Линклар

logo-print

ЕИ ҲРУ Ўзбекистондан қувилганидан таасcуфда

  • Ҳурмат Бобожон

Еврокомиссия вице-президенти Кэтрин Эштон расмий Тошкентни ҲРУ фаолиятини қайта тиклашга чақирди.

Еврокомиссия вице-президенти Кэтрин Эштон расмий Тошкентни ҲРУ фаолиятини қайта тиклашга чақирди.

ЕИ Ўзбекистонни ўзининг халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда, ноҳукумат ташкилотлари, жумладан Ҳюман Райтс Уотч фаолиятига тўсқинлик қилмасдан, унинг иш юритишига рухсат беришга чақиради, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар идораси матбуот вакили Майя Косянчич "Озодлик" билан суҳбатда.


Европа Иттифоқининг ташқи ишлар идораси Ҳюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилишидан таассуф билдирди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Олий суди ҲРУ маҳаллий қонунларни доимий равишда бузиб келган, дея нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти идорасини ёпиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар идораси матбуот вакили Майя Косянчич "" Озодлик билан суҳбатда ҲРУнинг Тошкентдаги идораси ёпилганидан иттифоқ таассуф билдиради, дея баён қилди.

- Ўзбек расмийлари, ҳусусан Олий суд Ҳюман Райтс Уотчнинг Тошкентдаги идорасини ёпиш ҳақида қарор чиқарганидан Европа Иттифоқи таассуф билдиради. ЕИ Ўзбекистонни ўзи олган халқаро мажбуриятлардан чекинмай, ноҳукумат ташкилотлари, жумладан Ҳюман Райтс Уотч фаолиятига тўсқинлик қилмаган холда унинг иш юритишига рухсат беришга чақиради,- деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар идораси матбуот вакили Майя Косянчич.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистонда фаолият қилишига рухсат берилиши ЕИнинг Тошкент ҳукуматига қўйган асосий талабларидан бири эди ва январ ойида президент Ислом Каримовнинг Брюсселда Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэль Баррозо билан учрашуви чоғида ҳам бу масала кўтарилгани айтилганди.

- Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан сиёсий мулоқот олиб бориш аҳдида қатъий. Муайян соҳаларда силжишларга эришиш учун мулоқот зарур, деб ўйламиз. Ўтмишдаги тажриба бундай ёндашув иш беришини кўрсатмоқда. Биз Ўзбекистон билан муносабатларни кучайтириш ниятидамиз ва лекин бу Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлиги ва демократизация соҳаларида қилажак ҳаракатларига боғлиқ.

Демократизация соҳасида силжиш эса демократик институтлар, кучли фуқаролик жамияти ва қонун устиворлигисиз бўлмайди. Биз Ўзбекистон ҳукуматини мана шу соҳаларда ҳам мулоқотга чақиришда давом этамиз. Шу ой оҳирларида Ўзбекистон билан бўлажак музокараларда бу масалалар яна бир бор кўтарилади,- деди Майя Косянчич.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг Тошкентдаги ваколатхонасини 1996 йилда очган эди.

2007 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ташкилот вакили Игор Воронцовга мамлакатда ишлаш учун аккредитация бермади.

2008 йил ёзида аккредитациясиз қолган Воронцов Ўзбекистондан чиқариб юборилди.

Ўтган йили эса Ҳюман Райтс Уотчнинг Тошкентга юборилган вакили Стив Свердловнинг икки ой мобайнида рухсатнома олиш уринишлари бесамар бўлди ва у ҳам мамлакатдан чиқиб кетишига тўғри келганди.
Ҳукумат томонидан ташкилот идораси фаолияти тўхтатилгани Ҳюман Райтс Уотч тарихида илк бор кузатилгани айтилган.

Ташкилот вакилларига кўра, бу Ўзбекистондаги ҳукуматнинг танқидга тоқатсизлиги наъмунасидир.

Аввалроқ, АҚШ Давлат дератаменти ҳам Ўзбекистон Олий судининг Тошкентдаги Ҳюман Райтс Уотч идорасини ёпиш борасидаги қароридан афсусланиш изҳор этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG