Линклар

logo-print

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг бир қатор тожикча қўшиқлари тожикистонлик шоира Офоқ қаламига мансуб.

Тожикистонлик шоира Офоқнинг “ўзбек поп мусиқаси қироличаси” Юлдуз Усмонова билан ижодий ҳамкорлиги 2006 йилдан бошланган.

- Юлдуз Усмонова Тожикистонга сафарларидан бирида Қўрғонтепа шаҳрида ҳам концерт берганди. Ўшанда бир шоир дўстим мени Юлдузхон билан таништириб қўйди. Шеърларимдан бир нечатасини ўқиб бердим. Ёқди шекилли ҳамкорлик қилишини айтди, - дейди шеърият оламига жуда эрта кириб келган таниқли шоира Офоқ.

Ўша учрашувдан кейин Юлдуз Усмонова шоира Офоқнинг “Биё-биё” шеърини куйга солди. Бу қўшиқ мухлислар томонидан олқишланди ва тезда оммалашиб кетди:

Гар интизори туям,эй азизтарин биё,
Биё бо баҳонаи чашмам,ту беҳтарини биё.....

Ўзбек қўшиқчиси билан тожикистонлик шоира Офоқ беш йиллик ҳамкорлик давомида деярли бир - икки марта юзма-юз суҳбатлашгани маълум бўлди. Ўзаро ҳамкорлик кўпроқ телефон ёрдамида ва суҳбатлар эса рус тилида бўлаётганини айтди шоира Офоқ.

Офоқдан “Бу ҳамкорликдан хурсандмисиз?” дея сўрадик.

- Албатта хурсандман. Айниқса телевизорда ёки кўчада кетаётиб бирор студияда менинг шеърларим Юлдуз Усмонова томонидан куйланаётган пайтда қувониб, ҳатто фахрланиб кетаман. Лекин ўтган йил Душанбеда берган концертида Юлдуз Усмоновадан озгина хафа бўлдим, - деди шоира Офоқ.

Маълум бўлишича, Юлдуз Усмонованинг Душанбеда берган сўнги концертида дастур бошловчиси Юлдуз Усмонованинг тожикча қўшиқларининг бари тожикистонлик таниқли шоир Лойиқ Шерали ижодига мансублигини айтган.

Бироқ бу хатолик Юлдуз Усмонова томонидан тузатилмаган. Ўша кунги концертга тушган шоира Офоқ ранжиган ҳолда залдан чиқиб кетганини эслайди.

- Ўшандан кейин Юлдуз Усмонова билан ҳамкорликка нуқта қўйиш фикрига ҳам бордим. Лекин арзимаган нарса учун шундай қарор чиқариш нотўғри эканлигини тезда англадим. Ахир биз ўзимиз учун эмас, балки икки қардош халқ учун, бир-биридан фарқ қилмайдиган санъатимиз ва маданиятимиз учун хизмат қилишимиз керак, - дейди тожик шоираси Офоқ.

Юлдуз Усмонованинг ўзбек "примадоннаси" бўлишига қарамай камтарин ва доимо хушчақчақлиги, ҳамда енгил-елпи шеърлар билан мухлисларини алдамай, виждонан ижод қилаётгани учун уни қаттиқ ҳурмат қилишини айтади тожикистонлик шоира.

- Ўзбек халқи Юлдуз Усмоновадек фарзанди борлиги билан фахрланиши керак деб ўйлайман. У асл ўзбек санъатини дунёнинг бир қатор мамлакатларига таништирган ва виждонан ижод қилаётган, қолаверса халқлар дўстлиги учун хизмати сингган қўшиқчидир, - дейди тожикистонлик шоира.

Шуни ҳам айтиш лозимки, таниқли эстрада хонандаси Юлдуз Усмонованинг ўзбекча, туркча қўшиқлари билан бир қаторда унинг тожик тилда куйлаган қўшиқлари тожикистонликлар қаторида ўзбекистонлик мухлислари томонидан ҳам севиб тингланаётгани кузатилади.

Қўшиқлари орасидан шоира Офоқ ижодига мансуб бўлган “Ту ханда кунон магузар”, “Ман ғаме дорам”, “Ғаме нараста дорам” каби қўшиқлари шулар жумласидандир.

Тожикистонлик шоира Офоқдан билишимизча, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова тожикистонлик бошқа шоирлар билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG