Линклар

Қирғизистон ҳануз "нохолислик"да айбланмоқда

  • Барно Анвар

Бир йил олдин халқаро матбуот юзини кўрган бу фотосуратда акс этган ҳарбийлар зўравонлиги бўйича шикоят аризалари ҳануз қондирилмагани айтилмоқда.

Бир йил олдин халқаро матбуот юзини кўрган бу фотосуратда акс этган ҳарбийлар зўравонлиги бўйича шикоят аризалари ҳануз қондирилмагани айтилмоқда.

Орадан бир йил ўтиб ҳам халқаро жамоатчилик Ўш қирғини сабаблари ва адолатсиз, деб баҳоланган кейинги маҳкамалар қайта кўрилишини сўрамоқда.


HRW: Қирғизистон халқаро мажбуриятини бажариши шарт

2010 йил июн ойида Ўш воқеалари содир бўлганидан бироз ўтибоқ биринчилардан бўлиб воқеа илдизини ўрганишга киришган Human Rights Watch ташкилоти дастлабки ҳисоботидаёқ воқеада гумонланаётганларга нисбатан зўравон қийноқлар ва ўзбошимча ҳибслар бўлаётганини таъкидлаган ҳамда Қирғизистон ҳукуматини буни тўхтатишга чақирган эди.

Ташкилот фожеанинг ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб гувоҳлари, жабрланганларнинг яқинлари, ҳуқуқшунослар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳукумат расмийлари, хавфсизлик кучлари ходимлари билан ўтказилган 200 дан ортиқ суҳбат асосида чоп этган ҳисоботида Қирғизистон ҳукуматини бўлиб ўтган тўқнашувлар юзасидан “холис тергов” ўтказишга “холис ният кўрсатмаётганлик”да танқид қилган эди.

Орадан бир йил ўтди ва ташкилот “Бузуқ адолат”, деб номланган яна бир ҳисоботни эълон қилди.

Human Rights Watch ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича таҳлилчиси Уле Солванг Қирғизистон ҳукумати Ўш фожеасига бугунги муносабатини ўзгартирмас экан, фожеа оқибатларини бартараф этиш имконсиз бўлишини айтади.

- Бизнинг асосий тавсиямиз шуки, Қирғизистон ҳукумати қийноқлар қўлланилганига оид барча шикоятлар устидан зудлик билан амалий ва холис тергов ўтказиши шарт.

Шунингдек, ҳукумат барча тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига тергов-суриштирув жараёнида қийноқ қўллаш мутлақо қабул қилинмаслиги ва қийноқ қўллаган шахсларга жазо муқаррар эканини уқдириши шарт. Буни қилиш Қирғизистон ҳукуматининг халқаро мажбуриятидир, дейди Human Rights Watch ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича таҳлилчиси Уле Солванг.


AI: Фожеада жабрланганлар учун адолат ўрнатилгани йўқ

Ўш фожеалари оқибатларии бартараф қилиш ва бу жараёнда қонунбузарликларга йўл қўймасликка ундаган илк ташкилотлардан яна бири Amnesty International ташкилоти бўлган эди.

Ташкилот фикрича, Қирғизистон ҳукумати ҳанузгача ўтган йили июн ойида содир бўлган фожеанинг минглаб жабрдийдалари сўраган адолатни таъминлаб бера олмаган ва шунингдек, июн воқеаларини объектив ўрганиш учун етарли ҳаракат қилмаган.

Amnesty Internationalнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Мейси Вайшердинг халқаро жамоатчиликнинг сўровлари талаб даражасида қондирилмаганини таъкидлади.

- Ўтган бир йил давомида бажарилиши шарт бўлган, аммо бажарилмаган долзарб вазифалардан бири мустақил, тўлақонли тергов-суриштирув ўтказиш вазифаси эди.

Янада хавотирли бир масала эса маҳаллий даражада ўтказилган тергов-суриштирув ишларининг бирорта халқаро ҳуқуқ нормаларига жавоб бермагани бўлди. Бу жараёнда қийноқлар, ҳибсдагиларга нисбатан ноқонуний муносабатлар, қонунбузарликлар билан ўтган маҳкамаларга гувоҳ бўлдик.

Энг муҳими эса одамларнинг бир йил ўтиб ҳамки ҳануз адолат қарор топишини кутиб яшаётганидир. Зеро, июн чоғида жабр кўрган ўзбеклар учун ҳам, қирғизлар учун ҳам адолат тўла ўрнатиб берилгани йўқ, дейди Amnesty Internationalнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Мейси Вайшердинг.


Дунё матбуоти Ўш фожеаларини қайта хотирламоқда

Ўтган йили июн ойида Қирғизистон жанубидаги Ўш, Жалолобод, Бозорқўрғон шаҳарларида содир бўлган қонли воқеалар чоғида ва унда кейин бу минтақага борган халқаро ташкилотлар вакиллари орасида йирик халқаро оммавий ахборот воситаларининг журналистлари ҳам бор эди.

Ўш ва Жалолобод шаҳридаги тўқнашувлар чоғида даҳшатли тарзда жароҳатланган тинч аҳоли вакиллари билан суҳбатлашган CNN телеканали мухбири Мэтю Чэнс жароҳатланганлар ортидан Андижондаги шифохонага борган ва Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси яқинида қурилган қочқинлар лагеридан дунё матбуотига репортаж берган эди.

Ўшанда у қулоғидан тортиб бу қулоғига қадар бўғизланган, жинсий аъзоларига эса қайноқ сув қуйиш орқали қийноқларга солинган ўзбек йигити Эркинжоннинг фожеадан омон қолганини Мэтю Чэнс мўъжиза, деб баҳолаган эди.

Шунингдек, хориж журналистлари билан бирга ўшлик ҳаваскор тасвирчиларнинг шаҳарда юрган ҳарбийлар маҳаллий аҳоли, айниқса, ўзбек миллатига мансуб ўшликларга қилган зўравонлиги акс видеолавҳалари дунёнинг йирик оммавий ахборот воситалари, жумладан Euronews каналида ҳам намойиш этилган эди.



Орадан бир йил ўтиб, хориж журналистлари ва матбуоти Ўш фожесини хотирлар экан, қонли воқеалар ортида турганлар ҳануз топилмагани ва жазога тортилмаганини алоҳида қайд этмоқда.


Робин Форестиер-Уолкер: Фожеани объектив ёритишга ҳаракат қилганмиз


Al-Jazeera каналининг мухбири Робин Форестиер-Уолкер фожеанинг илк кунларидан тортиб, кейинги бир неча кун ичида Ўш кўчаларидан ҳозирлаб узатган репортажлари орасида, жумладан, 5 ёшли зўрланган қизалоқ ҳақида ҳикоя қилган ва бу ҳикоя халқаро жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотган эди.

Орадан бир йил ўтиб ўша кунларни хотирлар экан журналист ўша лаҳзаларнинг у ва унинг теграсидаги гувоҳларга қаттиқ таъсир қилганини ҳануз аниқ ҳис қилмоқда.

- У қизнинг зўрлангани ҳақидаги хулоса ўзбек-қирғиз чегарасидаги ёрдам марказига айланган масжидда ишлаётган ўзбек докторлари томонидан айтилган эди. Менда бу хулосани тасдиқлатишнинг имкони бўлмаган.



Аммо, ўша қонли воқеалар давомида аёл-қизларнинг зўрланганига оид маълумотлар жуда кўп эди ва бундай воқеанинг содир бўлиш эҳтимоли ҳам жуда катта эди.

Лекин ўшанда биз хориж журналистлари воқеани объектив ёритмаганликда айбланган эдик ва мен бу айбловни қабул қилмаганман. Чунки, мен воқеадан жабрланган ҳамма томонлар ҳам ўзбек, ҳам қирғиз миллатига мансуб жабрдийдалар позициясини реал ёритишга ҳаракат қилганман.

Ўшандаёқ менга токи томонлар жанубдаги асл воқеликни қабул қилмас экан илгари силжиш ёки ижобий томонга қадам ташлаш имконсиз қоладигандек, сулҳга эришиб бўлмайдигандек кўринган эди, дея хотирлар экан журналист Робин Форестиер-Уолкер ҳам ҳозирги ҳукуматнинг олдида турган асосий вазифалардан бири ўтган йили июн ойида содир бўлган воқеалар юзасидан адолатни қарор топтириш эканини урғулайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG