Линклар

АҚШ Сурия ҳукумати зўравонлигини кескин қоралади


Сурия армияси ҳарбий қисмларининг Жиср аш-Шуғур шаҳрига юриши, 2011 йил 11 июн

Сурия армияси ҳарбий қисмларининг Жиср аш-Шуғур шаҳрига юриши, 2011 йил 11 июн

Сурия армияси ҳарбий қисмлари якшанба куни танклар ва вертолётлар ёрдамида Туркия чегараси яқинидаги Жиср аш-Шуғур шаҳрини ишғол қилганидан сўнг кеча хавфсизлик кучлари юзлаб одамни ҳибсга олгани айтилмоқда.

Сурия ҳукумати ўтган ҳафта шаҳарда намойишлар уюштирилганидан сўнг 120 нафар хавфсизлик ходими “қуролли тўдалар” томонидан ўлдирилганини маълум қилган.

Бироқ қочқинлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, қурбонларнинг аксари хавфсизлик кучлари отиб ўлдирган тинч аҳоли вакиллари ёки одамларни отишдан бош тортган аскарлардан иборат.

Айни пайтда Оқ Уй Сурия ҳукумати амалга оширган сўнгги зўравонликларни “кескин қоралади”.

- Бегуноҳ одамларга қарши танклар ва вертолётлар ёрдамида ҳужум қилиш, биласизми, бу президент Ассад ислоҳотлар ўтказиш ниятида эмаслигини аниқ кўрсатади. Менимча, биз европалик ва минтақадаги ҳамкорларимиз билан бирга Суриядаги воқеаларга эътиборни кучайтиришимиз лозим ва Ассадга ўз зўравонлигини тўхтатиши кераклигига аниқ ишора қилишимиз керак,- деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Марк Тоунер.

Айни пайтда БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича матбуот вакили Стефани Банкер камида беш минг нафар суриялик қочқин Туркияга ва яна шунча суриялик Ливан ҳудудига қочиб ўтганини маълум қилди.

Туркиянинг Анатолия ахборот агентлиги етти минг суриялик чегарани кесиб ўтганини билдирди.
XS
SM
MD
LG