Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:50

Куйган ота қотилнинг ўлдирилишини талаб қилмоқда


Хатлон вилоят прокуратураси масъулларига кўра, Фирдавс Саидов Тожикистон Жиноят кодексининг ўн битта моддаси бўйича айбдор топилган.
Хатлон вилоят прокуратураси масъулларига кўра, Фирдавс Саидов Тожикистон Жиноят кодексининг ўн битта моддаси бўйича айбдор топилган.

Тожикистоннинг Қўрғонтепа шаҳрида ваҳшиёна қотиллик содир этган Фирдавс Саидов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2010 йил декабрида Қўрғонтепада яшовчи бир оиланинг уч фарзанди - 9 ёшли Шоҳжаҳон, 13 ёшли Лобар ва 15 ёшли Наргизни қатл қилган тожикистонлик 18 ёшли Фирдавс Саидов қолган умрини республика қамоқхоналарининг бирида ўтказади.

Тожик жамиятини ларзага солган мазкур қотиллик юзасидан жиноят ишини ўрганиб чиққан Хатлон вилоят маҳкамаси ана шундай хулосага келди.

Хатлон вилоят прокурори ёрдамчиси Варқа Зайниддиновнинг Озодликка маълум қилишича, Фирдавс Саидов Тожикистон Жиноят кодексининг ўн битта моддаси бўйича айбдор, деб топилган.

- Шундан бештаси, яъни қотиллик, балоғат ёшига етмаганни зўрлаш ва босқинчилик кабилари ўта оғир жиноятлар саналади. Юқорида айтилган айбловлар суд жараёнида ўз исботини топди. Шу важдан Хатлон вилоят маҳкамаси Фирдавс Саидовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, - деди Хатлон вилоят прокуратураси расмийси Зайниддинов жаноблари.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Фирдавс Саидов иши бўйича маҳкама жараёни ёпиқ эшиклар ортидан ўтказилди.

Хатлон вилоят прокуратураси масъули Зайниддиновнинг маълум қилишича, Саидов балоғат ёшига етмаган жабрланувчилардан бирига жинсий тажовуз қилганлиги сабабли Тожикистон қонунлари шуни тақозо қилган.

Аммо Фирдавс Саидовнинг оқловчиси Алишер Файзуллоев ўз ҳимоясидаги шахсга қўйилган айблардан баъзилари маҳкама жараёнида ўз тасдиғини топмаганини ва суд ҳукми адолатсиз бўлганини таъкидлаб, бу борада ҳар қандай изоҳдан тийилишини айтди.

Айни пайтда марҳум – Шоҳжаҳон, Лобар ва Наргизларнинг ота-онаси суд ҳукмидан норози бўлмоқдалар.

Ёруғ дунё билан жуда эрта видолашган болаларнинг отаси Олим Бекназаров Хатлон вилоят маҳкамасидан қонга қон қасосини талаб қилмоқда.

- Шу воқеага 176 кун бўлган бўлса, мен ҳар кун бир марта ўлиб тириламан. Бу кунни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ҳукм билан рози эмасман. Биз оилам билан қонга қон қасосини сўрадик. Лекин: “Бизда ўлим жазоси йўқ”, деб айтишди, - дер экан болаларнинг отаси Олим Бекназаров фарзандларининг қотилидан қасос олиш ниятидан қайтмаслигини яширмади.

Эслатсак, бундан икки ярим йил муқаддам Эрон маҳкамаси “кўзга кўз қасоси” сўралган даъвони қондирган эди.

Тожикистонлик судялар бу мамлакат Адлия тизими Эрондагидан фарқли равишда шариат қонунларига асосланмаганини, шу важдан Бекназаров жаноблари талаби эътиборга олинмаслигини билдирмоқдалар.

Айтиш лозимки, дунёга демократик ва дунёвий давлат сифатида танилган Тожикистонда 2004 йил 17 апрелида Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ўлим жазосига икки йиллик мораторий эълон қилинганди. 2006 йилдан буён ҳар йили мораторий муҳлати узайтирилиб келинади.

Гарчи Европа Иттифоқи минтақа ва дунёнинг бир қатор давлатлари сингари Тожикистонни ҳам ўлим жазосини бутунлай бекор қилишга даъват этиб келса-да, тожик расмийлари мамлакатда ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш борасида ҳали аниқ бир қарорга келганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG