Линклар

Би-би-си: Ўринбой Усмон калтакланган

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги BBC мухбири Ўринбой Усмонов уйидан ва компютеридан "Ҳизб ут-Таҳрир"га оид адабиётлар чиққанини иддао қилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги BBC мухбири Ўринбой Усмонов уйидан ва компютеридан "Ҳизб ут-Таҳрир"га оид адабиётлар чиққанини иддао қилмоқда.

Би-би-си ўзбек хизматининг Сўғддаги мухбири Ўринбой Усмонов Ҳизб ут-Таҳрирга аъзоликда гумонланиб ҳибсга олинди.


Би-би-си ўз мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан берган баёноти:

Би-би-си ўзининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олингани юзасидан чуқур хавотир билдиради.

Ўринбой Усмонов Би-би-си Марказий Осиё хизматида ўн йилдан бери ишлайди. Жаноб Усмонов 2011 йил 13 июн куни ишга кетиб, уйга қайтмаганидан кейин яқинлари унинг бедарак кетганини хабар қилган эди. Яқинлари ва ҳамкасблари уни қидириб топа олмагач, Жаноб Усмонов 14 июн куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4:00 да Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан уйига олиб келинган. Ва жаноб Усмоновнинг яқинларига кўра, у кўринишидан калтакланган.

Унинг уйи хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тинтув қилинган ва уни яна олиб кетишган.

Шундан бери Ўринбой Усмоновнинг оиласига у билан кўришиш учун рухсат берилмаган.

Би-би-сига маълум бўлишича, жаноб Усмонов Тожикистонда тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига алоқадорликда айбланмоқда. Ўринбой Усмонов касбий фаолияти давомида Би-би-си учун мамлакатдаги суд жараёнлари ва “Ҳизбут-Таҳрир”нинг фаолиятига доир хабарлар тайёрлаб келган.

Би-би-сида Ўринбой Усмоновнинг “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадор деган даъволарга ишониш учун ҳеч бир асос йўқ.

Би-би-си жаноб Усмоновга нисбатан номақбул муносабат, жумладан, унга ҳибсдалиги пайтида адвокат ёллаш ҳуқуқи рад этилганини кескин қоралайди.

Би-би-си ўз мухбири Ўринбой Усмонов зудлик билан озод этилишини талаб қилади.

Буюк Британиянинг Тожикистондаги элчихонаси баёноти

Британия элчихонаси Ўринбой Усмон тақдиридан хавотирда

Биз Би-би-сининг Шимолий Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмоновнинг 14 июн куни “Ҳизбут Таҳрир”га аъзолик гумонлари билан ҳибсга олингани ва унга нисбатан номақбул муносабатда бўлинганига оид хабарлардан хавотирдамиз.

Биз Тожикистон мулозимларидан айни масалага имкон қадар зудлик билан ойдинлик киритишга чақирамиз.

Буюк Британия Европа Иттифоқидаги ҳамкорлари билан бирга Тожикистон мулозимларига мамлакатда матбуот эркинлиги масаласи муҳим эканини урғулайди.

Биз Тожикистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида ҳаракатларини эътироф этамиз ва қўллаб-қувватлаймиз, аммо Тожикистон мулозимлари ўз фаолиятларини халқаро мажбуриятларига мувофиқ равишда олиб бориши лозимлигини таъкидлаймиз,- дейилади Буюк Британиянинг Тожикистондаги элчихонаси баёнотида.

Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинганига оид хабарни 14 июн куни Озодликка Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари тасдиқлади.

Вазирлик расмийлари Би-би-си мухбири 2009 йилдан буён тожик жамиятида фаолияти таъқиқланган Ҳизб ут-Таҳрир диний экстримистик ташкилотига аъзо бўлиб кирганини даъво қилишмоқда.

- Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмонов Ҳизб ут-Таҳрир диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда гумонланиб, ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари томонидан 13 июн куни тушдан сўнг қўлга олинди. У 2009 йилдан буён интернет воситасида мазкур ташкилотнинг варақаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган. Дастлабки тергов натижалари бўйича у аҳоли орасида ҳам тарғибот ишлари олиб боргани ва аҳолини ана шу ташкилотга аъзоликка даъват қилгани аниқланди,- дея билдирди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадуло Асадуллоев.

Тожик расмийси Асадуллоев жаноблари Ўринбой Усмоновнинг уйидан шу ташкилотга тегишли адабиётлар, журналлар ва тарғибот варақалари топилганини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда ВВС мухбири Ўринбой Усмоновнинг яқинлари журналистнинг уйидан Ҳизб ут-Таҳрирга оид адабиётлар топилгани ҳақидаги расмийлар иддаоларини рад этмоқдалар.

- Дадамнинг ҳибсга олинганини уйни тинтув қилгани келган кишилардан билдик. Биз дадамни бир ярим сутка касалхонама-касалхона қидирдик. Уйимизни тинтув қилган мелисалар ҳеч нарса тополмай кетишди. Дадамнинг ҳизбчи эканлигига оид гаплар қуруқ туҳмат,- дейди Ўринбой Усмоновнинг ўғли Ойбек Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Сўғдлик журналистнинг яқинлари ва ҳамкасблари Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишини "англашилмовчилик маҳсули", дея баҳоламоқдалар.

ВВС радиоси ўзбек хизмати бу борада яқин соатлар ичида расмий баёнот билан чиқиши кутилмоқда.

Буюк Британиянинг Душанбедаги элчиси маслаҳатчиси Муҳибулло Зубайдуллоев эса элчи Мур жаноблари Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеага ойдинлик киритиш учун Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан музокара ўтказиши кутилаётганини билдирди.

- Бугун элчи жаноблари Трейвер Мур Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари билан учрашиб, Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишига оид масала юзасидан мулоқот қилади. Лекин ҳозирча биз бу мавзуда аниқ бир гап айтолмаймиз,- дея билдирди Британиянинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зубайдуллоев жаноблари.

Аснода айрим маҳаллий таҳлилчилар Ўринбой Усмонов Ҳизб ут-Таҳрир партиясига дохил материалларни ўз профессионал фаолиятида фойдаланиш учун сақлаган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурмоқдалар.

Ўринбой Усмонов Тожикистонда “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзоларининг қамоққа ташланган аъзолари ҳақида ўнлаб мақола ёзган. Би-би-си тингловчилари учун тайёрланган мақолаларида муаллиф ҳизбчиларнинг тожик жамиятидаги фаолияти, қўлга олинган аъзоларига нисбатан қийноқларнинг қўлланилиши, маҳкама жараёнларидаги айрим чигалликлар хусусида ҳикоя қилган.

Ўринбой Усмонов сўнгги ўн йил давомида Би-би-си радиосининг Сўғд вилоятида мухбир бўлиб ишлаш билан бир қаторда Тожикистон ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ўзбек сессияси бошлиғи лавозимида ҳам фаолият юритган.

2000 йилда Тожикистон Олий суди Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотини экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритиш ортидан республика ҳудудида унинг фаолиятини таъқиқлаб қўйганди.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов ўтган шу давр бадалида ўнлаб тожикистонлик фуқаро бу ташкилотга аъзоликда гумонланиб, маҳкамага тортилганини айтади. Ҳуқуқшунос мулоҳазасича, суд ҳакамлари судланувчига қўйилган айбловларни доим ҳам тўғри ва ҳар томонлама таҳлил қилмайди.

14 июн куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари Ҳизб ут-Таҳрир экстремистик ташкилотининг Сўғд вилояти бўйича амири, 43 ёшли Шарифжон Ёқубов Душанбе шаҳрида қўлга олингани ҳақида ҳам хабар тарқатганди.

Мустақил кузатувчилар бу Тожикистонда ҳизбчилар қўлга олиниши бўйича илк ҳодиса эмаслигини айтади.

Кузатувчиларга кўра, Рашт воқеаларидан кейин тожик жамиятида соқоллиларга қарши бошланган кампания ортидан Ҳизб ут-Таҳрирга аъзоликда гумонланган ўндан ортиқ тожикистонлик ҳибсга олинган.

Шуни ҳам айтиш жоизки, қароргоҳи Лондонда бўлган Ҳизб ут-Таҳрир ташкилоти Ўзбекистонда бўлгани каби Тожикистонда ҳам қонуний ташкилот ҳисобланмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG