиларни ташкил этгани ва уларнинг аксари ўзбеклар эканини хабар қилаётганига қарамасдан, расмий Бишкек бўҳронга миллий низо тусини бермаслик лозимлигини таъкидаётган эди.

11 июн куни ШҲТ саммити якунида президент Ислом Каримов Ўш можаросидан хавотир билдирган бўлса-да, бу бўҳрон Қирғизистоннинг ички иши, деган позицияни баён қилди.

- Саммит декларациясида бу воқеаларга нисбатан умумий позициямиз акс этди. Биз қирғиз халқига қўлиқ ҳамдардлигимизни билдирамиз ва бу республикадаги мураккаб вазият юзасидан ташвиш изҳор қиламиз, деган эди Каримов 11 июн куни.

Ўзбекистон расмий матбуоти Ўш воқеалари ҳақида сукут сақламоқда эди.

12 июн куни ўн минглаб ўшлик ўзбеклар Ўзбекистон чегараси томон қоча бошлади ва расмий Тошкент чегарани очиб, қочиқнларни қабул қила бошлади.



Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган 400 мингга яқин ўзбеклардан Ўзбекистон юз мингини қабул қилиб олди ва чегаролди ҳудуларда улар учун бир нечта лагер ташкил қилиб, озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий хизмат билан таъминлади. Ўзбекистон қочқинлар билан боғлиқ бўҳронни ҳал этишда ёрдам сўраб халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди.

Ўзбекистон ҳукумати мисли кўрилмаган қарор қабул қилиб, хориж матбуоти, жумладан CNN ва BBC мухбирларини мамлакатга таклиф қилди ва азият чеккан қочқинларга кўрсатилаётган ғамхўрликни ёритишларига имкон берди.



Лекин Ўзбекистон расмий матбуоти Ўш қирғини ҳақида лом-мим демагани Ўзбекистон ҳукумати қочқинларга ғамхўрлик қилаётганини халқаро матбуот орқали ёритиш билан сиёсий очко олишга ҳаракат қилмоқда, деган фикрларга сабаб бўлди.

Бундан ташқари орадан бир неча кун ўтиб, 15-16 июн кунлари Ўзбекистон чегараларни ёпиб қўйди ва бевосита чегарнинг олдида, тиканли сим ортида қолиб кетган юз минглаб қочқинлар бир неча кун давомида бошпанасиз қолди.

Ордан яна бир неча кун ўтиб эса, 20-21 июн кунлари Ўзбекистон ҳудудидаги қочқинлар ҳам чегара ортига қайтарила бошлади. Ва Қирғизистонда 27 июнга белгиланган, муваққат президент Ўтунбаевани легитимлаштиришга қаратилган референдум арафсида Ўзбекистондаги лагерларда ўшлик қочқинлар қолмади.

Ўш кунлари Каримов Бухорога сафари чоғида биринчи марта давлат телевидениеси орқали Ўш воқеалари ҳақида гапириб, можарони Ўзбекистонни қўшни давлат билан уриштиришни ният қилган учинчи кучлар уюштирганини баён қилди.

Қочқинларни ортга қайтариш билан биргаликда Ўзбекистон Бош прокуатураси Қирғизистон жанубида рўй берган қотилликлар юзасидан жиноий иш қўзғаганини эълон қилди. Лекин бу ҳақда ўзбек матбуоти яна эълон қилмади. Жиноий иш нима билан якунлангани ва умуман тергов қилинаяптими ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

27 июн референдумидан кейин Каримов Ўтунбаевага Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти этиб тайинлангани билан табриклаб, мактуб йўллади.

“2010 йилнинг 27 июн куни бўлиб ўтган умухалқ референдуми натижаларига кўра, Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти ваколати берилгани билан сизни табриклаган ҳолда, Қирғизистоннинг дўстона халқига тинчлик-омонлик, барқарорлик ва ривож тилаб қоламан”, дейилади Ўзбекистон президенти мактубида.

“Ўш қирғини учинчи кучларнинг иши”, Қирғизистонда ўзбекларнинг қатлиом қилинишига аралашмасдан Ўзбекистон “узоқни кўзлаб” иш тутгани ҳақидаги баёнотини президент Каримов 20 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида қилган чиқишида ҳам қайтарди.

- Жорий йилнинг апрел ойида ўзига бўлган ишончни йўқотган президент ҳокимиятининг ағдарилиши, вужудга келган таранглик ва қарама-қаршилик, шунингдек мамлакатда легитим ҳокимият вакууми Қирғизистон жанубида миллий асосдаги даҳшатли қонли воқеаларнинг келиб чиқишига замин яратди. Натижада юзлаб одам ҳалок бўлди, минглаб бегуноҳ фуқаролар азият чекди. Республика жанубида истиқомат қилаётган қирғизларнинг ўзлари ва кўп сонли ўзбек диаспораси учинчи кучлар томонидан пухта ўйланган ва уюштирилган акциянинг қурбонларига айланди, дейишимизга барча асослар бор. Бу акциянинг мақсади нафақат мамлакатда бошбошдоқлик ва назорат қилиб бўлмайдиган вазиятни келтириб чиқариш, балки Ўзбекистонни бу даҳшатли хунрезликка тортиш ва охир-оқибат этник қарама-қаршиликни икки қўшни давлат – Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги қарама-қаршиликка айлантиришдан иборат бўлган, дея баён қилди Каримов БМТ минбаридан.

Ўзбекистон раҳбари шунингдек Ўш қирғини юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирувдан ташқари, яна бир бор Ўзбекистон юз мингдан ортиқ қочқинга вақтинча бошпана берганини эслатди.

Бу билан янги хунрезликларнинг олди олинганини таъкидлаган Каримов, ортга қайтарилган ўзбекларнинг тақдири нима кечгани тўғрисида гапирмади. Ўшдаги қирғиндан кейин бошланган ва у БМТда нутқ сўзлаётган пайтда Қирғизистон жанубида ўзбекларни таъқиб қилиш айни авжига чиққани хусусида ҳам Ислом Каримов хавотир билдирмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG