Линклар

logo-print

Медведев ва Каримов яна бир-бирини огоҳлантирди

  • Барно Анвар

Тошкентда учрашган икки давлат раҳбари "араб баҳори" оқибатларидан бир-бирини огоҳлантирди.

Тошкентда учрашган икки давлат раҳбари "араб баҳори" оқибатларидан бир-бирини огоҳлантирди.

Рус нашрлари “араб баҳори”дан чўчиган Каримов Медведевни маслаҳат учун Тошкентга таклиф қилгани ҳақида ёзмоқда.


ЎзА агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов таклифи билан 13 июн куни Тошкентга учиб келган Россия президенти Димитрий Медведев ўртасидаги сўзлашувлар аэропортдаёқ бошланган.

Агентлик берган мухтасаргина хабарга кўра, икки давлат раҳбарининг 14 июнга белгиланган сўзлашувларида асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришга қаратилган.

Аммо, Россия расмий матбуоти тилга олган “араб баҳори” ҳақидаги музоракалар ҳақида ўзбек расмий матбуотида бир жумла ҳам гап йўқ.

Россиянинг “1 Канали” эса ҳар икки президентнинг айнан шу масалада берган баёнотини эшиттирди.

Жумладан, президент Димитрий Медведев Шимолий Африка ва Яқин Шарқ давлатларида бўлган воқеаларнинг оқибатлари узоқ вақт халқаро майдондаги муносабатларга таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлади.

- Биз, шубҳасиз, бу воқеалар бизга тушунарли ва маълум бўлган сценарий асосида ривожланишидан манфаатдормиз, чунки бу давлатлар билан бизни кўзга кўринмас равишда боғлаган кўплаб ришта бор,- дер экан Димитрий Медведев араб диёридаги воқеалардан сўнг Россиянинг бошқа давлатлар, айниқса, ён қўшнилари билан алоқалари мураккаблашиши ва ҳатто, деструктив характерга эга бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ўз навбатида бунга жавобан сўзлаган президент Каримов эса тўғридан-тўғри муддаога кўчди.

Ўзбекистон раҳбари “араб баҳори”нинг икки давлат етакчиси ўртасидаги бугунги муҳокама яқин келажакда бу ғалаёнлар таъсирида юз бериши мумкин бўлган воқеалар арафасидаги маслаҳатлашув ўлароқ муҳим экани ва бундан ҳар икки томон тенг манфаатдор экани ҳақида гапирди.

- Бугун Шимолий Африка ва Яқин Шарқда бўлаётган ҳамма воқеалар, Афғонистонда шаклланаётган бугунги вазият, ишончим комилки, ҳам Россия, ҳам Ўзбекистонни хавотирга солмаслиги мумкин бўлмаган масалалардир. Энг биринчи навбатда, бизнинг умумий позициямизни ишлаб чиқиш нуқтаи-назаридан, яқин келажакда ҳал қилиниши керак бўлган масала бўйича фикр алмашиш нуқтаи-назаридан, деди Ўзбекистон раҳбари.

Россия мустақил нашлари Димитрий Медведевнинг Ўзбекистонга бориши ҳақидаги хабар пайдо бўлганидан буён президент Каримов Ўзбекистонда ички ғалаёнлар эҳтимоли боис ёрдамга муҳтожлик сезиб, Россия раҳбарини таклиф қилгани ҳақида ёзмоқда.

Айрим нашрлар эса Димитрий Медведев Каримовдан тинч йўл билан ҳокимиятни тарк этишини сўраб боргани ҳақида ёзмоқда.

Жумладан, бу ҳақда ёзган Россиядаги нуфузли нашрлардан бири Коммерсантга интервю берган Россиядаги “Адолатли ташқи сиёсат учун” маркази бош директори Сергей Зацепилов Ўзбекистонда сиёсий беқарорлик бўлишини истамаётган Россия раҳбарияти Ўзбекистон раҳбариятининг бугунги аҳволидан унумли фойдаланиши ва масалани кўндаланг қўйиши ҳақида сўзлади.

“Медведевнинг бу сафардан кўзлаган энг асосий мақсади – Ўзбекистонни ўзига боғлаш ва ШҲТда Хитой иштирокидаги Осиё минтақаси хавфсизлигига оид янги система тузилиши олдидан Ўзбекистон билан бу борада келишиб олиш бўлади. Ўзбекистонда ички ғалаёнлар содир бўлиши эҳтимоли бор. Ҳукуматнинг энг юқори эшелони ўзгариши ҳам кутилмоқда. Шу боис, ҳокимият алмашинуви силлиқ, тинч ўтиши ва ШҲТнинг хавфсизлик бўйича тегишли ваколатларни зиммасига олиши, Ўзбекистон томони эса бу масалада яқин ҳамкорлик қилишини таъминлаш жуда муҳимдир”, дея таъкидлайди Коммерсант нашрига сўзлаган Сергей Зацепилов.

Айни нашрга сўзлаган Москва Давлат университети қошидаги Собиқ Совет давлатлари бўйича тадқиқотлар маркази директори Алексей Власов эса сиёсий беқарорлик пайдо бўлган тақдирда Ўзбекистон Россиядан кўмак сўрайди, деб ҳисоблайди.

“Афтидан ўзбек эстаблишменти араб диёрида содир бўлган сўнгги воқеалардан ва бунинг Ўзбекистонда, хусусан, бу ердаги радикал исломий ташкилотлар фаолиятида акс этишидан қўрқувга тушганга ўхшайди. У ҳолда Вашингтондан ёрдам келиши даргумон, албатта. Бироқ, истаган тақдирда Ўзбекистон Россиядан жиддийгина ёрдам олиши мумкин. Ҳозир Ўзбекистон ўз сиёсатини дам Хитой, дам Россия, дам Ғарбга мослаб келмоқда. Аммо, ҳозир афтидан шундай фурсат туғилдики, Ўзбекистонда яна Москвага юз буриш имкони пайдо бўлди”, дейди Алексей Власов.

Шу ўринда эслатиш керак, Россия матбуотида Ўзбекистонда халқ ғалаёнлари юзага чиқиши мумкинлиги ва Россия ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бундай ҳодисаларга тайёр туриши кераклиги ҳақида хабарлар анчадан буён кузатилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистондан қувилган мухолифат гуруҳларининг айримлари “Ўзбекистон халқ ҳаракати” номи остида бирлашиб, сиёсий тадбирларни уюштираётгани ва айрим мухолиф гуруҳларнинг Ўзбекистонда смс-инқилобини амалга ошириш ҳақидаги даъволари рус экспертлари тахминини қайсидир даражада қувватлаётгандек кўринмоқда.

Ўзбекистонда эса ҳукумат нафақат бу жараёнлар, ҳатто, араб диёридаги ғалаёнларга оид хабарлар оқимини мутлақо бўғиб қўйганига қарамай ҳукуматнинг эҳтимолий исён потенциали кўрилаётган гуруҳлар, айниқса, диндорлар устидан назоратни кучайтиргани айтилмоқда.

14 июн куни Россия президенти Димитрий Медведев билан Ўзбекистонда эҳтимолий сиёсий беқарорлик бобида маслаҳатлашиб олган президент Каримов шу куниёқ ШҲТнинг навбатдаги йиғилиши учун Остона шаҳрига жўнаб кетди ва россиялик таҳлилчилар фикрича, Остона йиғилишида ҳам Тошкент учрашувларида тилга олинган “араб баҳори”нинг ШҲТ давлатлари ҳудудига таъсири муҳокамаси кун тартибида бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG