Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:18

Тошкентда шакар тортилди


Тошкентда ўтган ҳафта шакар васвасаси авж олди.
Тошкентда ўтган ҳафта шакар васвасаси авж олди.

Сўнгги бир ҳафта мобайнида пойтахт озиқ-овқат дўконларида шакар камайиб кетди. Бир килограмм шакарнинг нархи қарийб 5 минг сўмга чиқди. Айни пишиқчилик пайти, мураббо ва консервалар ёпиладиган мавсумда шакар нархининг ошиб кетиши аҳоли орасида норозилик уйғотмоқда.


Ўтган бир ҳафта давомида Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларида шакар кескин камайиб кетди, дейди тошкентлик Абдуғофир Раззоқов.

- Кеча бир қўшним олча сотиб олибди, мураббо қиламан деб. Кейин шакар тополмай, қайтариб сотувчига олиб бориб берди,- дейди Абдуғофир Раззоқов.

Бир ҳафта ичида шаҳардаги дўконлардан шакар йўқолди, борларида ҳам нархи 5000 сўмга чиқиб кетди, дея қўшимча қилади у.

Давлат курси бўйича бир килограмм шакар нархи 3 долларга яқинлашди ва Ўзбекистонда бу рекорда кўрсаткич бўлди.

Тошкентлик Абдуғофир Раззоқовга кўра, 15 июнь куни шаҳардаги бир қанча дўконларда шакар пайдо бўлган, бироқ ҳар бир кишига 5 килогарммдан ортиқ сотилмаяпти:

- Чорсу бозорида кўрдим. Оптовийда учта жойда сотаяпти. Офтоб қиздириб ётибди. Ўша ҳолатда одамлар икки-уч соат навбатда туриб, шакар олишаяпти. 3500 сўмдан. Кейин Зарқайнар тарафга ўтдим. У ерда ҳам ичкарида шакар сотаëтган экан, очеред. У ерда навбат учун карточка олиш керак экан. Карточка олиш учун ташқарида аëллар 40-50 тагача очеред. У ерда пойлаб туриш керак экан икки соатча. Списка ҳам қилиб қўйишган экан. Ўша списка бўйича ичкаридан карточка олиб чиқиб бераяпти биттаси.

Кейин ичкарига кириб яна очередга туриб олишаяпти. Уни 3340 сўм дейишди. Бир хил жойлардан сўрасам шакарларни 4700гача деганлари бор. Ўртача 4000 сўм. Бемалолроқ оламан деса, 4000 сўмга ҳам топади. Очеред 3500 сўм. 5 килодан лимит қилиб қўйилган,- дейди тошкентлик Абдуғофир Раззоқов.

“Ўзбексавдо” давлат ширкатининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, Тошкентда шакар камаймаган, фақат ҳозир консерва мавсуми бўлганлиги учун унга талаб кўпайган. Мулозимнинг айтишича, ҳозирда Хоразмдаги заводда ишлаб чиқарилган шакар дўконларга белгиланган миқдорда тарқатилмоқда ва ваҳима қилишга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

“Хоразм шакар” қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган инженери завод тўла қувват билан ишлаётганини айтди. Бироқ, корхона бир йилда қанча шакар ишлаб чиқариши ва бу Ўзбекистон аҳолисининг шакарга бўлган эҳтиёжини қанчалик қоплаши ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.

Intesko Research Group компаниясининг маркетинг тадқиқотига кўра, 2010 йилда Россия шакар экспортининг 47 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонда шакар импорти билан айнан қайси ташкилот шуғулланиши ҳақида аниқ фактлар йўқ. Норасмий манбалар шакар импортини ҳукуматга яқин бўлган шахслар назорат қилишини айтади.

Мустақил ҳамдўстлик давлатларидан бирида тадбиркорлик билан шуғулланаётган тошкентлик Фаррух Ҳожиматов фикрича, Ўзбекистонда шакар бизнеси ҳукуматда ишлайдиган якка шахс томонидан монополия қилиб олинган:

- Ўзбекистонда шакарни асосан монополия қилиб бир киши киргизади. Буни ҳеч ким билмайди. Хоҳлаган вақтда нархни кўтаради, хоҳлаган вақтда туширади. Агар ҳукуматда Ўзбекистонда озиқ-овқат нарх-навосини пастга тушириш нияти бўлса, бунинг мушкул жойи йўқ. Украинада, Беларусда шакарни нима қилишни билмаяпти. Беларусда шакар 80 цент. Ўзбекистонга ана бир долларга бориб етади. Давлат миқëсида олса, давлат халқига бермоқчи бўлса, унинг ҳеч қандай қийинчилик жойи йўқ. Бизнинг Ўзбекистон давлати пул бермайди. “Бориб сал арзонроқ қилиб шакар олиб келгин” демайдику, бирорта инсонга. Мана менга айтса, ҳозир мен Ўзбекистонга 70 центдан шакар киргизиб бераман.

Афсуски, Ўзбекистонда тижорат чегараланган. Тижоратнинг 99 фоизини, фойда келадиган фоизини маълум шахсларгина назорат қилади. Токи Ўзбекистонда тижорат озод бўлмаса, ривожланиш бўлмайди,- дейди Мустақил ҳамдўстлик давлатларидан бирида тадбиркорлик билан шуғулланаётган тошкентлик Фаррух Ҳожиматов.
XS
SM
MD
LG