Линклар

Қирғиз жамиятида этник озчиликларга нисбатан камситиш амалиёти давом этмоқда, бу кенг кўламли низога олиб келиши мумкин.

Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси матбуот котиби Руперт Колвилл шу йилнинг 10 июн куни Женевада билдирди.

БМТ расмийсига кўра, Қирғизистон жанубидаги миллатлараро тўқнашувлардан бир йил ўтиб, мамлакатда сиёсий вазият яхшиланган, бироқ миллий озчиликларга нисбатан дискриминациянинг хавфли амалиёти ҳали ҳам давом этмоқда.

Руперт Колвилл Қирғизистонда адолатли судлов соҳасида мавжуд бўлган муаммоларга эътибор қаратди ва бу муаммолар адолат ўрнатиш ҳамда ҳуқуқ устиворлигига нисбатан ишончни тиклаш йўлида жиддий тўсиқ бўлиб ҳисобланишини билдирди.

БМТ расмийси ўз идораси ўтган йил июн ойида одам ўлдирганларга нисбатан судловнинг амалга оширилиши бўйича барча босқичларни диққат билан кузатиб бораётганини, БМТда Қирғизистоннинг туман ва шаҳар судларидан тортиб Олий судигача бўлган барча инстанцияларидаги маҳкамалар ҳақида маълумот борлигини таъкидлади.

- Маҳкама жараёнларини кузатар эканмиз, биз ҳали ҳам суд тизимининг мустақиллиги, судланувчилар ва уларнинг адвокатлари хавфсизлиги масалаларидан ташвишланаяпмиз, - дея иқтибос келтиради Руперт Колвилл сўзларидан БМТ янгиликлар маркази сайти.

Жаноб Колвилл июн воқеаларини тергов қилиш жараёнида пора ундириш, қўлга олинганларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлиш ва уларни қийноққа солиш кузатилаётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган миллатлараро низо чоғида, расмий маълумотларга кўра, 400 дан зиёд одам ҳалок бўлган.

БМТ расмийси Ўш ва Жалолободда этник озчиликларни камситиш тенденцияси шу йил кузда Қирғизистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари арафасида айниқса катта хатар касб этишини қайд этди.

- Биз (Қирғизистонда) дискриминация ва чидамсизлик тобора кучайиб бориши, ҳатто келажакда миллатлараро зўравонлик ва кенг кўламли зиддиятга айланиб кетиши мумкинлигидан хавотирдамиз, - деди Руперт Колвилл.

Ўш ва Жалолободда содир этилган хунрезликларнинг бир йиллиги арафасида Халқаро Амнистия ва Ҳюман райтс уотч каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам Қирғизистонда инсон ҳуқуқларига халқаро меъёрлар доирасида риоя қилинмаётганидан ташвиш билдиргандилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG