Линклар

Россия Президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистонга икки кунлик сафарини Самарқандни зиëрат қилишдан бошлади.


Расмий маълумотларга кўра, 13 июн куни Медведевнинг Самарқандда бошланган ташрифи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига кўра амалга ошмоқда.

Россия президенти Ўзбекистонга ташриф давомида икки давлат ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Самарқанд ва Тошкентга ташрифидан сўнг Россия президенти Дмитрий Медведев Қозоғистон пойтахтида 15 июн куни бошланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Остонага жўнаб кетади.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти илтимосига кўра, Шанҳай ҳамкорлиги саммити олдидан Ўзбекистонда тўхтаб ўтаëтган президент Медведевнинг Тошкентда Араб баҳоридан кейин дунëда диктатор ва мустабидларга нисбатан сиëсат ўзгаргани масаласини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.

Медведев тушган учқич июн саратонида ëнаëтган Самарқандга қўнмасидан туриб, Каримовнинг Медведевдан нима тилаши ҳақидаги гап-сўзлар ҳарорати чандон баландлашди.
Самарқандни зиëрат қилиш пайтида Каримов Медведевдан журналистлар ҳамроҳлик қилмаслигини ўтинди.

Кейинги пайтда Россия ОАВларида Каримов режими сурункали танқид қилиниши, ўзбек мухолифатининг Ўзбекистон халқ ҳаракатига бирлашиб, Берлинда қурултой ўтказгани ва бу қурултойда Россия мусулмонлар кенгаши раиси Ҳайдар Жамол иштирок этгани расмий Тошкент юрагига ғулғула солгани аниқ, шу боис Каримов Медведевдан очиқлама кутмоқда.

Журналистлар иштирокисиз ўтиши Каримов тарафидан таъминланган бу учрашувда “Эҳтимолий халқ қўзғалишлари пайтида Россия Каримовни қўллайдими, ë уни бошига араб ярим оролидаги мустабидлар куни тушадими” деган масаланинг кўрилиши менга маълум, дейди "Московские Новости" газетаси халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов:

- Каримов бу борада Медведевдан аниқ жавоб кутмоқда. Кейинги пайтда Россия матбуотида берилаётган Ўзбекистон режимини танқид қилувчи материаллар Каримов назарида Кремл тарафидан буюртмаланган. Шу билан бирга Дума депутати Алексей Митрофанов блогида ëзилган ваҳимали гаплар ҳам Каримовни ҳазилакам чўчитмаган. Бунинг устига ўзбек мухолифати Ўзбекистон халқ ҳаракатига бирлашиб, Муҳаммад Солиҳ иштирокида Берлинда қурултой ўтказгани ва бу қурултойда Россия мусулмонлар кенгаши раиси иштирок этгани расмий Тошкент юрагига ғулғула солгани аниқ, шу боис Каримов бу юзадан Медведевдан очиқлама кутмоқда, дейди Марказий Осиë масалалари бўйича сиëсий таҳлилчи Аркадий Дубнов.

Суҳбатдошга кўра, “Каримов Росия матбуоти, парламенти ва сиëсий элитасидаги барча ишлар фақат Кремл изни билан бўлади, деган ишончда собит. Аслида Россия сиëсати Каримов ўйлаганидек қаттиқ марказлашмаган. Матбуот бир оз эркин. Депутатлар ҳам ўзларича баëнот бера олади.

Озодлик: Ўтган ой Россия телеканали намойиш қилган Махсус мухбир телекўрсатуви Ўзбекистондаги русийзабонлар муаммосига бағишланди. Бу кўрсатув Кремл буйруғи билан ташкил қилингани айтилади, ë бундай эмасми?

А. Дубнов: Айнан шундай. Бу кўрсатув Кремлнинг сиëсий иродаси махсулидир. Бу кўрсатув билан Кремл Каримов сиëсатидан норози эканини аниқ тиниқ изҳор қилди. Ва ўқ нишонга ҳам тегди. Каримовнинг Медведев билан телефонда суҳбатга чиқиши бежиз эмас. Боз устига араб баҳори, деган ўзгаришлар мавсумида диктаторларга қирон келаëтгани ва диктаторлар билан ҳамкорлик қилган АҚШ ҳам, Россия ҳам бир зумда, бирдай улардан воз кечгани Каримовни жиддий ташвишга солди.

Озодлик: Ҳўш, Медведев Ўзбекистондаги эҳтимолий ўзгариш пайтида Каримовни ëқлайдими, ë Каримов бошига ҳам Қаддафийни куни тушадими?

А. Дубнов: Менимча, Москва Эрк лидери Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги ўзбек мухолифатини қўллаб-қувватламайди. Менимча, Медведевнинг Оқсаройдаги Каримов билан суҳбати мана шу ҳақда бўлади.

Озодлик: Аммо диктаторларга муносабат масаласида Кремл "бургутининг" икки калласи икки ҳил фикрда. Масалан, Қаддафийни Путин ëқлаëтган бўлса, Медведев четлаяпти. Ўзбек мухолифатини Медведев ëқламагани билан Путин гуруҳи ëқлаши мумкинми?

А. Дубнов: Бу тўғри. Кремл ичида икки гуруҳ бор ва уларнинг диктаторларга муносабати ҳам ҳар ҳил. Шу маънода реал сиëсат, деган гап бор. Вазият қалтис пайтда ҳеч ким оғиб қулаëтган девор тагига бориб елкасини тутмайди.

Каримов Медведев билан учрашувни журналистларсиз ўтишини истади. Россия Давлат Думаси нашри "Российская газета"нинг Тошкентдаги мухбири журналист Владимир Березовскийнинг эса Медведевга саволи бор эди.

- Мен хозир Ўзбек қамоғида қолаëтган Россия полковниги Юрий Корепанов тақдири ҳақида сўраган бўлар эдим. Корепановнинг қамалиши Ўзбекистоннинг Россия юзига тарсаки тушуришидир.

Тошкентлик рус журналисти Владимир Березовский назарида Каримов Россиядан кутиладиган паноҳ эшикларини абадий ëпган ва ëрдам кўприкларини бутунлай ëқиб юборган.

- Каримов Россиядан мадад сўрамайди. У Россиядан умрбод юз ўгирган. Боз устига рус ширкатлари Ўзбекистондан қувилмоқда. Рус журналистларига нисбатан жиноий ишлар очилди. Камина ҳам сал бўлмаса қамалиб кетаëздим. Россия сиëсий элитаси буни билади. Қалтис дамда Россиядан кўмак бўлмаслигини Каримов ҳам билади,- дейди журналист.

Оқсаройнинг қалин деворлари ичидаги гап сўзлардан сал бўлса ҳам ҳабардор билгичлар эса Каримов мушкул пайтда фақат Россиядан мадад кутишини айтишар экан 2005 йил Андижон қирғинидан кейинги ҳолатни эслашади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG