Линклар

Қирғизистон жанубида содир бўлган этник низодан бир йил ўтиб ҳам минглаб жабрдийда ўз уйларига қайта олмаяпти.

Буни қайд этган БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги Қирғизистон ҳукуматини ўзига ишончни ошириш учун сайъ-ҳаракатларни кучайтириш ва шу йўл билан ҳамма қочқиннинг ўз юртига қайтишини таъминлашга чақирди.

Ўтган йили 10 июндан 14 июнгача давом этган этник низо чоғида 375 минг нафардан ортиқ одам уйлари вайрон бўлгани ва ўзлари зўравонликка учрагани учун яшаш жойларини тарк этган эди.

БМТ агентлиги хабарига кўра, қочқинларнинг 60 мингдан ортиғи ҳануз Қирғизистон ҳудудидаги яқинларининг уйи ёки қўшни давлатларда, яна 20 минги эса ижара уйларда яшамоқда.

Бу оилалар уйлари ҳозиргача вайрон ҳолда қолгани ва шунингдек, уйига қайтишни хавфсиз, деб билмагани учун ортга қайта олмаётганини айтмоқда.

Ўш ва Жалолободдаги 50 та маҳалла вазиятини ўрнагаётган БМТ агентлиги кўпроқ низо жабрдийдаларига ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий кўмак беришга аҳамият қаратмоқда.

Агентликка кўра, Қирғизистондаги лойиҳалар учун жами 11 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ керак. Аммо, бу маблағнинг ярмигина қопланган.

Шу боис агентлик Қирғизистондаги қочқинлар учун моддий ёрдамни кўпайтириш кераклигини таъкидлар экан, айни кезда Қирғизистон ҳукуматини қочқинлар ишончини қозониш ва этник гуруҳлар ўртасида сулҳга эришиш йўлидаги уринишларни кучайтиришга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG