Линклар

logo-print

Ўш қирғинига бир йил тўлган шу кунларда тингловчиларимиз, биринчи навбатда қирғизистонлик тингловчиларимиз эътиборига умидбахш бир эшиттириш ҳам тортиқ қилгимиз келди.


Видеолавҳа. Унда енгил машинанинг ичини кўрамиз.

Машина шифти билан олд ойнаси туташган навога видеокамера ўрнатилган, деб тушунамиз.

Камера ўзбекка ўхшаган ёши 25 лардаги ҳайдовчи йигит билан орқа ўриндиқда ўтирган ўрта ёшлардаги аёлни тортаяпти.

Ҳайдовчи аёл билан инглиз тилида гаплашаяпти. Кейин мусиқа - “Эшигинг” қўшиғи даромади эшитила бошлайди.

Ҳайдовчи аёлга “Марказий Осиёда машҳур Озодбек Назарбеков деган хонанданинг қўшиғини эшитажагини, қўшиқ Оллоҳга муҳаббат тўғрисида эканлигини” мусиқа фонида тушунтираяпти.

Ҳамкасбларим мени қўшиқ шу жойга келганда чақиришди.

“Ўшданакан, исми Неъматилло экан, балки танирсиз, Чикагода такси ҳайдаб йўловчиларга ашула айтиб бераркан”, дейишди.

Ишдан қўйишгани учун ижирғандим. Кўнгиллари ўлмасин, деб ҳамкасбимнинг компьютери олдига бордим. “Қани-и-и”, дедим пешонамни тириштириб – “YouTubeда ким кўп – ҳаваскор ашулачи кўп, ўшалардан биридир-да?!”

Ҳамкасбим роликни келган жойидан қўйиб юборди.

-Э, тўхтанг!

Ҳамкасбим чўчиб тушди.

-Неъматилло-ку, бу, дедим.

-Айтдим-ку, мен ҳам Неъматилло экан, деб.

-Ўзи айтяптими ашулани?

-Шунинг учун эшитинг дедим-да. Қаранг, овози яхшийкан-а? Танийсизми, бу болани?

-Зуҳриддин аканинг ўғли-да!

Ҳамкасбимнинг оғзи очилиб қолди - унинг Зуҳриддин акани танимаслиги хаёлимга келмабди.

Зуҳриддин ака ўтган йили Ўш қирғини кунлари ёндириб юборилган Толстой номидаги мактабда минг йилдан бери физикадан дарс беради.

Кичикроқ филдан каттароқ бу одамнинг ҳайбатидан катта фил ҳуркади. Лекин ўзи мультфильмдаги филчадай беозор.

Ўшга қўнғироқ қилдим: айтиб қўймасам бўлмайди ўғлининг қилиғини, машина ҳайдаётганда ашулага бало борми, бир жойга обориб, қарс этиб урса нима бўлади? Одам таширакан...

Озодлик: Интернетда ўғлингизнинг ашула айтганини кўрдингизми?

- Ҳа, кўрдим. Юрагимни сиқиб денг машинада кетаëтиб ашула айтиб. Бу катта шаҳар бўлса. Оббо нима бало қилгани экан-а? Болаям охири юрагингизни сиқиб-сиқиб адо қиладиган бўлади шекилли деб ўтирибмиз мана бу ерда. Оëғини ҳали у ëққа чиқариб олади, ҳали бу ëққа чиқариб олади, деб зорланди минг йилдан бери ўқитувчилик қилаётган, ўзи эндигина 55 дан ўтган Зуҳриддин ака.

Ўша эски гап-да – отанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли...

Таксист хонанда Неъматиллонинг ўзи билан ҳам боғландик, отасининг ташвишини етказдик.

Озодлик: Неъматилло, мен дадангизга “YouTubeда кўрдингизми?” десам, “Э, кўрдим. Юракни сиқди бу бола. Рулдаям ашула айтадими? Хавфлику” деб хафа бўлди. Хавфлимасми?

- Менинг машинамда Bluetooth борда. Хавфли ери йўқ менга. Бундан ташқари машинани кўп йилдан бери минаман. Профессионал бўлиб кетган бўлсам керак.

Озодлик: Демак, дадангиз қўрқмаса ҳам бўлаверади.

- Дадам қўрқмаса ҳам бўлаверади. Мен ўзим тушунтирганман. Менга ҳам айтган, дейди Неъматилло.

Хавф масаласини ҳал қилдик. “Машина ҳайдашда профессионал бўлиб кетган бўлсам керак”, деган бўлди Неъматилло.

Биз ишонган бўлдик.

Энди бошқа масалага ўтамиз. Саволимиз одобдан бўлмасаям, Неъматиллодан сўрадик.

Озодлик: Сиз қўшиқни ўзингиз айтаяпсизми?

- Ҳа, албатта. Менинг товушимда бу. Овозсиз музикаларим бор. Машинамга қўяман. Яхши стереосистемам бор.

Озодлик: Минуслар-а?

- Ҳа. Ўзим компютерда тайëрлаганман. Дискда қўяман, ўзим айтаман. У реално ўзимнинг товушим.

Озодлик: Нима учун бунақа йўл танладингиз? Нима учун пассажирларга қўшиқ айтиб беришингиз керак?

- Биринчидан, мен улардан сўрайман. Аслида мен роса қизиқиб айтадиган маҳалимда клиентлар чиқиб қоладида. Роса илҳом келганда қайтариб юборишни хоҳламайман. Ўзидан рухсат сўраб “Ашула айтмоқчи эдим. Қаршимасмисан?” десам, “Албатта” дейди. Америкаликлар жуда ҳам яхши муомалада бўлади. Улар ҳеч қачон йўқ демайди, дейди Немаътилло.

Айтганча, лавҳамизнинг бошида Неъматилло Озодбекнинг “Эшигинг”ини айтаётганди. Келинг, қўшиқнинг финалини эшитиб қўяйлик.



-That is Fantastic! деди орқа ўриндиқда ўтирган аёл. Буни тушундингиз. Кейин қайси тилда айтилди, деб сўради. Неъматилло айтди қайси тилдалигини.

Пассажир аёл, орқада ўтиргани учунми, ашулани ҳайдовчи айтганини сезмади шекилли, бу қўшиқни интернетдан қандай топиш мумкинлигини сўради.

Неъматилло Озодбек Назарбеков деган исмни лотинчада ёзиб берди.

Бир-икки ойдан кейин Озодбек Чикагога гастролга боровурса бўлаверади энди.

“Қорни кенг” Зуҳриддин ака файласуф одам - (файласуф эмас физикни кўрганмисиз?) - дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди.

Ўғлининг яхши овози борлигини билгандир. Лекин билсаям, уни музика мактабига бермаган.

Бермаганлиги унинг фарзандларига бефарқлигидан эмас, ДУНЁНИНГ ИШЛАРИГА бефарқлигидан. Бўлмаса, шундай замонда мактабда ишлармиди тўрт сўм ойликка?.....дедиму, яна ўйланиб қолдим: ё ўқувдимикин Неъматилло музика мактабида?

Ўзидан сўрадим.

Озодлик: Мусиқадан илм, маълумот олганмисиз?

- Йўқ. Дадам мени музикалний школага олиб бормоқчи бўлганида, менда у маҳалда ҳеч қанақа қизиқиш йўқ эди. Лекин ўзим ашула айтиб юрардим, дейди Немаътилло.

Пардон, Зуҳриддин ака. Ўқи, деган экансиз Неъматиллога.

Лекин, чала пардон. Бир мартагина айтгандирсиз-да, “Эй бола, музикальнийда ўқийсанми”, деб.

У “Йўқ”, деган.

“Майлинг”, дегансиз – масала ҳал.

Лекин ўзида бўлса, чиқоврарканда-а?

Ўзида бўлса Элтон Жондан ҳам айтвороврарканда-а?



Элтон Жон бўлиб берди Неъматилло.

Мактаб кўрмасаям бўловрарканда-а?

Йўқ, бўлмайди.

Мактаб кўрмаган одам эшак бозорига даллол ҳам бўлолмайди.

Лекин Неъматиллонинг масаласида бошқа қонун – Зуҳриддин аканинг физикаси қонуни ишлайди: бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди.

Гап қонда. Гап генда.

Неъматиллонинг онаси, бир умр тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаб келаётган Ҳикматхон опанинг яхши овози бор.

Бундан 35 йил муқаддам Фарғонадаги тиббиёт техникумида ўқиётган пайтда Ҳикматхон “Марҳабо талантлар” танлови ғолиби бўлган эди.

Бу эски гапларни гапириб ўтирмайлик, майли.

Яхшиси - мана бу - янги гап.

Озодлик: Ҳикматхон опа, бирорта ашулани хиргойи қилиб беринг.

- Қайсини айтиб берай?

Озодлик: Хоҳлаганингизни.

- У пайтлар Марғуба Собирова бўларди наманганлик хонанда. У қиз ëш қиз эди. тенг бўлиши керак биз билан ëки ëшроқми. Шунинг ашуласи эсимда бор.

Озодлик: Айтинг.

- Бир куплетини нима қилиб бераман. Бу ашулани биласиз сиз ҳам. (Шу ерда Ҳикматхон опа ашуладан бир парча хиргойи қилиб берди)



Товушим яхши эканми?

- Э, Ҳикматхон опа, дедим.

Кейин телефон гўшагини қўйиб қўйиб қарсак чалдим.

Чикагода такси ҳайдаб йўловчиларига қўшиқ айтиб бераётган ўшлик йигит Неъматилло тўғрисидаги ҳикоямиз ҳам адоғига етиб қолди.

Кеча Неъматилло билан гаплашаётиб, ундан ҳам бирон қўшиқни хиргойи қилиб беришини сўрадим.

- Хўп. Бу “Эшигингда” деган қўшиқ аслида қиз болага бўлган севги сифатида айтилмаган. Бу шеърни Гадоий Машраб ëзганда. Оллоҳга бўлган муҳаббати шунчалик кучли бўлганки, ҳар доим Худонинг жамолини кўришни орзу қилиб яшаган инсон. Шу шеърни ëзади. Озодбек ака буни қизларга, ëрларга атаб айтган деб ўйлайман.

Озодлик: Сиз кимга атаб айтгансиз?

- Мен ҳозир, тўғрисини айтсам, Машрабдай эмасман. Мен ëрларга атаб айтаман майли. Сизни алдамоқчимасман.

(Шу жойда Немаътилло Озодбек Назарбеков ижросидаги “Эшигингда” қўшиғидан бир парча ижро қилиб берди)

Шу жойга келганда, қўшиқнинг белига тепиб, яна Меҳрибон чақирди.

- Ўктам ака, Неъматилло Энрико Иглесиасдан ҳам айтибди, деди у.

- Йў-ў-ғ-э-э, дедим мен. Кейин қўшиб қўйдим: ўзининг қўшиғини қачон топаркин?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG