Линклар

Ўшлик ўзбеклар ота касбига қайтмоқда


Ўшлик уста Эгамберди Мамадалиев ўзи ясаган бешикларни уйи куйганларга берилган чодирда сақлаётган экан.

Ўшлик уста Эгамберди Мамадалиев ўзи ясаган бешикларни уйи куйганларга берилган чодирда сақлаётган экан.

Ўш шаҳридаги Алишер Навоий кўчасидан ўтиб борар экансиз, уйлари ёндирилган бу кўчада тупроқ устига қўйилган бешикларга кўзингиз тушади.

Бу бешикларни ўшлик бешиксоз Эгамберди Мамадалиев ясаган экан.

- Бу ота-боболаримиздан мерос ўтиб келаяпти. Ўрта Осиёда бешиксиз хонадон бўлмайди-да. Ҳатто Қозоғистон, Россияларга ҳам олиб кетишаяпти бешикларни, - дейди Эгамберди ака.



Унинг Алишер Навоий кўчасидаги бешиксозлик дўкони ўтган йилнинг июн ойида содир бўлган қонли воқеалар чоғида ёндириб юборилган.

- Орадан 6-7 ой ўтгандан кейин тикладим. Унгача бир иш қилгани ҳам қўл бормади, - дейди ўшлик бешиксоз.

Эгамберди ака тайёр бешикларни уйи ёнганларга берилган палаткаларда сақлаётган экан. У ота касбини давом эттиришига ҳомий ташкилотлар берган ёрдам сабаб бўлганини айтади.

- Қайсидир бир фирма пул ажратди. Шунга озгина асбоб-ускуна сотиб олдик, - дейди Эгамберди ака.

Бугунги кунда Эгамберди ака ва ўғиллари қўлидан турли бешиклар чиқмоқда.

- Битта бешикка бир кундан ошиқроқ вақт кетади. Тўртта ўғлимдан учтаси шу ишда ишлаяпти. Катта бешиклар 700 сўмдан 1300 сўмгача (тақрибан 15,5 доллардан 29 долларгача – таҳр.), буюртма бешиклар қимматроқ. Буни кўтаришига қараб сотилади-да. Пули бор ҳам келади, пули йўқ ҳам келади. Насияга ҳам олиб кетишади, пулини келишиб ҳам кетишади. “Бир ойдан кейин берайлик, пенсия чиққанда берайлик”, дейишади. Биз бераверамиз. Бир ойда ўттизга яқин бешик кетади. Баъзида савдо бўлмай қолади, баъзида бўлади, - дейди ўшлик бешиксоз Эгамберди Мамадалиев.

Эгамберди ака ота касбида барака мўл эканини айтаркан, Ўшда бундан бир йил муқаддам содир бўлган мудҳиш воқеалардан кейин бошқалар қатори Россияга кетмаганининг сабаб ҳам шу эканини таъкидлади. Айни пайтда ўшлик бешиксоз 2010 йил июнида содир бўлган қонли воқеаларнинг бундан буён такрорланмаслигига астойдил умид қилиб яшаётганини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG