Линклар

logo-print

"Дийдор ширин"га чиқиш пуллими?

  • Садриддин Ашур

Хоразмлик Рауф Оллобергановнинг айтишича, "Дийдор ширин" кўрсатувида тор билан билан чиқиш ҳам маън этилган.

Хоразмлик Рауф Оллобергановнинг айтишича, "Дийдор ширин" кўрсатувида тор билан билан чиқиш ҳам маън этилган.

Хоразмлик санъаткор Рауф Оллоберганов "Дийдор ширин" кўрсатувига чиқиш учун 400 минг сўм талаб қилинаётганидан шикоят қилди.


“Раҳм қилинг, ҳокимлар”

дейди Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи Умиджон Хўжаев. Тингловчига кўра, у аввалги туман ҳокимининг рухсати билан 2 сотих ерга уй-жой қурган, бироқ ҳужжатларни расмийлаштирмасдан собиқ ҳоким қамалиб кетган. Энди эса, янги ҳоким уни судга бериб, ерни давлатга қайтаришни талаб қилмоқда. Умиджон туман ҳокимидан бағрикенг бўлишни илтимос қилади:

- Уйимизни сотган эдик-да. Домнинг атрофида икки сотих ер бор эди ташландиқ. Олдинги ҳокимимиз билан келишган ҳолда ўшани "ҳокимиятдан қарор қилиб бераман" деб пулимни олган эди. Баъзи сабабларга кўра, у ҳоким қамалиб кетди. Ҳозирги ҳоким энди судга берган. Суд бугун бўлиб ўтди. Суд бир тарафлама қарор чиқараяпти-да. Фақат ҳокимиятнинг тарафини олаяпти. “Ноқонунийми? Бузишга ҳаққи бор” демоқчи-да. Лекин атрофда мойка, магазин, бошқа нарсаларнинг қурилишига рухсат берилиб ëтибди.

Озодлик: Сиз нима қургандингиз?

- Мен туриш учун бир комплект иморат қурганман, холос.

Озодлик: Демак, сиз ўша пайтда ҳужжатлаштирмагансиз. Эски ҳоким пулингизни олиб еб юборгану ҳужжатлаштирмаган-а?

- Шунақа бўлган. Айтганимизга прокурор ҳам қулоқ солмайди, ҳоким ҳам аризамизни қабул қилмайди. Қабул қилишни хоҳламайди-да. Шароитимизни тушунишни хоҳламайди. Яшаб турган уйни бузишмоқчи-да. Иморат қуришга ҳозир шароитни биласиз, имконият йўқ-да. Олдинги ҳоким қарори бўйича ҳеч бўлмаса 1 сотих ер берганда ҳам бошқа гап эди. Ўшани ҳам эшитишни хоҳламаяпти. Давлат ўз фуқаросини кўчага чиқариб ҳайдамайдию тўғрими, - дейди ғиждувонлик суҳбатдошимиз Умиджон Хўжаев.


“Дийдор ширин”га чиқмоқчи бўлсанг, 400 минг сўм тўла!

дейди Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувларига чиқиш учун пора талаб қилинаётганидан шикоят қилган хоразмлик санъаткор Рауф Оллоберганов.

- Рауф Оллобергановман. Хоразмликман. Комилжон Отаниëзовлар қатори ҳофизман, ҳам тарихчиман. Уч олий маълумотга эгаман. Хоразм мақомлари, Тошкент мақомлари, тарих, философия, дутор, танбур чалишларнинг ҳаммасининг мутахассисиман, ука. Ëшим 72 да. Телевизорлар тўғрисида айтмоқчи эдим. Бутун лўттибозхоналарга айлантириб юборди. “Дийдор ширин” деган эшиттиришлари бор экан. Мен ҳам қатнашай десам, Насиба Мақсудова деган бошлиқ экан, "400 минг сўм пул берасиз", дейди. Эшиттиришда қатнашиш учун берасиз, дейди. Мана хотиним ҳам тинглаб турди.

Озодлик: 400 минг сўм нима экан бу? Пора эканми?

- Пора бўлса керак-да. Бошқа нима бўлади? Кейин қаердаги йўқ нарсаларни санъатга алоқаси йўқ одамлардан чиқариб гапиртириб, у-бу қилиб шарманда қилиб, ҳалиги “Оҳанрабо”си ҳам шунақа. Озарбайжон тори 100 йиллардан бери Хоразмнинг энг мураккаб сувора, "Феруз"ларни ижро қиладиган мусиқа асбобида бу. Тор билан чиқаришни ман қилиб қўйибди бу телевидение.

Озодлик: Нега?

- Билмайман. Кимга теккан бу мен ҳайронман, дейди хоразмлик санъаткор Рауф Оллоберганов.


“Қирғиз радиоси бизникини уриб ташламоқда”

дейди наманганлик Таваккалхўжа.

- Бир масала бўйича қўнғироқ қилган эдим. Наманган вилояти Чортоқ туманида яшайман. Фарғона водийсининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудлари кўп-ку. Айнан Чортоқ, Янгиқўрғон туманига қарашли қишлоқлар, умуман эфир каналларининг ўрнини Қирғизистон каналлари босиб олган. FM каналларида умуман битта каналнинг шунақа диапазони кенгки, босиб олган-да. FMнинг бошидан охиригача битта нарса чиқади. Жуда диапазон кенг.

Озодлик: Телевидение қандай кўрсатади?

- 10-канал дейишади, тасвири яхшию лекин овозини эшитиш қийин. Чунки радиотўлқин ўша каналгача тарқатилган, - дейди чортоқлик Таваккалхўжа.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG