Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:43

Девор қатидаги доҳийлар коммунистларга топширилди


Ортда қолаётган ҳафтада Тожикистон парламенти деворлари орасидан коммунизм доҳийларининг бюстлари топилди.

Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдоловнинг маълум қилишича, коммунизм доҳийлари Карл Маркс, Фридрих Энгелс ва Владимир Ленин бюсти мамлакатдаги ички низолар чоғида (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) йўқ бўлиб кетишдан сақлаш мақсадида шу ерга яшириб қўйилган. Шабдоловга кўра, ўша йиллар тожик жамиятида аксилкоммунистик қарашлар айни авжига чиққанди.

Иосиф Сталин бюсти эса, Шабдолов жанобларининг айтишича, сал аввалроқ, яъни КПСС ХХ съездида Никита Хрушчёв “халқлар отаси”га ҳаддан ортиқ сиғинилаётганини қоралаганидан кейин девор сувоқлари остида қолиб кетган.

- Лекин буларни девор орасига ким яширган бўлмасин, у яхши бир ишни қилибди. Албатта биз бу буюклар хотирасини унутмаслигимиз керак. Аслида доҳийларимиз хотирасини одамлар қалбидан суғуриб ташлашимиз қонун жиҳатдан ҳам, аҳлоқ жиҳатдан ҳам нотўғридир, - дейди Тожикистон Коммунистлар партияси раиси Шоди Шабдолов.

Маркс, Энгельс ва Лениннинг сополдан ясалган бюстлари Коммунистлар партиясига ўтказиб берилди, айни пайтда Иосиф Сталиннинг мармардан ясалган бюстининг вазни бир тоннадан оғирроқ бўлгани учун ҳозирча парламент биносида қолмоқда.

Шу ўринда айтиш лозимки, Тожикистон мустақиллиги йиллари коммунистик таълимот асосчилари Карл Маркс, Фридрих Энгелс ва Владимир Ленин ҳамда “халқлар отаси” сифатида кўрилган Иосиф Сталиннинг бюстлари, ҳайкаллари ва портретлари республиканинг барча ҳудудларидан олиб ташланди.

Улар номи билан аталиб келинган шаҳар, туман ва кўчалар эса форс-тожик шоирлари ва адиблари номи билан алмаштирилди.

Венгрияда Ленин ва бошқа коммунистик доҳийларнинг ҳайкаллари кимошди савдосига қўйилиб, Франция шаҳарларидан бирида пролетариат доҳийси Владимир Ленин ҳайкали ўрнатилган бир пайтда унинг Тожикистон шимолидаги энг баланд ҳайкали қулатилди.

Бундан бир неча йил аввал эса Тожикистон парламенти рўпарўсида савлат тўкиб турган Ленин ҳайкали олиб ташланиб, унинг ўрнига тожик давлатчилиги асосчиси Исмоил Сомоний ҳайкали ўрнатилганди. Эндиликда ҳайкал турган майдон ҳам “Сомоний” номи билан аталмоқда.

Аснода коммунизм доҳийларига тегишли бюстларнинг топилиши тожикистонликларнинг ҳаммасини бирдек ҳаяжонлантирди, деб бўлмайди.

Тожикистон коммунистлар партияси масъуллари ва бу партиянинг ўнлаб аъзолари учун қувончли воқеага айланган ҳафта бошидаги хабарни эртаю-кеч ризқ қайғусида юрган оддий тожикистонликлар пинак бузмай қабул қилди.

Айни хабар юзасидан суҳбатлашганимиз аксар ёшлар ота-боболари улуғлаган доҳийларни умуман танимасликлари маълум бўлди.

Озодлик: Карл Маркс, Фридрих Энгелс танийсизми?

- Йўқ,танимайман.

Озодлик: Владимир Ильич Ленинни-чи?

- Эшитганману, лекин танимайман.

Озодлик: Сиз-чи?

- Ленинни танийман. Шу кўчаларда болалардан эшитганман.

Озодлик: Ким экан у?

- Ленин шу шаҳарнинг солдати-ку.

Озодлик: Сиз ҳам Владимир Ильич Ленинни танийсизми?

- Ҳа, танийман, улар жуда мияси яхши ишлайдиган олимлар.

Хуллас, Душанбе шаҳар кўчаларида саволимизга мана шундай жавоблар бўлди.

Душанбелик Облоқул ота мустақил давлатда яшаётган тожикистонликларнинг пролетариат доҳийларини танимасликларига тарихни бузиб ёзганлар айбдор, деган фикрда.

- Ҳозир марксизм-ленинизм тамом, бирорта китобдан топмайсиз уларни. Китобда бўлмагандан кейин бу бечора ёшлар қаердан билишсин улар ҳақида, - деди Облоқул ота.

Нонвойчилик билан оиласини боқаётган Облоқул ота айнан ўша доҳийлар туфайли ўтмишда аждодлари сингари ўзи ҳам тўкин-сочин яшаганини хотирлади.

Аснода тожик жамиятида Иосиф Сталин раҳбарлик даврини эти жунжикиб эсга оладиганлар ҳам кўпчилик экани кузатилади.

Улардан бири Зера Камолиддинова бўлиб, у Қрим татарларини қатағон қилган Сталиндан нафратланишини айтди.

- Мен шахсан Сталинни кўргани кўзим йўқ. Чунки у биз Қрим татарларини қатағон қилиб, дунёнинг турли бурчагига сочиб юборди. Мана ҳозиргача Сталин сиёсатининг қурбони бўлиб юрибмиз, - дер экан Зера опа доҳийлар бюстининг топилиши ўзи ва оиласи учун аҳамиятсизлигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG