Линклар

Қ.Ботиров: Бакиевнинг ёнида турганлар бугун парламентда

  • Сарвар Усмон

Қодиржон Ботиров Ўш фожиасини уюштириш учун 100 минг доллар сарфлаганига оид ўзига нисбатан илгари сурилаётган иддаоларни кескин рад этди.

Қодиржон Ботиров Ўш фожиасини уюштириш учун 100 минг доллар сарфлаганига оид ўзига нисбатан илгари сурилаётган иддаоларни кескин рад этди.

Ўш қирғини юзасидан Қирғизистон Миллий комиссияси ва Халқаро комиссия ҳисоботларида ўзбек лидерлари чиқишларида автономия талаби ва айирмачиликка чақириқлар бўлмагани эътироф этилган эди. Бироқ парламент ҳисоботида Ўш қирғини ташкилотчилари сифатида ўзбек лидерларининг номлари келтирилиб, Қодиржон Ботиров, Кароматхон Абдуллаева, Иномжон Абдурасулов ва Жалолиддин Салоҳиддиновлар айирмачилик ҳаракатига алоқадор шахслар сифатида Ўш қирғинини бошлаганлари иддао қилинади. Озодлик Ўш воқеаларини ўрганган парламент комиссияси аъзоси депутат Бўдўш Мамировадан икки расмий комиссия хулосалари ўртасидаги кескин тафовут сабабини, Республика ўзбек миллий-маданий маркази раиси ўринбосари Қодиржон Ботировдан эса, парламент хулосасига муносабатини сўради.


Депутат Бўдўш Мамирова бир неча ҳамкасби билан Чехияга қилган хизмат сафари доирасида 10 июн куни радиостанциямизда ҳам бир неча соат бўлди ва биз у кишига бир-икки савол бериш имконига эга бўлдик.

Депутат Мамировадан Қирғизистоннинг икки расмий комиссияси хулосаларида бизни қизиқтирган масалада нима учун бу қадар фарқ пайдо бўлганини сўрадик. Ҳақиқатни ким айтди – Миллий комиссиями ёки парламент комиссиясими?

- Мен бизнинг комиссия хулосаси энг тўғри хулоса, деб туриб олмоқчи эмасман. Миллий комиссия хулосаси ҳам нотўғри хулоса, демоқчимасман. Биз бир-икки одамдан эшитганимизга қараб хулоса қилганимиз йўқ. Уч ой ишладик. Миллий комиссия йўл қўйган камчиликларни тўлдирдик, деди депутат Бўдўш Мамирова.

10 июн куни Озодликнинг Прагадаги таҳририятида бўлган яна бир қирғиз депутати, “Ата-Мекен“ фракцияси аъзоси Абдижапар Бекматов ҳам Озодлик саволига жавоб берар экан, ўзбек лидерларини қандайдир экстремистик кучлар қўлида қурол бўлган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурди.

- Тилга олинаётган фуқаролар бошқа томондаги экстремистик кучларнинг қуроли бўлиб хизмат қилгандир, деди депутат Абдижапар Бекматов.

Ўрганаётганимиз масалада фақатгина тахмин қилаётганига қарамай, депутат Бекматов парламент ҳисоботини Ўш воқеаси бўйича энг тўғри ҳисобот, деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.

Биз парламент айблаётган ўзбек лидерлари рўйхатида биринчи бўлиб тилга олинадиган республика ўзбек миллий-маданий маркази раиси муовини, Қирғизистон парламентининг экс депутати Қодиржон Ботиров билан ҳам боғландик.

Унинг айтишича, ҳамма гап парламентда собиқ президент Бакиев тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилганидадир.

Озодлик: Миллий комиссия ўзбек лидерларининг чиқишларида сепаратистик чақириқлар бўлмаган деган бўлса, парламент комиссияси ўзбек лидерларини, хусусан сизни Ўш воқеаларига бевосита алоқадор, айбдор деган хулосага келди. Иккита ҳисобот ўртасидаги бунчалик фарқнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Асосий сабаби бугунги Қирғизистон парламентига қайси одамлар қайси ҳолатда депутат бўлиб депутатлик мандатини олди? Бари гап шунда. 13 майда Қирғизистон жанубидаги учала областни ҳам булар босиб олишди. Буларнинг асосий мақсади республиканинг жанубини қўлга киритиб, жанубни республикадан ажратиб олиш сепаратистик ишлар буларнинг ишлари бўлган. Ҳаммаси ҳозир мандат олиб ўтиришибди. Лекин кеча Бакиевнинг ëнида бўлган, деди Қодиржон Ботиров. (Жаноб Ботиров билан суҳбатни тўлалигича сайтимизда тинглашингиз мумкин)



Ўш қирғини юзасидан парламент ҳисоботининг 2 июн кунги муҳокамаси чоғида комиссия раиси Тўқўн Мамитов “Қодиржон Ботиров Аъзамжон Акбаров деган шахсга Ўш воқеаларини уюштириш учун БТА банки орқали 100 минг доллар ўтказган” деган эди.

Жалолободлик Аъзамжон Акбаров қирғиз сиёсатчилари ўзбекларники, деб ҳисоблайдиган “Родина” партияси раиси. Шу кунда Қирғизистондан ташқарида яшашга мажбур Акбаровни ҳам топдик.

100 минг доллар юзасидан саволимизга жавоб берар экан, Акбаров гапни 2010 йилнинг 17 июнида у Бишкекда қўлга олингани, ҳибсхонада қийноққа солинганидан бошлади.

- Энг чидамаганим бошимга салафан пакет, икки мартасига чидадим. Учинчи мартасига чидамадим. Юрагим ўйнаб кетди. “Нима керак сенларга?” десам, “Мана бунақа, мана бунақа нарсани ëзасан” деди.

Озодлик: “Мана бунақа” деган нарсани конкрет айтинг. Нима?

- Ëзасан что сен Ботиров сенга пул берди, сен ўшани Ўшга ўтказдинг. Бўлмаса битта обяснителний ëздим мен уларга ҳақиқий бўлган нарсани. Йўқ, деб бошқатдан иккинчи обяснителний ëздиришади. Кимга жўнатдинг, мана шунча пулни нима қилдинг деб ëзасан дейди. Менинг бошимга қайси бир фамилия тўғри келса, ҳозир ҳам эсимда йўқ қайси фамилия деб айтганим, битта фамилияни айтаман ўшанга ўтказди, бўлмаса қайси ахмоқ Жалолободдан Ўшга 100 минг долларни через банк ўтказади, деди Аъзамжон Акбаров.

(Жаноб Акбаров билан суҳбатни тўлалигича сайтимизда тинглашингиз мумкин. Суҳбат давомида у ҳибсдан озод бўлиш учун терговчига неча минг доллар берилганини тўғрисида ҳам айтиб берган)



100 минг доллар масаласини Қодиржон Ботировдан ҳам сўрадик.

Озодлик: Сиз гўëки 2010 йилнинг 18 майида Аъзамжон Акбаровни чақириб унга 100 минг доллар ўтказганмишсиз ва бу пуллар июн воқеаларини уюштириш учун ўтказилганини Аъзамжон Акбаровга айтганмишсиз. Шунақа воқеа бўлганми бўлмаганми?

- Йўқ. Бу албатта туҳмат. Бу депутатский комиссия тузилиб, булар парламентда Аъзамжон Акбаров берган кўрсатмани “мана бизда ҳаммаси тасдиқланди” дегани ҳаммаси ëлғон. Сабаби Аъзамжон Акбаров ўша даврда “Родина” партиясининг раҳбари бўлиб, Бишкек шаҳрида бўлган. Бишкек шаҳрида бу кишини олиб кириб ўтқазишган. У билан биргаликда Кароматов Озодбекни ҳам олиб кириб ўтқазишган. Буларга очиқдан очиқ жуда катта давление қилишиб, шундай ҳаракат қилишган шундай нарсаларни ëзишасан деб. Лекин бундай ишларни, мана Аъзамжоннинг ўзининг аризасида алоҳида кўрсатилаяпти, бу нарса бўлган эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз нимага сарф қилишимиз керак? Нима мақсадда? Агар бу нарсада ўй-фикрим бўладиган бўлса, нимага мен Аъзамжонга унақа пулни ўтказишим мумкин? Мен ўзим Жалолободда бўлсам, мен халқ билан ҳар куни бирга бўлаëтган бўлсам. Менга қанақа зарурлиги бор эди у нарсанинг? Булар ҳаммаси уюштирилаëтган ва одамларни шундай нарсалар билан алдаб, ўзбекларни қоралаш ниятида мана шундай ишлар уюштирилаяпти, деди Қодиржон Ботиров.

Тинглаганингизга шуни қўшимча қилиб қўймоқчимизки, БТА банки Қодиржон Ботиров Аъзамжон Акбаровга 100 минг доллар ўтказгани тўғрисидаги парламентда эълон қилинган информацияни 2 июн куни расман инкор этди.

Бу ҳақдаги хабарни ўша куниёқ Қирғизистондаги ахборот агентликлари, жумладан “Белий пароход” агентлиги тарқатган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG