Линклар

Сурияда ҳукумат қўшинлари таъқибидан қочиб Туркия ҳудудига ўтган қочқинлар сони 8500 дан ошди.

Шунингдек, 10 минг чоғли суриялик хавфсиз бошпана излаб Туркия чегараси яқинига йиғилгани хабар қилинмоқда.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғлининг маълум қилишича, Туркия суриялик қочқинлар учун чегарани ёпмоқчи эмас.

- Сурия халқи билан келажагимиз бир, тақдиримиз бир. Шунинг учун биз суриялик опа-сингилларимиз ва ака-укаларимиз учун эшигимизни ёпиб қўймаймиз. Биз қочқинлар сони 10 мингдан ошиб кетганидан кейин ҳам уларни қабул қилмай қўймаймиз, - деди Аҳмад Довудўғли.

Ҳозирда Туркия ҳудудига қочиб ўтган сурияликлар кунига уч маҳал овқат ва тиббий ёрдам билан таъминланган.

Аснода Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг вакили Ҳасан Туркманий билан учрашди.

Пойтахт Анқарада бўлиб ўтган уч соатлик сўзлашувдан кейин ҳеч қандай баёнот эълон қилинмади.

Учрашувдан олдин Эрдўғон Сурия раҳбарини намойишчиларга қарши зўравонлик қўллашни тўхтатишга ва ислоҳотлар ўтказишга чақирган эди.

Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш гуруҳлари март ойида Сурия президенти ва унинг режимига қарши норозиликлар бошланганидан бери 1300 дан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилганини тахмин қилмоқда.

Тўқнашувлар пайтида 300 дан ортиқ аскар ва полиция ходимлари ҳам нобуд бўлгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG