Линклар

logo-print

15 июн куни Остонада Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити иш бошлади.


Бу саммит Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг 10 йиллик юбилейига тўғри келди.

Остонада ШҲТга кирувчи Ўзбекистон доҳил 6 давлат вакиллари минтақа xавфсизлиги, наркотик ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш масалаларини кўриб чиқишади.



Иқтисод ва xавфсизлик каби икки катта йўналишда ШҲТда қилинган 10 йиллик ишларни кўздан кечирсак, мақтайдиган гап йўқлигини кўрамиз, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Россия сиëсий таҳлил ва кузатув маркази тадқиқодчиси Леонид Гусев.

Президент Каримов Остона саммитидан кейинги матбуот анжуманида.
- Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирсак, ШҲТ доирасида самара берган бирорта йирик лойиҳани кўрсата олмаймиз. Амалга ошган ишлар эса икки тарафлама ҳамкорлик меваси. Масалан, ШҲТ доирасида Россия ва Қозоғистонда иккита катта йўл қурилиши керак эди. Лекин бу йўллар ШҲТ иштирокисиз қурилди.

Қозоқ-Хитой нефт қувури ëки Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтиб, Хитойгача борадиган газ қувури ҳам икки тарафлама шартнома асосида барпо қилинди, дейди Леонид Гусев.

Россиялик таҳлилчи гапидан чиқадиган хулоса ШҲТ самарасиз бир тузилма. 1996 йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Россия иштирокида Шанхай бешлиги номи билан тузилган бу ташкилотга 2001 йилда Ўзбекистон ҳам аъзо бўлди.

Тошкентлик сиëсий таҳлилчи Фарҳод Толипов бу ташкилот бесамарлиги борасидаги Гусев фикрига қисман қўшилса-да, Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлиб тўғри қилганлигини айтади.

- Менинг ўйлашимча, Ўзбекистоннинг киришига сабаб Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг кун тартибига кўпроқ минтақавий масалалари, айниқса минтақавий хавфсизлик масалалари қўйилгани бўлди. Чунки Ўзбекистон минтақавий хавфсизлик масалаларини доим ўзининг ташқи сиëсатида устувор деб билган ва ШҲТнинг мана шу соҳада ниятлари айтилганидан сўнг ва тегишли ҳужжатлар қабул қилинган сари, айниқса бу ташкилотда иккита буюк қудратли давлат БМТ аъзолари бўлиб Россия ва Хитой иштирок этганлиги сабабли албатта Ўзбекистон ҳам бу ташкилотдан четда туриши нотўғри бўларди, дейди Фарҳод Толипов.

Бундан олдин Ўзбекистон Кремлдан масофаланувчи ГУУАМ ташкилотига аъзо эди. Ўзбекистон ШҲТга қўшилгач, 2002 йилда ГУУАМдан чиқиш ниятини билдирдир ва 2005 йилда ундан чиқишини эълон қилди.

Таҳлилчи Фарҳод Толипов демократия пешқадамлари клуби ҳисобланган ГУУАМ ташкилоти демократияси ривожланмаган Ўзбекистон учун муаммоли бўлганини айтади.

- ГУУАМ демократик ислоҳотларда пешқадам давлатларнинг ташкилотидек намойиш этди. Балки биз мана шу соҳада унчалик пешқадам бўлмаганлигимиз учун бу жараëндан барибир ажралиб қолган бўлардик. Шунинг учун ҳам ГУУАМга аъзолигимиз ҳали эртадир. Лекин ГУУАМдан чиқиб кетиш ва ШҲТга киришни мен боғламаган бўлардим. Чунки ШҲТ билан ГУУАМнинг минтақаси ҳар хил, дейди Фарҳод Толипов.

Айни пайтда 10 йиллигини нишонлаëтган ШҲТга аъзо давлатларнинг Ғарб сиëсатига муносабатлари ҳам турлича қолмоқда. Айниқса НАТОга муносабатларда турлича муносабатларни кўрамиз, дейди Толипов.

- НАТО билан боғлиқ бўлган масалаларда Хитой ва Марказий Осиë мамлакатларининг позициялари бир хил эмас. Дейлик Россия билан Хитой НАТОга бироз шубҳа кўзи билан қараса геосиëсий нуқтаи назардан, Марказий Осиë мамлакатлари эса НАТО билан жуда ҳам яхши ҳамкорликни олиб бораяпти ва ижобий ҳамкорликни олиб бориш уларнинг ҳам манфаатига жавоб беради, дейди Фарҳод Толипов.

Шу пайтгача ўз тарозисида геосиëсий масалаларга оғирлик бериб келган ШҲТ ўзининг бу галги йиғилишида, Яқин шарқ ва Шимолий Африкадаги сиëсий ўзгаришлар боис ўртага чиққан сиëсий саволларга жавоб излаши эҳтимолдан ҳоли эмас, дейди суҳбатдош.

- Мен бу нарсани эҳтимолдан ҳоли эмас деб айтган бўлардим. Охирги кунларда биз кузатдик, хусусан мана Медведевнинг Ўзбкистонга ташриф буюришида, оммавий ахборот воситаларида ëритилганда айтилдики, иккита президент бошқа масалалар қаторида араб баҳорига тегишли бўлган масалаларни ҳам атрофлича муҳокама қилиб Араб мамлакатларида бўлган воқеалар ҳали узоқ муддатли оқибатлари ўзини кўрсатади ва бундай оқибатларга нисбатан Россия ва Ўзбекистон ўз позицияларини мувофиқлаштиришса, тўғри бўларди деган фикр айтилди, дейди Фарҳод Толипов.

6 давлат аъзо бўлган ШҲТ янги аъзолар сонига кенгайиши, бу ташкилот фойдасига хизмат қилмайди, айниқса Афғонистоннинг аъзо бўлиши исталмаган ҳолатдир, дейди Россия сиëсий таҳлил ва кузатув маркази тадқиқодчиси Леонид Гусев.

- Ҳамид Карзай бошчилигидаги Афғонистон ШҲТга кузатувчи мақомида кирмоқчи. Ҳозир Афғонистон ШҲТга бирор-бир тарзда ҳуқуқан боғланмаган. Афғонистоннинг ШҲТга аъзо бўлиш масаласида, ташкилотга аъзо давлатларнинг нуқтаи назари мавҳум.

Албатта катта муаммоларга ин бўлган ва мақоми номаълум бўлган, 2014 йилда коалиция кучлари уни тарк қилганидан кейин вазияти яна ëмонлашуви кутилган Афғонистонга ШҲТ ўз эшикларини очишга шошмаяпти. Қолаверса, афюн гуруҳига мансуб наркотикларнинг 96-97 фоизи Афғонистонда етишиб чиқади. Бундай давлатнинг ШҲТга кузатувчи бўлиб кириши ҳам хатарли, дейди Гусев.

Тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов ҳам ташкилотнинг кенгайиши долзарб эмаслигини айтар экан, 10 йил фаолият кўрсатган бу ташкилотнинг эртаси мавҳум бўлган “қоғоз фабрикаси” эканини таъкидлади.

1996 йилда Қозоғистон, Қирғизистон,Тожикистон, Хитой ва Россия иштирокида Шанҳай бешлиги дея аталган бу ташкилотга 2001 йилда Ўзбекистон аъзо бўлганидан кейин Шанҳай Ҳамкрлик Ташкилоти деб номланди.

ШҲТга аъзо давлатлар ҳудуди Евросиëнинг 60 фоиз ҳудудини эгаллайди.

Ҳиндистон, Эрон ва Покистон ШҲТда кузатувчи мақомига эга.

2004 йилда ШҲТ саммити Тошкентда ўтказилган ва бу анжуманда Мўғулистон ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилинган эди.

Сиëсий таҳлилчи Фарҳод Толипов билан ШҲТнинг 10 йили ва эртаси борасидаги тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG