Линклар

Ойбек Усмонов: Дадамни тўрт кундан буён кўролмадик

  • Гулнора Равшан

Би-би-си радиоси ўзбек хизматининг Сўғд вилоятидаги мухбири Ўринбой Усмонов

Би-би-си радиоси ўзбек хизматининг Сўғд вилоятидаги мухбири Ўринбой Усмонов

Сўғд вилоятидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида қолаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов ўз яқинлари билан учраштирилмаяпти.

Тожикистон шимолидаги ҳибсхоналарнинг бирида Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан сўроқ қилинаётган Ўринбой Усмонов “бошимга тушган савдо касбим билан боғлиқ”, деб айтган.

Унинг бу гапларини Озодликка билдирган журналистнинг ўғли Ойбек Усмонов дадаси сўнги бор уйидан хавфсизлик ходимлари қуршовида чиқиб кетаётган пайтда “қийноқларга чидай олмаслиги”ни айтган.

- Дадам 14 куни уйдан чиқиб кетаётганларида зўрға гапирарди, мазалари йўқ кўринарди. У киши: “бу иш менинг профессиям билан боғлиқ, журналистик соҳаси билан”, дедилар. Кейин: “Агар биринчи кун ушлагандай ҳолат яна такрорланса, мен у ерда тирик қолмайман, мен бу ердан дуруст чиқмайман, бу кеча чидаёлмайман”, деганди ўша куни, - деди Ойбек Усмонов.

Ўша учрашувдан кейин Ўринбой Усмонов умуман яқинларига кўрсатилмаган. Ойбекнинг гапига қараганда, журналистнинг адвокати ҳам турли важлар билан икки кундан буён ичкарига киритилмаётир.

- Адвокатимиз кеча борганида, “поликлиникага медосмотрга олиб кетилди”, дейишган. Фақат терговчи билан 10-15 дақиқа гаплашиб, қайтиб чиқди. Бугун борса, “терговчи районга кетган, кўра олмайсиз, эртага соат 10 да келинг”, деб қайтаришибди. Бизни-ку умуман киргизишмайди ичкарига, шу кунгача кўрганимиз йўқ дадамни, - дейди Ойбек Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмонов 13 июн куни тушдан сўнг бедарак кетганди.

14 июн куни эса унинг Бобожон Ғафуров туманига қарашли Исписор қишлоғидаги уйига хавфсизлик ходимлари қуршовида кириб борган журналист ҳизбчиликда гумонланаётганини ва бу ўзига нисбатан туҳмат эканини айтган.

Журналистнинг яқинлари ҳам Ўринбой Усмоновни Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда айблаш учун бирор асос йўқлигини айтишади.

- Биз бу айбловларга ишонмаймиз. Ўзлари ўн йилдан бери шу соҳада интервю қилиб, шу ишда қўли борлар ким қандай жазо олганини яхши билиб, яна шу ёшда шу ишга аралашадими? Қайсидир манфаатдор одам туҳмат қилганга ўхшайди, - дейди ҳизбчиликда гумонланиб ҳибсга олинган журналистнинг ўғли Ойбек Усмонов.

Айни пайтда Ўринбой Усмоновнинг яқинлари ҳам, адвокати ҳам у билан учраша олмаётгани сабабли журналистнинг аҳволи қайдай экани ҳамма учун қоронғу қолмоқда. Лекин, Ойбекнинг айтишича, терговчилар дадасининг аҳволи яхшилигини айтишган.

- Кеча адвокат билан борганда терговчидан дадамнинг саломатлигини сўрасам, “зўр-зўр, нормалний”, деб жавоб берди у. Энди билмасам, кўз билан кўрмагандан кейин билмаймиз-да энди аҳволлари қандайлигини, - дейди Ойбек Усмонов.

15 июн куни “Азия плюс” ахборот агентлигида Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши борасида нашр қилинган мақолада маҳбус журналистнинг адвокат ёллашдан воз кечгани маълум қилинганди. Бироқ Ойбек бу хабар ёлғон эканини айтади.

- Санкция берган судья “адвокатдан воз кечди”, деб қарор чиқарган. Яна билмадим. Лекин адвокатимизнинг айтишича, Тожикистон қонунларига кўра, маҳбус адвокатдан воз кечаётган пайтда адвокатнинг ўзи ҳам бўлиши керак экан. “Бу катта хато бўлган, қонунни бузишган”, деди адвокати, дейди Ойбек Усмонов.

15 июн куни Би-би-си ўз мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан хавотир билдириб баёнот тарқатган эди.

Унда Би-би-си радиоси жамоаси “Ўринбой Усмоновнинг “Ҳизбут- Таҳрир”га алоқадор деган даъволарга ишониш учун ҳеч бир асос йўқ”лигини таъкидлаганди. Шунингдек, Би-би-си жаноб Усмоновга нисбатан номақбул муносабат, жумладан, унга ҳибсдалиги пайтида адвокат ёллаш ҳуқуқи рад этилганини кескин қоралаганди.

Шунингдек, Буюк Британиянинг Душанбедаги элчихонаси расмийлари ҳам Би-би-си мухбирининг тақдиридан хавотир билдириб, баёнот тарқатганди.

Элчилик ўз баёнотида Тожикистон мулозимларини айни масалага имкон қадар зудлик билан ойдинлик киритишга даъват қилганди.

Бироқ бугун мухбирингиз билан телефонда суҳбатлашган элчилик масъули Муҳибулло Зубайдуллоев ўз идораси баёнотига нисбатан ҳозиргача Тожикистон томонидан жавоб қайтарилмаганини билдирди.

16 июн Youtube саҳифасида АҚШнинг Душанбедаги элчиси Кен Гросснинг ҳам видеомурожати эълон қилинди. Ўз мурожаатида америкалик дипломат тожик расмийларини Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновни зудлик билан озод этиш ва унга нисбатан номақбул муносабат қилингани ҳақидаги хабарлар текширилишини тавсия қилган.

Кен Гросс жаноблари тожик мулозимларини халқаро меъёрларга риоя этишлари лозимлигидан огоҳлантирган.

Аснода Ўринбой Усмонов ҳибсга олинган шу тўрт кун ичида қатор нуфузли ташкилотлар журналист тақдиридан хавотир билдириб, баёнот тарқатаётганига қарамай, Тожикистон ҳукумат расмийлари бу масала юзасидан пинак бузмаётганлари кузатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG