Линклар

logo-print

16 июн куни Қирғизистон парламентининг июн воқеаларини текширган депутатлик комиссияси иши ҳақидаги қарори ёйинланди.

А4 форматидаги 7 қоғозга жо бўлган парламент қарорида дастлаб “2010 йилнинг июн ойида содир бўлган миллатлараро тўқнашув чоғида Қирғиз Республикасида геноцид, ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар бўлмаган”и қайд этилади.

Бу билан Қирғизистон парламенти Июн воқеаларини ўрганиш бўйича халқаро комиссия хулосасини қабул қилмаслигини яна бир бор таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, Киммо Килюнен бошчилигидаги мазкур халқаро комиссия шу йил май ойида эълон қилган ўз хулосасида Қирғизистон жанубида инсониятга қарши жиноятлар содир этилганини қайд этганди. Бу хулосадан норози бўлган қирғиз депутатлари Киммо Килюненни Қирғизистонда номақбул шахс деб эълон қилгандилар.

Парламент қарорида апрел ва июн воқеалари учун мамлакат собиқ президенти Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинлари сиёсий жиҳатдан жавобгар эканлиги урғуланади. Шунингдек, қарорда июн воқеалари учун Муваққат ҳукумат ва бакиевчилар ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мамлакат Бош прокуратурасига юклатилади.

Аснода парламент қарорида 2010 йил май-июн ойларида Ўш шаҳри, Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган фожиавий воқеаларнинг асосий ташкилотлари ва айбдорлари сифатида ўзбек лидерлари номлари келтирилади. Хусусан, қарорда Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Жалолиддин Салоҳиддинов, Кароматхон Абдуллаева, Озодбек Кароматов, Муҳаммадрасул Абоқжонов, Халилжон Худойбердиев (ЎшТВ), Жавлонбек Мирзахўжаев (МезонТВ), Улуғбек Абдусаломов, Азамжон Акбаров “миллатчилик ва айирмачилик ҳаракатларига алоқадор” шахслар сифатида тилга олинади.

Юқорида номлари келтирилган шахсларни ўтган йилги қонли воқеаларда “айбдор деб ҳисоблансин” дея қарор чиқараётган қонун чиқарувчи орган бўлмиш парламент бу ўринда суд ҳокимияти органлари ваколатларини ўзлаштириб олгандай кўринади. Ваҳоланки, парламент қарорида қайд этилган кишилар ҳали суд томонидан айбдор деб топилмаган ва улар иши бўйича суд номаълум муддатга қолдирилган. Боз устига, июн қирғини бўйича аввалроқ ўз хулосаларини эълон қилган Қирғизистон миллий комиссияси ҳам, Халқаро комиссия ҳам парламент комиссиясидан фарқли ўлароқ ўзбек лидерлари сепаратизмга чақиргани юзасидан фактлар тасдиқланмаганини эълон қилгандилар.

Парламент қарорида Бош прокуратурага ўтган йилнинг апрел, май ва июн воқеалари бўйича Бакиев ҳукуматида ишлаган собиқ раҳбарлар, шунингдек, мамлакат жанубидаги қатор вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш вазифаси юклатилади. Бироқ бунда Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов ва Ўш вилояти губернатори Сўўрўнбай Жээнбековнинг ижобий йўналишдаги ҳатти-ҳаракатлари эътиборга олиниши лозимлиги таъкидланади.

Парламент хулосасида Қирғизистон маданият ва ахборот вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратурасига мамлакат жанубида ахборот майдонига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда “Фарғона.ру” сайтини республика ҳудудида “блокировка қилиш бўйича чоралар кўриш” топширилади.

Мазкур қарор 120 ўринли Қирғизистон парламентида 95 депутат томонидан ёқлаганлар. Қарорни бажариш учун эса 3 ой муддат берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG