Линклар

14 июн куни Кўлобда тартибсизлик келтириб чиқарган йигирма нафар тожикистонлик фуқаро ҳибсга олинди.

“Қўлга олинганлар безориликда айбланмоқда”, дейилади расмий манбалар тарқатган хабарларда.

Кўлоб шаҳар марказий майдонида Душанбенинг “Истиқлол” ва Кўлобнинг “Равшан” командалари ўртасидаги учрашув маҳаллий вақт билан кечки соат тўққизда тугаган.

Ўйин тугашига беш-ўн дақиқа қолганида майдон эгаларининг ашаддий мухлислари “Истиқлол” ўйинчилари, шу команда мухлислари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини тошбўрон қилган.

- Вазиятнинг янада ёмонроқ тус олишининг олдини олиш мақсадида милиционерлар шовқин чиқарувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди. Футбол ишқибозлари орасида рўй берган ўзаро муштлашувда ўнлаб киши турли тан жароҳатлари олиб, шаҳар касалхонасига ётқизилди. Аммо футболчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бирор киши зарар кўрмаган. Айни пайтда Кўлоб шаҳар ички ишлар бошқармаси мазкур иш бўйича жиноят иши очган. Тергов-суриштирув давом этмоқда, - деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон президентининг ўғли Рустам Имомалига “Истиқлол” футбол командасининг асосий ўйинчисидир.

Воқеага гувоҳларнинг Озодликка маълум қилишича, кечаги ўйинда Рустам Имомали ҳам ўйин натижаларидан қониқмаган кўлоблик футбол мухлислари ҳужумга учраган.


Бироқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев президентининг ўғлига ҳужум қилинганига оид овозаларни инкор этди.

Асадуллоев жаноблари ўйин натижаларидан қониқмаган мухлислар шовқин гранаталари ва кўздан ёш оқизувчи газдан зарар кўрганлари ҳақидаги маълумотларни ҳам тасдиқламади.

Расмийнинг гапига ишонадиган бўлсак, шаҳар касалхонасига ётқизилганлар асосан тошбўронда зарар кўрган.

Аммо кечаги воқеа гувоҳлари футбол ишқибозларидан ўнлаб киши айнан милиция ходимлари билан тўқнашувда оғир тан жароҳати олганини иддао қилмоқда.

- Майдонга отилган тошлардан одамлар зарар кўргани йўқ. Ундан фақат четроқда турган енгил машиналар шишалари синди, холос. Лекин асосий тўполон милиционерларининг шариклар ва газларни ишга солганидан кейин бошланди. Ундан одамлар ваҳимага тушиб, қўлига тўғри келган нарса билан ўзини ҳимоя қилишга ўтди. Ундан ташқари, ташқарига қочиб чиққан мухлислар милиция ходимларининг дубинкаси остида қолди, - дейди исмини айтмаган воқеа гувоҳларидан бири.

Маълум бўлишича, кечаги ўйинда майдонни Кўлоб милиционерлари эмас, балки Душанбе шаҳридан борган ОМОН ходимлари назорат қилган, бу эса кўлобликлар норозилигини кучайтирган.

“Равшан” футбол командаси мухлисларининг норозилигига асосан ўйндан ташқари ҳолат судялар томонидан эътиборга олинмагани сабаб бўлди”, дейди бошқа суҳбатдошларимиз.

Уларнинг айтишларича, “Истиқлол” командаси ўйинчиси Александр Кудряшовнинг мезбонлар дарвозасига киритган “ғирромона гол”и мухлислар ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлган.

Бироқ воқеа гувоҳларидан бошқа бири Сафар Каримов бу даъволар асоссизлигини айтади.

-Биринчидан жуда чиройли гол урилди. “Истиқлол” командаси судяларга босим ўтказиш йўли билан Кудряшов урган голни ҳисобга олдиргани ҳақида айтилганлар ҳам ҳақиқатдан йироқ, - дейди Сафар Каримов.

Суҳбатдошимиз Сафарнинг айтишича, тўполоннинг асосий сабабчилари бўлган кўлоблик футбол мухлислари президентнинг ўғли Рустам Имомалига ҳам ҳужум қилган. Шундан сўнг ОМОН ходимлари осмонга қарата бешта огоҳлантирувчи ўқ узган.

Эслатсак, Душанбе шаҳрида “Равшан” ва “Истиқлол” футбол командаларининг шу йил 3 майидаги учрашуви ҳам икки команда мухлисларининг ўзаро муштлашуви билан тугаганди.

Аммо ўша тартибсизликларда ҳуқуқ-тартибот ходимлари тартибсизлик келтириб чиқарганларга қарши шовқин чиқарувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўлламаганди - фақат “Равшан” футбол командасининг тўрт нафар ашаддий мухлиси ҳибсга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилганди.

Мустақил кузатувчиларга кўра, шу йил июн ойи бошида Тожикистон парламенти “Тожикистон милицияси тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиши ортидан милиция ходимлари учун “эркинроқ” ҳаракат қилиш имкониятини яратди.

Тожикистонда кучга кирган янги қонунга мувофиқ, милиция ходимлари намойишчиларга қарата резина ўқ қўллаши, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиши мумкин.

Тожик расмийлари қонундаги ислоҳотлар “замон талаби” эканини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG