Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:07

Душанбе Медведевни кутмоқда


Россия президенти Дмитрий Медведев (чапда) Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан суҳбатда, Сочи, 2008 йилнинг 18 августи
Россия президенти Дмитрий Медведев (чапда) Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан суҳбатда, Сочи, 2008 йилнинг 18 августи

Шу кунларда Ўзбекистонда юрган Россия президенти Дмитрий Медведев кузда давлат сафари билан Тожикистонга ҳам боради.

12 июн куни Россия мустақиллиги муносабати билан президент Дмитрий Медведевга табрик телеграммаси йўллаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон россиялик ҳамкасбини Душанбега даъват этди.

Тожикистон президентининг матбуот бўйича давлат маслаҳатчиси Саидмурод Фатоевнинг Озодликка маълум қилишича, Россия томони бу таклифни қабул қилган.

- Россия президенти шу йил сентябрида, яъни мустақиллигимизнинг йигирма йиллиги арафасида давлат ташрифи билан Душанбега келиши режалаштирилди, - дея билдирди тожик расмийси Фатоев жаноблари.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги икки йил давомида Россия ва Тожикистон алоқалари совий бошлаган.

Бироқ Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ўз табрик телеграммасида Медведев жанобларининг бу галги давлат сафари натижасида рус-тожик муносабатлари янги босқичга кўчишини таъкидлаган.

Дарҳақиқат, Россия давлат раҳбарининг Душанбега расмий ташрифи орадаги музларни эритадими? Тожикистон президентининг Дмитрий Медведевни Душанбега даъват этишдан мақсади нима?

Шу ва шунга ўхшаш тингловчиларимизни қизиқтирган саволлар билан таҳлилчиларга микрофон тутдик.

Мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров мулоҳазасича, Кремл раҳбарининг кузда Душанбега расмий сафари тожикистонликлар ва россияликлар учун ҳеч нарса бермайди.

- Бу ташриф кўпроқ Имомали Раҳмон ва Дмитрий Медведевнинг ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиши учун муҳимдир. Яъни Имомали Раҳмонга ҳозир ҳеч бўлмаганда Россия президентининг қўллаб-қувватлови жуда зарур. Чунки Имомали Раҳмоннинг 2013 йилги президентлик сайловларига Россия ёрдамисиз етиб олиши жуда қийин бўлиб қолди. Хусусан, араб баҳоридан кейин бу тахминлар янада кучайди. Бошқа томондан ҳозир Россиядаги сиёсий вазият ҳам Дмитрий Медведев учун ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Путин ва Медведев орасида кескин сиёсий кураш давом этмоқда. Шу важдан Медведев учун ҳам МДҲ президентларининг қувватлови зарур бўлиб турибди, - дер экан мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров бу ташриф тожик жамиятидаги ижтимоий ва иқтисодий вазиятнинг яхши томонга ўзгаришига ёрдам бермаслигини қўшимча қилди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, бундан икки йил аввал Дмитрий Медведев Тошкентга давлат сафари чоғида Роғун лойиҳаси борасида Ўзбекистон томонга ён босганди.

Бу, ўз навбатида, расмий Душанбенинг норозилигига сабаб бўлганди. Ўша баёнотдан кейин, таҳлилчиларга кўра, Москванинг Тожикистонга қарашли Айний ҳарбий аэродромини ижарага олиш ва Роғун ГЭСи ҳиссасининг 75 фоизи русларга топширилиши ҳамда рус чегарачиларининг тожик-афғон чегараларига қайтарилишига оид қатор таклифлари Душанбе томонидан рад этилди.

Араб баҳорининг минтақада, жумладан, тожик жамиятида ҳам такрорланиши мумкинлигига оид тахминлар тожик расмийларини анча чўчитиб қўйганига эътибор қаратар экан, таҳлилчи Раҳматулло Зоиров Тожикистон томони Россиянинг ҳарбий ҳамкорликларга оид аввалги таклифларини эндиликда сўзсиз қабул қилишига шубҳа қилмайди.

- Владимир Путинга нисбатан Дмитрий Медведевнинг Имомали Раҳмон билан муносабатлари бу томон хоҳлаганчалик яхши эмас. Шуни назарга олган ҳолда, Имомали Раҳмон Медведев билан шахсий муносабатларини ҳам яхшилаб олиш мақсадида Тожикистон номидан катта ваъдалар бериб юбориши турган гап. Яъни мамлакатдаги баъзи ҳарбий объектларни Россия ихтиёрига топириб қўйишига шубҳа қилмайман, - дейди мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров.

Бироқ Тожикистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Худойберди Холиқназаров бу фикрларга қўшилмайди. Холиқназаров жаноблари Тожикистон бундай масалаларда ўз миллий ва иқтисодий манфаатлари нуқтаи назаридан ёндошишига ишонади.

- 2004 йили Россия билан имзолаган шартномаларимизда жуда кўп нарсаларни русларга текинга бериб юбордик. Бугун у давр эмас. Ҳозир ҳамма нарса бозор иқтисодиёти шароитига қараб ўлчанади. Шу важдан мамлакат иқтисодиёти учун жуда катта даромад келтириши мумкин бўлган ҳарбий аэродромни Тожикистон Россияга текин бериб юбормайди, бирорта давлат бу ишни қилмайди. Мана, Қирғизистон “Манас” аэропортининг бир қисминигина америкаликлар ихтиёрига топшириб, йилига 160 миллион доллар ижара олади, - деди Тожикистон ташқи ишлар собиқ вазири Холиқназаров жаноблари.

Аснода бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар Россия президентининг Тошкентга расмий ташрифи Тожикистон ҳукуматини безовта қилган бўлиши мумкинлигини ва Дмитрий Медведев ҳукумати билан муносабатларни янги босқичга кўчириш истаги ҳам айнан шу безовталик туфайли эканини урғулашмоқда.
XS
SM
MD
LG