Линклар

"Университет келажаги Ўтунбаева қўлида"

  • Сарвар Усмон

Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети июн воқеалари пайтида куйдириб юборилган эди.

Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети июн воқеалари пайтида куйдириб юборилган эди.

Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори Озодбек Кароматов Озодлик саволларига жавоб берди. Кароматов бошқариб келган ўқув юрти 2010 йил июн воқеалари давомида ёндириб юборилган. Бир неча ойдан бери Қирғизистондан ташқарида қочқинликда яшаётган жаноб Кароматов билан мухбиримиз Ўш қирғинининг 1 йиллиги муносабати билан суҳбатлашди. Айни пайтда қирғиз сиёсатчилари айблаб келаётган қирғизистонлик ўзбек лидерлари ва умуман қирғизистонлик ўзбек зиёлилари, Қодиржон Ботировни истисно қилганда, ҳанузгача матбуотдан узоқроқ туришга ҳаракат қилмоқда. Буни улар Қирғизистонда қолган қариндош-уруғлари ҳаётларига таҳдид мавжудлиги билан изоҳламоқдалар. Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида 1964 йилда туғилган Озодбек Кароматов Ўш қирғинидан сўнг матбуот билан алоқага чиққан биринчи қирғизистонлик ўзбек зиёлисидир. Қирғиндан буён қайта тикланиш у ёқда турсин, ҳатто куйиндилардан тозаланмай ётган университет ректори билан ўтказилган суҳбатни тўлалигича сайтимиздан тинглашингиз мумкин.


Ректор Кароматов билан қарийб бир соат гаплашдик. Ундан ўзи ҳақда, у бошқарган университетни ким қургани тўғрисида, кимлар дарс бергани, кимлар ўқигани, университетга ким ва қачон ҳужум қилгани, ўқув юртининг бугуни ва келажаги тўғрисида ва бошқа шу каби масалалар юзасидан батафсил жавоблар олдик.

Тилга олганимиз масалаларни шу пайтгача кучимиз етганича ёритганмиз ва сиз тингловчининг бу ҳақда муайян тасаввури бор.


(Бу лавҳалар 2010 йилнинг 25 июлида суратга олинган)

Лекин шундай бўлса-да, ректорнинг ўзидан эшитганимиз - бошқа.

Демак, Озодбек Кароматов ўзи ҳақда:

- 2005 йили Россия федерациясининг диссертацион советида докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим.

Озодлик: Мавзу.

- Мавзу Қирғизистон республикасида ер бозорини давлат томонидан бошқариш. Ҳозирги кунда иккита монографиям чиққан, 50дан ортиқ мақолаларим чиққан, иккита аспирантим ҳимояга тайëр. Қўлимдан жуда кўп докторлик ва кандидатлик диссертациялари экспертизадан ўтган. 1999 йили университетга ректор қилиб тайинландим.

Озодбек Кароматов бу ўқув юртини ким қургани ҳақда:

- Давлатдан бир тийин пул ажратилмаган. Буни Қодиржон Ботиров ташкил этган корхоналари молиялаштирган. Демак хусусий университет. Шу одам раҳбарлигида қурилган университет ҳисобланадида. 1998 йил октябрда қурилиш ишлари бошланди, 1999 йил октябрда университет ишлашга топширилди. Бир йил ичида битган бино.

Озодбек Кароматов ўзи бошқарган университетда қанча талаба ўқигани ҳақда:

- 1460та талаба бор эди. Шундан 825-830таси кундузги бўлимда ўқирди, қолгани сиртқи бўлимда ўқирди.

Озодбек Кароматов ўтган йил май-июнида университетга қилинган ҳужумлар тўғрисида.

- 18 куни ..

Озодлик: Гап 2010 йил 18 май ҳақида кетаяпти.

- Шундай. Шаҳар ўқув бўлимида эди, горонода эди. Горононинг раҳбари бизнинг университет, бизнинг лицейдан ташқари шаҳардаги ҳамма мактабларга, буйруқ билан ëптирган мактабничи. Биз ишлаяпмиз. Кейин шундай ҳолат бўлди.

Озодлик: Сизларга бунақа буйруқ бўлган эмас.

- Бунақа буйруқ бўлмаган. Мен буни ҳамма ташкилотларда, ҳамма уровенда очиқ талаб қилдик. Лицейни раҳбари ҳам биргаликда очиқ айтдик. “Нимага шунақа бўлди?” деган вопрос қўйилган.

Озодлик: Нима жавоб бўлган сизга? Мактабларни ëп деб буйруқ берган одамнинг ўзига ҳам бергандирсиз шу саволни.

- У одам билан учрашмаганмиз, лекин мен мутасадди ташкилотларга берганман. “Биз бунинг чорасини кўрамиз” деган, бўлди. Кейин ўзингиз видео, суратларда кўрган ишлар бўлди. Келиб тошбўрон қилишди, ўзларича кириб ўт ëқишди.

Озодлик: Бу 19 май куни.

- Ҳа, дейди Озодбек Кароматов.

Ўша кунги зарар 4 миллион қирғиз сўмини ташкил қилгани аниқланди. Орадан 20 кунлар ўтгач университет батамом вайрон қилинди.

Озодбек Кароматов университетнинг бугунги аҳволи ҳақда.

- Мана бизнинг ҳурматли мэримиз бор. Тиш-тирноғи билан тозалашга ҳам имконият яратиб бермади шу одам. Шаҳар тозаланаяпти.

Озодлик: Фамилияси нима?

- Жеенбеков. У одамга қанча кирдик. “Тўхтаб туринглар. Шу аҳволни кўрсин” қилиб, мақсад сентябрда ўқишни бошлаттирмаслик.

Озодлик: Ҳатто тозалашга рухсат бермадио.

- Ҳатто тозалашга ҳам рухсат бермади, дейди Озодбек Кароматов.

Гап 2010 йилнинг сентябри устида кетаяпти. Шундай қилиб, ортда қолган 2010-2011 ўқув йилида Жалолобод Халқлар дўстлиги университети ишламади. Шу бугун ҳам вайрона ҳолида турибди.

Ўқитувчилар жамоаси ишсиз қолди. Талабаларнинг, ўқишини Бишкекка кўчирган баъзиларни ҳисобга олмаганда, асосан, бир йил умри бекор ўтди.

Ректор Кароматовнинг Қирғизистонга қайтиши хавфли. Чунки, устидан ҳам Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича жиноят иши очилган.

- Биринчи Миллатлараро низо қўзғатиш, иккинчиси Оммавий тартибсизликлар уюштириш, учинчиси Айирмачилик фаолияти билан шуғулланиш. Ўзбекка катта қилиб тамға қўйиб қўйишган. Паспортига қараб туриб ўша тамғани босаяпти, дейди Озодбек Кароматов.

Озодбек Кароматов университет келажаги тўғрисида

- Бу университетнинг тақдирини Роза Ўтунбаева, Алмаз Атамбаев ечиши керак. Улар ўз сўзини айтиши керак. Негаки, ОБСЕнинг комиссияси Роза Ўтунбаеванинг мурожаати билан СНГ давлатларининг раҳбарлари, нуфузли жаҳон ҳамжамиятларида ўрганилиб чиққан ҳолда мандат берилди. Шу комиссиянинг ҳисоботида очиқ-ойдин ëзиб қўйган. “Халқлар дўстлиги университети қайта тиклансин ва лицензияси қайтариб берилсин” деб бизнинг ҳукуматга берган таклифи бор, дейди Озодбек Кароматов.

Жалолободдаги Халқлар дўстлиги университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори Озодбек Кароматовнинг Озодлик саволларига жавоб бераётиб айтганларидан баъзи парчаларни тингладингиз.

2010 йил июн воқеалари давомида ёндириб юборилган ўқув юрти раҳбари билан ўтказилган тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG