Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:11

Петербургда ўзбек болалари учун китоб чоп этилади


Ўзбек тилида чоп этилишидан аввал "Дўстлик ҳақида" китобчаси рус тилида чиқди.
Ўзбек тилида чоп этилишидан аввал "Дўстлик ҳақида" китобчаси рус тилида чиқди.

Санкт-Петербургда муҳожирлар фарзандлари учун ўзбек тилида “Дўстлик ҳақида” номли китоб чоп этилади. Лойиҳа ташаббусчилари - Петербургдаги “Турон” газетаси таҳририяти ходимларига кўра, бу китобча Россияда кўпайиб бораётган меҳнат муҳожирлари фарзандларига толерантлик ҳақида сўзлаб беради.


Санкт-Петербургда ўзбек тилида чиқадиган "Турон" газетаси муҳарририяти “Эзгулик китобчаси” лойиҳасини амалга ошира бошлади. Лойиҳа доирасида рус, ўзбек ва тожик тилларида “Дўстлик ҳақида” номли рангли китоблар чоп этилади, дейди Озодлик билан суҳбатда газета муҳаррири Анастасия Ташкина.

- 1 июнда биз толерантлик ҳақидаги бу китобчани рус тилида нашрдан чиқардик. Кейинчалик уни ўзбек болалари учун ҳам чоп этишга эҳтиёж борлигини англадик. Чунки Петербург аҳолисининг 1/6 қисми ўзбеклар экани ҳеч кимга сир эмас. Ёши катта мигрантларни тарбиялаш кеч, уларнинг фарзандлари онгида эса ҳаётда зарур бўлган қадриятлар ҳақида тушунчаларни шакллантириш осонроқ кечади,- деди лойиҳа ташшаббускорларидан бири Анастасия Ташкина.

“Эзгулик ҳақида” лойиҳасининг биринчи китоби “Турон” газетаси ва унинг асосчиси Игорь Белоусов ҳомийлигида чоп этилди, дейди "Турон" газетаси Бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов.

- Газетамиз Ўрта Осиёдан келаётган катта ёшдаги ўзбек, тожик ёки қирғизларга ёрдам берса, бу китоб мактаб ёшдагиларга мўлжалланган. Бу болаларни мактабларда кутиб олиш ҳар хил бўляпти. Шу каби тўсиқларни енгиш учун шу китобни ўйлаб чиқардикки, уни ўқиган ёшлар сал бўлса ҳам одамни миллатига қарамасдан одамлигича қабул қилишга ўргансин. Қизиққанлар бор экан, балким улар билан ҳамкорлик қилсак ҳажми кўпаяди. Санкт-Петербург ҳукуматидан озгина ёрдам бўлиб қолганида яхши бўларди,- дейди Петербургда болалар учун ўзбек тилида нашрга тайёрланаётган китоб муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов.

Унинг сўзларига кўра, китобча болаларга бағрикенглик, биродарлик, дўстлик, ўзаро ҳурмат тўғрисида сўзловчи ҳикоялардан иборат бўлиб, ҳаётдан олинган воқеалар асосида ёзилган. У китобча Россияда ўзбек муҳожирларининг болалари дуч келаётган муаммоларни англашга ёрдам бериш мақсадини кўзлайди, дейди.

- Статистикага қарасангиз, илгари асосан ёшлар келган бўлса, ҳозир 35-40 ва ҳатто 50 ёшгача бўлганларни учратиш мумкин. Бу одамлар, албатта, мактаб ёшидаги болаларини ҳам олиб келяпти. Ўзга юртда буларни мактабга киргизиш бир муаммо, кирганидан кейин коллективга қабул қилиш муаммо бўлиб турар экан. Шу муаммоларни озгина бўлса ҳам бартараф қилиш бизнинг мақсадимиз. Чунки қаерга борманг, милицияга тушаётганлар ким? Ўзимизни Ўрта Осиёдан келганлар. Уларнинг кўпчилиги болалари мактабга чиқмасдан ҳозиргача уйда ўтирибди. Сентябрда аҳвол қандай бўлади, айтиш қийин,- дейди Маҳмуд Маматмўминов.

Айтиш жойиз, ўзбек тилидаги китоблар “Эзгулик ҳақида” лойиҳаси муаллифлари ҳисобига нашр этилади ва шаҳардаги ўзбек жамиятлари ва ташкилотлари томонидан бепул тарқатилади.

Александр Герцен номидаги Санкт-Петербург Педагогика университети профессор Ирина Лысакова бошчилигидаги илмий ходимлар гуруҳи томонидан “Русский букварь для мигрантов”, яъни “Муҳожирлар учун русча алифбо” ўқув қўлланмаси ишлаб чиқилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Кузатувчилар меҳнат муҳожирлари болалари билан боғлиқ муаммолар Россиянинг деярли барча минтақаларида юзага чиқаётганини таъкидламоқдалар.

Челябинскдаги “Бобур” ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Маъмуржон Қодиров эса Россияга меҳнат қилгани келаётган катта ёшдаги муҳожирларнинг кўпчилиги ҳам рус тили ва маданиятидан сабоқ олишлари керак, деган фикрда.

- Челябинск вилоятида охирги ҳисоб-китоб бўйича 18 мингдан ортиқ одам қайдга олинган. Улардан ярмидан кўпи оиласи билан келган. Уларнинг болалари бу ердаги мактаблар бепул бўлгани учун мактабларда ҳам ўқияпти. Ҳозир бизга миграция хизмати Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан келган болалар рус тилини яхши билмаяпти, деяпти. Улар шу ерда, Россияда, рус тилини ўргатишимиз керак, деган деган муаммо кўтариляпти. Бу ерда бир-иккита домлалар маданий-оқартув курсларини жорий қилишни таклиф қилишмоқда. Ахир булар Россияга келганидан кейин рус тилини яхши билиши керак-ку. Бизда, Ўзбекистонда, рус тили камроқ ўргатилаётганидан жуда афсусланаман. Лекин катта лавозимдагиларнинг болалари аксар рус мактабларида ўқийди, оддий халқ эса миллий маданиятни чуқурроқ ўрганяпти, холос,- дейди “Бобур” ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Маъмуржон Қодиров.

Расмий маълумотларга кўра, Россия ҳудудида 12 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири яшайди. Уларнинг 2 миллиони қонуний асосда рўйхатга олинган. Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, мамлакатдаги меҳнат муҳожирларнинг катта қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.
XS
SM
MD
LG