Линклар

Олмаотадаги қочқин аёллар ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин


Қозоғистон Ўзбекистонга топширган 29 қочқиннинг Олмаотада қолган рафиқалари ва болалари ҳам мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.

Олмаотадаги қочқинлар ишини ўрганаётган ҳуқуқ фаоли Денис Живагога кўра, қочқин аёллар ва уларнинг болалари 18 июндан кейин Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи бор.

- Қочқин аёлларнинг иши уларнинг эрларига қўшиб олиб борилган эди. Уларнинг эрларига қочқинлик мақоми рад қилингани учун, аёллар ҳам автоматик равишда рад жавоби олган. Аёллар 18 июнгача расмий қайддан ўтган. 18 июндан кейин миграция бўлимлари қайддан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатлари муддатини чўзмаслик ҳуқуқига эга. Шунинг учун аёллар ва уларнинг болалари мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Аёллар БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлигига мурожаат қилишлари лозим. Чунки шу пайтгача мазкур ташкилот қочқин аёллар бўйича ўз позициясини эълон қилганича йўқ. Агар улар ёрдам бермаса аёлларнинг депортацияси аниқ,- деди Озодликка Денис Живаго.

Ҳозирда Олмаотадаги қочқин аёллар ва уларнинг фарзандлари сони элликдан зиёд экани айтилмоқда.

9 июн куни Олмаота ҳибсхоналарида роппа-роса бир йил давомида сақланиб келган 29 ўзбек қочқинларининг барчаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.
XS
SM
MD
LG