Линклар

Россия армиясида православ руҳонийлари билан бирга мусулмон муллалари лавозими жорий қилинади. Уфадаги Россия Ислом университети ҳарбий қисмларда мулла лавозимига мутаҳассисларни тайёрлашга киришди, дея маълум қилди Россия Бош муфтийси Талгат Тожуддин.


Россия армиясида "полк мулласи" лавозими жорий қилиниши ҳақида "Эхо Москвы" радиосига берган интервьюсида маълум қилган Россия Бош муфтийси Талгат Тожуддинга кўра, Уфада жойлашган Россия Ислом университетида ҳарбий қисмлар учун ислом руҳонийлари махсус тайёргарликдан ўтади.

- Биз биринчи навбатда истеъфодаги офицерлар, ҳарбийлар Россия Ислом университетида махсус тайёргарликдан ўтиши, умуман бу ишга Қуролли кучлар ҳаётини яхши биладиган кўнгиллиларни жалб қилишни режалаштирмоқдамиз. Бир вақтлар чор Россияси даврида полк имомлари жуда кўп бўлган ва улар диний бошқарма томонидан бошқарилган ва тайинланган,- деди Россия Бош муфтийси.

Талгат Тожиддин сўзларига кўра, ҳарбий қисмларда ҳозирча ўнга яқин ҳарбий мулла лавозими жорий этилиши режалаштирилган.

Россия армиясида жиноятчилик ва бошқа муаммоларга қарши курашишга турли дин вакиллари жалб қилинаётгани айтилмоқда.

Шу мақсадда 2009 йилда Россия Федерацияси Қуролли кучлар таркибида диндор ҳарбий хизматчилар билан ишлаш Бош бошқармаси тузилди. Бошқарма раҳбари Борис Лукичев ҳарбий қисмларда руҳоний лавозимининг жорий қилиниши фақат ижобий натижа беришини таъкидлайди.

- Россия Қуролли кучлари таркибида ҳарбий руҳонийлар лавозимининг киритилиши Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг 2009 йилнинг июлида Рус черкови патриархи Кирилл ва бошқа диний конфессия раҳбарларининг мурожаатига жавоб сифатида қабул қилиниши лозим. Бу қарор армиямизда бўлаётган янги сиёсатга мос келади. Бунгача ҳарбий қисмлардаги барча руҳонийлар кўнгилли равишда фақатгина психологик кўмак бериб келган ва албатта ижтимоий ҳимояланмаган эди,- дейди Диндон ҳарбий хизматчилар билан ишлаш Бош бошқармаси бошлиғи.

Борис Лукичев руҳонийларнинг ҳарбий аскарлар орасида олиб борадиган ташвиқот ишлари миллатлараро ва динлараро тушунмовчиликларни енгишда кўмаклашади, деган фикрда.

Аммо Россия Аскарлар Оналари Қўмиталари Иттифоқи раисаси Валентина Мельникова дин пешволарининг бундай ташаббусини тушунса-да, ҳарбий муллалар институтининг жорий қилинишига мутлақо қарши эканини айтади.

- Биз 1989 йилдаёқ ҳарбий қисм ичкарисида ҳар қандай руҳоний лавозимлар жорий қилинишига қарши чиққанмиз, чунки бу Россия империяси тарихидан маълум. Уларга армияда сиёсий қисм офицерлари - замполитлар вазифасини бажариш юклатилади. Тушуниб турибманки, Россия армиясида православ руҳонийлари лавозимининг борлиги мусулмон аскарларини камситаётгандек туюлиши табиий. Зарурат туғилса, солдатлар ҳарбий қисм яқинидаги черковга қатнаши мумкин, мусулмонлар эса маҳаллий масжидга бориб келиши мумкин. Қолаверса, Конституцияга биноан Россияда черков давлатдан ажратилган, бу ҳақиқатни ҳеч ким бекор қилганича йўқ,- дейди Россия Аскарлар Оналари Қўмиталари Иттифоқи раисаси Валентина Мельникова.

Россия мудофаа вазирлиги матбуот вакили Владимир Аникиндан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Россия Қуролли кучларида православ, ислом ва буддавийлик динлари вакилларига 240 ҳарбий ва 9 ноҳарбий лавозимлар ажратилган.

Бироқ, ҳарбий муллаларни тайёрлашга мутаҳассислашгани айтилаётган Уфадаги Россия Ислом университетнинг теология-педагогика факултети декани муовини Тимур Салиҳов Озодлик билан суҳбатда олигоҳда махсус ҳарбий муллаларни тайёрлайдиган алоҳида бўлим йўқлигини маълум қилди.

- Полк мулласи ёки полк имоми ва оддий мулла ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, улар умумий дастур асосида тайёргарлик ўтайди. Бизда мутаҳассисликка эга бўлаётган битирувчилар ҳам оддий масжидда, ҳам ҳарбий қисмларда фаолият юритиши мумкин. Шунинг учун, "ҳарбий қисмлар учун муллалар тайёрланаяпти", деган иддаолар раҳбарларимиз томонидан қилинган баландпарвоз баёнотлар асосида пайдо бўлган бўлиши мумкин, холос,- дейди Уфадаги Россия Ислом университетининг теология-педагогика факултети декани муовини Тимур Салиҳов.

Маълум бўлишича, Россия ҳарбий қисмларида кўнгилли равишда жами мингга яқин православ руҳонийлари хизмат қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG