Линклар

logo-print

Офтобхон: "Ўзбекистонга қочаётиб оломоннинг оёғи остида қолдик"


Офтобхон оғир ижтимоий шароитда яшамоқда.

Офтобхон оғир ижтимоий шароитда яшамоқда.

Офтобхон қирғиндан бир йил ўтиб ҳам соғлигини тиклай олмаётган ўшликлардан бири.


Офтобхон опа 34 ёшда. У 4 фарзанднинг онаси. Ўшнинг 2-Қорасув кўчасида яшаб келган. Ўтган йил Ўш қирғини пайти у истиқомат қилган уй ёниб кетган. Ўзи тўрт боласи билан Ўзбекистон чегарасига қочаётганида оломон ичида йиқилиб, ногирон бўлиб қолган.

- Ўзбекистон томонга ўтамиз деганда, ўқ овози эштилганди. Ҳамма ваҳимага тушиб қолган. Ўша пайт биз йиқилиб тушганмиз оломоннинг ичида, - дея эслайди Офтобхон.



Қирғин кунлари унинг ягона тилаги фарзандларини омон сақлаб қолиш бўлган. Унинг 4 фарзандидан тўнғичи- 16 ёшдаги Наргиза болалигидан ногирон. Офтобхон Ўзбекистонга қочаётганида бу фарзандини ўз елкасида кўтариб юришга мажбур бўлган.

Офтобхон ҳассага таянган ҳолда аранг юрганини айтади.


- Тўполонда шу қизимни кўтариб кетаётиб, яхши юрмайди, йиқилиб тушади-да, уни олиб кетаётиб қоқилиб йиқилиб тушдик, иккаламиз ҳам. Ўшандан бери яхши юра олмайман. Оёғимнинг суяги ёрилиб кетган. Ҳозир дўхтирга бориб кўринсам, тўлиқ рентгенга тушиш керак экан. У 2700 сом экан. Мени унга шароитим йўқ, пул топа олмайман.

Энди бу қизим ногирон. 6 ойилигида менингит бўлиб қолиб, юрмасдан, 10 ёшида юрган.Энди мендан кўра семиз бола. Яхши юрмайди, товонни қўймайди. Шунинг учун буни еталамасам, йиқилиб тиззалари яра бўлиб кетади. Хозир ҳам тиззалари яра. Ўзим ёнида бўлмасам иложи йўқ, - дейди ҳассага таяниб қолган Офтобхон опа.

Офтобхон опанинг уйи ёниб кетганидан сўнг, мана бир неча ойдирки қариндошининг новвойхонасида тўрт фарзанди ва турмуш ўртоғи билан яшамоқда.

- Холамнинг новвойхонаси эди, шу бир хонани берди, яшаб турибмиз. Битта хонадонда учта овсин ўтирар эдик. Икки хонадан қуриб берди, қайнукам келган. Финлар қуриб берган уйда қайнакам. Бизга уй йўқ. Энди этап билан қурилаяпти. Сабр қилиб турибмиз. Энди қурилса керак,- дейди ўшлик Офтобхон опа.

Офтобхоннниг қизи Наргиза ёшлигидан касалманд.





Офтобхоннинг турмуш ўртоғи Ўш қирғинидан сўнг мардикорчилик қилиб оила боқишга мажбур бўлмоқда. У кунига 100 сўм, яъни 2,5 АҚШ долларига тенг миқдорда пул топар экан. Бу пул эса 4 фарзандан иборат 6 кишилик оиланинг нонигагина етади.

Бугун Ўш шаҳрида Офтобхон сингари тиббий ва моддий ёрдамга муҳтожлар кўп. Суҳбатдошимиз Ўш ҳокимиятидан шу пайтга қадар ҳеч қандай ёрдам олмаганлар қаторида экан.

Тўшакка михланиб қолганлар, бир умрга ногиронга айланган ўшлик ўзбекларга ўтган йил Ўш қирғинидан сўнг бирламчи ёрдам кўрсатилган холос. Қирғизистон фуқароси бўлишига қарамай, ҳукумат томонидан бу фуқаролар на бепул тиббий ёрдам, на моддий ёрдам ололган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG