Линклар

Владивостокда ўзбеклар ҳақларини талаб қилишмоқда


Русский оролидаги қурилишда ўзбек мардикорлари кўп.

Русский оролидаги қурилишда ўзбек мардикорлари кўп.

Владивостокдаги Русский оролида ўзбекистонлик ўнлаб меҳнат мухожирлари ойлик маошлари берилишини талаб қилиб, норозилик тадбири уюштиришмоқда. Оролдаги Осиë Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлиги саммити ўтадиган биноларни қуришга жалб қилинган ўзбек ишчилари Узоқ Шарқ федерал университетининг қурилаëтган биноси олдига йиғилган.


Бу ҳақда Озодликка ўзини Бахтиёр, деб таништирган ўзбекистонлик норозилардан бири буларни гапириб берди.

- Забастовка 3-4 ой бурун бошланган. 4 ой олдин ўзбеклар чидамасдан “Э, бунақа ишлагандан ишламаган яхши”, деб Русский островни ярмини тўнтарворган. Бригадири борми, прораби борми – ҳаммасини урган! Бир ой задержка қилади, 15 кундан кейин оласан, дейди. 45 кун ишлаб уйдаги ота-онаси, боласи нима бўлади? Бир ярим йилдан бери бошландида бу – саммит, саммит, саммит... Ҳокимиятдан пул берилаётган бўлиши мумкин. Масалан, менинг қўлимда 10-15 бола ишлаган аэропорт қурилишида. Арман бўлди посредник, рус бўлди, русдан яна биттасига ўтди. Хуллас, “Бизнинг пулимизни берасизми ёки шикоят қилайликми?” десак, “Қўлингдан келса, осмонни ташлаб юбор!” деган жавобни эшитамиз. Бу началник участкани гапи, дейди иш ҳақини талаб қилаётган Бахтиёр.

Ўзбек муҳожирлари ойлик олишмаса, ҳеч қаерга кетмаслигини айтишмоқда. Ўзбек ишчиларига ойлик маош беришнинг сўнгги муддати бугун ниҳоясига етади.

Русский оролидаги объектлар қўрилишининг бош пудратчиси Crocus Group компанияси вакили Екатерина Черненко ўз навбатида Озодлик билан суҳбатда ўзбек ишчиларига маош бериш кечиктирилгани юзасидан ички тафтиш бошланганини маълум қилди.

- Аслида бу чиқишни “забастовка”, дейиш қийин. Иш берувчи 150 нафар ўзбек ишчиларига маошни 5 кунга кечиктирган, холос. Улар шунчаки ойлик берулмагунига қадар ишга чиқмасликларини айтишмоқда. Биз бош пудратчи сифатида барча тўловларни ўз вақтида бажарганмиз. Воситачи фирмалар билан жиддий гаплашдик: ойликни бермаган “Стройкомплект” ширкати узоғи билан 1-2 кун ичида қарзини узишни ваъда қилди,- дея ишонтирди Crocus Group ширкати вакили Екатерина Черненко.

Владивостокнинг Русский оролида норозилик қилаётган акциясини бошлаган ўзбек ишчиларидан бири Бахтиёр Crocus Group вакилининг иддаолари "мутлақо ёлғон", дейди.

- Бунақа гапларни эшитсам, эмоцияларимни жиловлай олмайман! 3-4 ойлик, ундан ҳам кўп ойликлари қолиб кетган болларни. Керак бўлса қорнимиз тўяётганига ҳам розимиз, ака, бўпти, ёз чиқсин, чиқиб кетайлик. Бунақа иш битта жойда бўлмаяпти: ҳамма кетяпти ана шуни орқасидан. Боллар ишлаган, 25-30 даража совуқда, тасаввур қилинг, биринчи этаждан учинчига калла куйдирадиган паялни лампа билан лопаткада бетонни қиздириб олиб чиқиб, бир кунда тўртта одам учта ғишт қўйиб ишлаган пулларини ҳам олмаган! 3 мингга қиладиган ишга 600 сўм беряпти, дейди норозилик намойишига чиққан Бахтиёр.

Приморск ўлкаси прокуратураси расмийси Елена Телегина Озодликка Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг иш ташлаши юзасидан текширув бошланганини маълум қилди.

- Бугун 2011 йилнинг 10 июнида Русский оролига Приморск ўлкаси прокуратураси ва Давлат меҳнат инспекцияси вакиллари кетишди. Жамоат тартиби Владивосток шаҳар ИИБси томонидан назорат қилиб турилибди. Ишчилар орасида жанжал бўлмаган, улар шунчаки қурилаётган университет олдига йиғилган, қолган тафсилотлар кейинроқ маълум бўлади,- деди прокуратура матбуот бўлими бошлиғи Елена Телегина.

Владивосток полициясига кўра, норозилик тадбирида тартибсизлик кузатилмаяпти, лекин вазият борган сари қалтис тус олмоқда.

Ўзбекистонлик мардикорлар Осиë Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлиги саммити ўтадиган биноларни қуришга жалб қилинган.

Сўнгги пайтда Федерал ҳукумат буюртмаси асосида Русский оролида барпо этилаётган 2012 йилнинг сентябр ойида Осиë Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлиги саммити ўтказиладиган шаҳарча қурилишида бир неча бор иш ташлашлар кузатилган.

2010 йилнинг сентябрида 200 нафар хитойлик, жорий йилнинг май ойида маош олмаган 250 нафар туркиялик, кейинроқ эса 130 нафар ўзбек қурувчилари иш ташлагани хабар қилинган.

Бош пудратчи Crocus Group ширкати маълумотига кўра, Владивостокнинг Русский оролида олиб борилаётган улкан қурилиш ишларига 12 мамлакатдан жами 11 минг қурувчи жалб қилинган ва шу кунгача инфратузулма объектларини қуриш режаси 60 фоизга бажарилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG