Линклар

logo-print

Челябинскдан ўшлик чемпионлар чиқмоқда


Дилшод Обиджонов тренери ва промоутерлари билан.

Дилшод Обиджонов тренери ва промоутерлари билан.

2011 йилнинг 6 июнида Италияда якунланган Kickboxing WAKO World Cup 2011 кикбоксинг бўйича жаҳон кубоги мусобақаларида ўшлик Дилшод Обиджонов олтин медални қўлга киритди. Россиянинг Челябинск шаҳридаги бокс мактабларида Обиджоновдан ташқари яна бир гуруҳ ўшлик бокс усталари тарбияланмоқда.


Италиянинг Римини шаҳрида 3-6 июн кунлари бўлиб ўтган кикбоксинг бўйича Жаҳон кубоги мусобақасида Россия шарафини ҳимоя қилган асли ўшлик Дилшод Обиджонов бу спорт турининг энг оғири ҳисобланган “фулл-контакт” синфи бўйича жаҳоннинг энг зўр жангчиси деб тан олинди.

Озодлик жаҳон чемпиони билан суҳбатлашди:

- Бу бокс фақат оëқда тепилади корпусга. Корпусга, каллага тепилади. Лоу кик уже полний контакт. Как будто кўча урушига ўхшаб кетади. Биринчи бўлиб венгриялик билан тушдим. Уни ютдим. Иккинчи жанг украиналик, учинчи жанг полшалик. Қийин бой (жанг) украиналик билан бўлди. Ўтган йил мен урушдалик пайтимда (Ўш қирғини-муал.) у чемпион бўлган экан.

Озодлик: Сиз неча карра Россия чемпионисиз?

- Беш карра.

Озодлик: Беш карра Россия чемпиони ва бир марта жаҳон чемпиони.

- Яна боксдан Осиë чемпиониман. Кикбоксингдан беш карра Россия чемпиони, профессионалллар орасида России чемпиони ва мана жаҳон чемпиони бўлдим. Пулдан қийналамиз. Бошқа ҳаммаси яхши,- дея кулади жаҳон чемпиони.

Дилшод Обиджонов Озодлик билан суҳбатда чемпионлик супасига кўтарилиши тарихини ҳам гапириб берди.

- Челябинскка 2008 йили феврал ойида спорт орқали, Қирғизистонда бизни қирғиз ўзбек бўлиб кўтаришмаганда. Бутун умр ният қилардим чемпион бўлишни. Бу ерда Музаффар деган катта тадбиркор олдига келганман. Кучли тренер бор Фаригат Фатқулович деган. Ëнига олиб кирган. Шунақа бўлиб келиб қолганман. Биз оилада уч ўғил, бир қиз. Дадам боксëр бўлган ўзи. Ҳасан-боксëр, деб дадам Ўшда танилган инсон бўлган. Дадам қатори кетганману фақат мен кикбоксдан кетдим. Телман мактабда ўқиганман. Ҳозир Челябинскда иккинчи курсда МВДда ўқияпман. Худо хоҳласа, икки йилдан кейин лейтенант бўламан. Август ойида практика тугайди,- дейди Дилшодбек.

Чемпион 2008 йилда Россия биринчилиги мусобақасида ғолиб чиқиши биланоқ унга Россия фуқаролигини беришган.

Суҳбатдошимиз ўтган йили уйлангани Қирғизистонга келиб, тўйга тайёргарлик кўраётганида Ўш воқеалари бошланиб кетади.

Озодлик: Ўтган йил Ўшда бўлган воқеалардан хабарингиз бор. Ўша пайтда қаерда эдингиз?

- Ўзи аслида июн ойида уйлайман деб бувам тўйга чақирган эди мени. 2010 йил 13 июн куни тўйим бўлиши керак эди. 9 июн куни кечки пайт оилам билан “эртага бориб қўй оламиз” деб ният қилиб ўтирган эдик. 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси соат 2 ларда эди. Ўшанда уруш бошланиб кетди. Эртаси куни ота-оналарнинг ҳаммасини Дўстликка жўнатдик. У нарсаларни эсласангиз қийин бўлади ака. Родной акамнинг хотинининг уйи Черëмушкида. У ëниб кетган. 30 июн куни уйландим. Куëв бола бўлиб уч-тўрт кун юрдим. Мен исташаяпти экан. Менинг сочим узун эдида. “Сочи узун спортсмен бола экан. Йўғон бола экан. Ўша болани ушлаш керак” деганда мен қочиб чиқиб кетиб қолганман, дея эслайди эндиликда Россия шарафини жаҳон чемпионатларида ҳимоя қилаётган Дилшодбек Обиджонов.


Дилшодбек Обиджонов Озодликка тақдим этган видео.

Кикбокс бўйича ўшлик Жаҳон чемпиони улкан ютуқларга эришгани билан, кикбоксинг катта даромад келтирмаслиги ва шу сабабли қўшимча даромад излашга тўғри келишини айтади.

Озодлик: Билишимча, сиз Челябинск Агроуниверситетини ҳам битиргансиз.

- У ерда заочний. Тўғрисини айтсам ëрдам йўқ. Мен жаҳон чемпиони бўлиб Москвадаги ўзимнинг родной акам Фарҳод машина совға қилган. Мен такси қилиб юрибман. Ўрислар ҳам ҳайрон бўлаяпти. Телевизорда кўриб қолганлар, таниб қолганлар, энди бостириб кепка кийиб юрибман, “Сен жаҳон чемпиони бўлиб туриб такси қилаяпсанми? ”, дейди.

Озодлик: Демак, жаҳон чемпионлиги катта даромад келтирмаяпти эканда...

- Кикбоксинг олимпийский вид спорт бўлмагани учун спонсорлик қилинмаяпти. Бу ерда бой акахонлар жуда кўп. Ўшалардан бир-икки марта сўрасам “ана, мана”, деди. Шу билан йўқолиб кетди. Энди ғурур бор экан, ўзим ҳам сўрамай қўйдим, дейди Дилшод Обиджонов.

У ҳозир Челябинскдаги “Буревестник” спорт мактаби ва Челябинск давлат агроинженерия академияси номидан Фаригат Касимов мураббийлигида мусобақаларда қатнашиб келмоқда. Дилшод ҳозир Македонияда бўлиб ўтадиган кикбоксинг бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётганини, насиб қилса, ўта оғир вазнда чемпионлик камарини тақишни нияти борлигини айтди.

Маълум бўлишича, Россиянинг турли халқаро мусобақаларида Челябинск шаҳри шарафини бир гуруҳ ўшлик боксер йигитлар ҳам ҳимоя қилмоқда. Улар қаторида Ўш воқеаларидан кейин шаҳардан бир гуруҳ шогирдларини олиб чиққан ва ҳозирда Челябинскдаги “Чемпион” профессионал бокс клубида уларга бокс бўйича мураббийлик қилаётган Олимжон Абдуллаев ҳам бор.

У шогирдларини Қирғизистондан иккита эски “Жигули”да олиб чиққан. Шунга қарамасдан бокс бўйича охирги бешта халқаро беллашувларда унинг шогирдлари деярли барча совринли ўринлар ва кубокларни эгаллаган. Абдуллаев бошланишида жуда қийин бўлишига қарамасдан бугунги кунда улар Россия шароитига кўникиб қолганини айтади.

- Мен Андижонда Муҳаммадқодир Абдуллаев, Руслан Чагаевлар билан ўқидим. Қайтиб келиб икки маротаба Қирғизистон чемпиони бўлдим. Кейин 6 йилча тренер бўлиб ишладим. Ҳозир бу ерда тренерлик қиляпман. Бу ерда ҳаммаси ўзингизга боғлиқ экан: қанчалик натижа кўрсатсангиз, шунчалик яхши бўлар экан. Мана 20 кун олдин Санкт-Петербургда катта турнирга олиб борган учта уқувчимдан уччаласи ҳам биринчи ўринни олди. Свердловск вилоятидаги мусобақага олиб борган тўртта шогирдим барчаси призовой ўринни эгаллади. Қаерга борсак битта-иккита чемпион бўлиб келяпти,- дейди Олимжон Абдуллаев.

Ўшлик спортчиларни қабул қилиб, уларни уй-жой билан таъминлашда кўмаклашган “Чемпион” клуби катта мураббийси Юрий Кабулов ўзбек бокс мактаби ҳақиқатан дунёда энг кучлилардан эканини эътироф этади. “Дядя Юра” кочқин боксчиларга клубда бепул машқ қилиш имкониятини яратиб берди.

Ўз йигитлари билан спорт майдонига Қирғизистон байроғи остида тушаётганини гапирган Олимжон Абдуллаев яқин кунларда шогирдлари билан Ўшга бориб келиш ниятида эканиги маълум қилди.

“Мана 30 ёшимда 9 фарзанд отасига айландим”, дея ҳазиллашади Олимжон.

- Шахсан ўзим билан тўртта бола туради. Қолганлари билан 8 киши. Уларни мактабга ўқишга олиб кирганман- ўқиши ҳам керак-ку. ЎЗимни иккита болам билан 9 боланинг отаси бўлиб ҳатто ота-оналар мажлисларига ҳам боряпман. Мошинам бор, Оллоҳ беряпти. Ўзим емасам ҳам буларга едиряпман,- дейди бокс мураббийси Олимжон Абдуллаев.

Суҳбатимиз сўнггида Олимжон яқин келажакда Челябинскда Дилшод Обиджонов каби қатор жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига ишонишини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG