Линклар

logo-print

Наманганлик етти диндор қамалди


"Жиҳодчилик" Ўзбекистон расмийлари мусулмонларга қўяётган "янги" айбловлардан биридир.

"Жиҳодчилик" Ўзбекистон расмийлари мусулмонларга қўяётган "янги" айбловлардан биридир.

Наманган шаҳар жиноий ишлар бўйича суди ҳукмига кўра, 7 киши “Ислом жиҳодчилари” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, судланувчиларнинг барчаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244/2-моддаси (таъқиқланган ташкилотларга аъзолик) бўйича айбдор деб топилган.


Наманганнинг Норин туманида яшовчи Баҳодир Қуролов Наманган шаҳар жиноий ишлар бўйича суди томонидан 7 йиллик қамоқ жазога ҳукм қилинди.

Бир фарзанднинг отаси бўлган, 35 ёшли Баҳодир Қуролов жорий йилнинг феврал ойида “Ислом жиҳодчилари” диний оқимига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Баҳодирнинг тоғаси Иброҳим Қорёғдиевга кўра, жиянининг “Ислом жиҳодчилари” оқимига ҳеч қандай алоқаси йўқ. “Баҳодирнинг ягона айби намозхон бўлгани”, дейди Иброҳим Қорёғидев.

- Жияним муқаддам судланмаган. Бирор марта қонунни бузмаган. Намозхон, эътиқодли бўлган холос. Уни “номаъқул жойда, лицензияси бўлмаган, пули тўланмаган жойда намоз ўқигансан” деб ҳукм чиқариб, қамаб қўйишди. У билан судланган ҳамма бола шунақа. Бирортаси ҳам муқаддам судланмаган. Бирор марта 15 суткага ëки бўлмаса бирор нарсага лаëқатли жиноят содир этмаган. Шом бўлиб қолса демак ўша уйда шомни ўқишган. Шунинг учун жиноятчи бўлиб қолаяптида булар. Тўпланишиб, ошини ейишиб тарқалиш даврида намоз ўқишиб тарқалишган. Шунинг учун буларни ҳеч қаерда ҳеч гап йўқ тепиб, уриб, олиб боришиб кейин ваҳшийларча ҳукм чиқаришган,- дейди Иброҳим Қорёғдиев.

Наманган шаҳар жиноий ишлар судининг жорий йил 28 майдаги ҳукмига кўра, Баҳодир билан бирга судланган 40 ёшли Улуғбек Умаров 10 йил муддатга қамалди, Ғофиржон Каримов, ака-ука Носиржон ва Мансуржон Турғуновлар эса етти йилдан қамоқ жазоси олди. Шунингдек, Мақсаджон Рўзибоев олти йил, Баҳодир Парпиев 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Иброҳим Қорёғдиев даъво қилишича, жияни ва у билан бирга судланган бошқа олти йигитга нисбатан ҳам тергов жараёнида қийноқ қўлланилган.

- Судда бизни чақирмасдан, адвокатимизни айтмасдан, бизни ҳам огоҳлантирмасдан фақатгина ëлланма гувоҳларни турманинг ичидан топиб суд қилишди. Ташқаридан бу еттита боланинг жиноятини исботловчи бирорта далил бўлмаган. Ҳеч қанақа жинояти йўқ болаларни олиб кириб 15 суткага қамаб, уриб, тепиб, бир-бирига қарши кўрсатмалар бердириб, умуман танимайдиган болаларга қарши кўрсатмалар, ўзининг тоғасига ҳам қарши кўрсатмалар беришга мажбур қилишиб, шунақа қилишдида. Ўта ваҳшийларча бўлиб кетди. Давлат томонидан бўлаяптида энди. Давлат деймиз энди. Иложимиз йўқ. Ўзимизнинг давлатимизга шу керак экан, вақт тақозо бўлаяптими шу болалар нобуд бўлиб кетаяпти,- деди Иброҳим Қорёғдиев.

Наманганлик етти диндор билан боғлиқ маҳкамани ўрганган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, судланувчиларга нисбатан жиноий ишлар сохталаштирилган бўлиб, тергов ва маҳкама жараёнларида қонунбузарлик ҳолатлари кузатилган.

- Етти намозхон ислом жиҳодчилари оқимига айбланган. Аммо уларнинг бу оқимга ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Суд жараëнида ҳам булар ўзининг исботини топмаган. Қўлга олинганда, феврал ойида ҳар бири қаттиқ қийноқларга тутилган. Тергов пайтида ҳам адвиокатларнинг гапи бўйича деярли ҳаммаси қийноққа учратилган. Уларни сўров проктоколига қўл қўйиш, фотосуратлар уларга кўрсатган, танимаган одами бўлса ҳам “танидим, мана шу бўлади” деб мана шунақа қийноқлар натижасида кўрсатма олинган. Адвокатлардан мен сўрасам, айтаяптики, ҳаммаси уюштирилган, қалбакилаштирилган жиноят иши. Ҳеч қанақа айби йўқ судланувчиларнинг. Қандайдир бир буюртма келган дейишди,- дейди Суръат Икромов.

Намангандаги ҳуқуқ тартибот идораларидан етти диндор билан боғлиқ маҳкама ва уларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақидаги даъволар борасида бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарлардан туриб, мамлакатда қийноқларнинг систематик эканини инкор этиб келмоқда. Тошкент расмийларига кўра¸ Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида қийноқ билан боғлиқ алоҳида олинган ҳолатларгина бўлиши мумкин, холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG